ЗИЁКОР АЁЛ


Китобга ошнолик Муножот Қодированинг бир умрлик севимли машғулоти, ҳаёт мазмуни бўлиб келмоқда. Мактабга илк қадам қўйган кезларида алифбе сеҳрига боғланган, кейинчалик ҳарфларни бир-бирига уриштириш, мурғак тасаввурида уни қуршаб олган чексиз олам ифодасини ҳис этган қизалоқ бора-бора китоблар дунёсига шайдо бўлиб қолди. Мактабда энг кўп китоб мутолаа қиладиган ўқувчиларнинг бири-мана шу - ҳозирда Наманган вилоят ахборот-ресурс марказининг китобхонларга хизмат кўрсатиш бўлими мудири вазифасида меҳнат қилаётган Муножот Қодировадир.

Мен Муножотнинг бир инсонга хос бўлган таржимаи ҳолини журналист сифатида синчковлик билан ўқийман. Келтирилган рақамлар, маълумотлар замирида замондош аёлнинг умр йўлларини, орзу-армонларини, ҳаётнинг паст-баландларини илғаб олишга ҳаракат қиламан. Одатда расмий ҳужжатларда бу ҳақда ёзилмайди, саналар, эришган ютуқлари, олган мукофотлари, партиявийлиги, ибратли ишлари. Йўқ, мен бу аёлни китоблар оламида яшаётган, иши, ташвиши, мақсадлари, ўй-фикрлари китоб бўлган аёл сифатида тасаввур қилишга интилдим.

Лозим бўлса ёзақолай: у 1963 йилда Норин туманидаги Тўда қишлоғида туғилган. Дастлаб тумандаги 22-мактабда, кейин тақдир тақозоси билан Андижон вилояти, Жалолқудуқ туманидаги 33-мактабда, сўнг яна Норин туманидаги 3-мактабда ўқиди. Мактабни аъло баҳоларга битириб, Тошкент Давлат Маданият Институтининг "Кутубхонашунослик" факультетига ўқишга кирди.

Институтни тамомлаб, ҳамма қизлар қатори турмушга чиқди, фарзандли бўлди. Қизи Дилором ҳамшира, оилали, 3 нафар фарзанд онаси. Ўғли Алишер Наманган шаҳар Муҳандислик технологиялари институти кимё технология факултетининг 3-босқич талабаси.

Лавҳамиз қаҳрамони кутубхонашуносликка ўқиш билан бир вақтда Норин туманидаги марказий кутубхонада етакчи мутахассис, мудири лавозимларида 2010 йилгача фаолият кўрсатди. 2011 йилдан буён Наманган шаҳрида яшаб, вилоят ахборот-ресурс марказининг Ахборот-библиография ва ўлкашунослик бўлими ҳамда Илмий-методика бўлимида мудир лавозимида ишлади. 2014 йилдан эса ўрта ва катта ёшдаги мактаб ўқувчиларига хизмат кўрсатиш бўлимида бўлимни бошқармоқда.

Муножотнинг бу касбни танлашига китобга бўлган қизиқиш сабаб бўлганди, мана, орадан шунча йиллар ўтса ҳам бу ҳавас ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Дарвоқе, баъзилар кутубхонашунослик ишини шунчаки китобхонларни дафтарга қайд қилиш, адабиётларни тақдим этиш ва қабул қилишдан иборат деб ўйлайди. Асло ундай эмас. Кутубхона-зиё маскани, бу жойга турли ёшдаги инсонлар илм излаб, маънавий эҳтиёжларига мос илмий, адабий, сиёсий адабиётларни қидириб келади. Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган даврда ўқувчиларнинг китобга, янгиликка бўлган қизиқиши яна ҳам ортди. Уларнинг талабларини қондириш, кутубхона фондини доимий равишда бойитиб бориш, ташриф буюрганларга уларнинг талабига мос адабиётни тақдим этиш, улардан китоб ҳақида фикр сўраш, турли тадбирларга жалб этиш, китобхонлик конференциялари, турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, тарғибот ишларини олиб бориш, ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, интернет кутубхона, дарслик ва бошқа янгиликлар ҳаётдан чуқур ўрин олаётган пайтда китобга бўлган меҳнат сақлаб қолиш, ота-оналар, ёшларни китоб ўқиш бахтидан баҳраманд этиш, мутолаа афзаллигига ишонтириш осон иш эмас. Зар қадрини заргар билади. Муножот ўқувчиларни китобни севишга, уларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга, инсонийлик, ўзликни анг­лаш каби туйғуларни шакллантиришни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўйган. Эзгу мақсад унга қанот бўлди, ижодга, изланишга чорлади. Интилганга толе ёр. Меҳнати зое кетмади: 2012 йилда 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан ахборот-ресурс маркази ходимлари ўртасида ўтказилган "Оқила аёл" кўрик танловида "Энг зукко аёл" наминацияси бўйича ғолиб бўлди. Бу унинг илк ютуқларидан бири эди.

Мустақиллик ҳар бир фуқаро учун ҳам имконият эшикларини кенг очди. Истиқлол байрамига бағишлаб анъанавий тарзда ўтказилаётган адабиёт, санъат, маданият, спорт йўналишидаги кўрик-танловлар юртдошларимизнинг иқтидори ва салоҳиятини юзага чиқармоқда. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан ташкил этилган "Энг улуғ, энг азиз" танловида фахрли ўринга сазовар бўлгани унинг кўп йиллик самарали меҳнати, касбий маҳорати, топшириқларни чин дилдан бажариб, жамоат ишларида фаоллиги натижаси бўлди.

2014 йилда Қарши шаҳрида бўлиб ўтган "Интернет ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фан, таълим, маданият ва бизнес сохаларидан фойдаланиш" мавзусидаги ўтказилган 8-халқаро конференцияда вилоятдан вакил сифатида иштирок этиб, соҳани ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни намойиш этди. Халқаро тажрибаларни ўрганиб, ке­йинчалик уни ўз фаолиятида самарали қўллади. Изланишлар ўз сўзини айтди: 2015 йилда "Оқила аёл" Республика кўрик танловида 1-ўринни эгаллаб, яна бир бор "Энг оқила аёл" наминацияси совриндорига айланди.

Ютуқлар ўз-ўзидан келмайди. Юзлаб малакали мутахассислар орасида биринчи бўлиш, Республикада "Энг оқила аёл" деган номга эришиш-узоқ йиллар давомида тинмай олиб борилган илмий-ижодий изланишлар, китобларни ўқиб-ўрганиш, ўзининг энг намунали жиҳатларини такомиллаштириш, устозлардан ўрганиш ва ниҳоят аёлларга хос ирода, зайраклик, тиниб-тинчимаслик самараси бўлди. 2016 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган "Интернет ва ахборот-кутубхона ресурсларидан фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларидан фойдаланиш" мавзусидаги 10-Ўрта Осиё халқаро конференциясида иштирок этиши ҳам унга билдирилган юксак ишонч намунаси эди.

Муножот Қодирова "Соғлом она ва бола йили" давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш юзасидан Республика илмий-педагогика кутубхонаси томонидан "Ўқувчи ёшларни китоб ўқишга жалб этишнинг инноватцион усуллари" мавзусида Республика семинар-тренингда иштирок этиб, вилоятда бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, тўпланган тажриба ва ютуқларни оммалаштириш мақсадида туркум реклама роликларни яратди ва уларни бош­қа вилоятлар ахборот-ресурс марказларига намойиш этиш орқали ўзаро тажриба алмашди.

Бугунги аёл - давлат ва жамоат арбоби, сиёсатчи, олима, тадбиркор, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар тар­ғиботчиси, етакчи мутахассис, инновацион ғоялар ташаббускори, қўйингчи, жамиятда нуфузли ўрин эгаси. Муножат ҳам жамиятнинг сиёсий тузилмаларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шу боис давлат ва жамият ишларидаги фаоллиги, айниқса, вилоят хотин-қизларини Ўзбекистон "Адолат" социал демократик партияси ва унинг "Аёллар қаноти" кенгаши атрофида жипслаштиришга қўшган ҳиссаси учун бир неча бор фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланган.

Ҳаётда кўп ютуқларга эришган аёлнинг меҳнат фаолияти 35 йилдан ортди. Устозлари Нодирахон Муратова, Исматилла Ёкубжанов, Холисхон Абдиқаҳҳаровалардан ҳамон сабоқ олади. Ахборот-ресурс маркази фаолиятини ривожлантириш, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар, давра сухбатлари, семенар тренинглар, конференциялар, кўрик танловлар ўтказишда ҳам ҳамиша ташаббускор, жонкуяр ходим сифатида ўзини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев томонидан 2017 йил 12-январда қабул қилинган "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Фармойишига асосан марказда "Энг яхши китобхон оила", "Энг яхши китобхон ўқувчи", "Бир фарзанд­га уч китоб" акцияси ҳамда "Китобим - офтобим" ҳафталиги, маҳаллий ёзувчи ва шоирлар томонидан янги чоп этилган китоблари юзасидан "Китоб тақдимотлари" каби мавзулардаги тадбирларни ташкил этиш ва мунтазам ўтказиб борилишини таъминлашда ҳам Муножат Қодированинг хизматлари катта бўлмоқда.

Китоб орзуларига қанот бахш этган аёл айни кунларда ёшларга китоб танлашда яқин маслаҳатчи, ёш китобхонларнинг самимий дўсти, уларнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришда доимий кўмакчи. Бу иш унга фахр бағишлайди, куч-ғайрат ато этади. "Ёшларни китобхонликка ўргатсак, - дейди у биз билан суҳбатда камтарлик билан, - улар қалбида китоб­ларга меҳр уйғотсак, ўғил-қизларимиз ҳаёт йўлларини ўзлари топиб олишади. Чунки, китоб ҳеч қачон алдамайди, энг доно устоз ҳам китобдир. Мен бунга ўз ҳаётим давомида кўп марта амин бўлдим".

Бу - унинг иқрори, ҳаёт йўли мазмуни.

Дилбар Ҳайдарова

Мавзуга оид

  1. АЁЛ, ОНА, МУАЛЛИМА...

    Мўътабар оналаримиз, гўзаллик ва нафосат тимсоли бўлган опа-сингилларимиз орасида аёл деган улуғ зот шарафини эъзозлаб келаётганлар кўп. Учқўрғон туманидаги 36-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳарой Ўрозова ҳам ана шундай эътирофга лойиқ устозлардан бири.

    2017-05-24 17:37:51701