Замон билан ҳамнафас


Матбуот - давр кўзгуси. Шундай экан, журналист ҳамиша бир қадам олдинда юриши, эл-юртига муносиб маслакдош бўла олиши, замондошларни янги марралар сари чорлаши, жамиятни иллатлардан асраши лозим. Зиммамизда улуғ масъулият бор: Касб байрамимиз муносабати билан муҳтарам Юртбошимиз биз матбуот аҳлига табрик йўллаганларида ҳар йили мамлакатимиз, халқимиз тақдирига даҳлдор мақолалар, асарлар ёзиш вазифасини белгилаб беришлари ҳам бежиз эмас. Жамиятдаги, ижтимоий ҳаётдаги ютуқ ва камчиликлар журналист қалб призмасидан ўтиб туради. Муваффақиятлардан шодланиб, камчиликларни бартараф этиш учун ҳамюртларимизни сергакликка ундаймиз. Айтар сўзимиз миллат тараққиётига, жамиятимиз ривожига хизмат қилиши учун интилаверамиз.

"Мураббий" мустақилликка тенгдош газета, унинг нашр этила бошлаганига буй ил 24 йил тўлади. Шу кунгача 700 га яқин сони муштарийлар қўлига етиб борди. 24 йилдирки, устоз-мураббийлар билан ҳамкорликда ишламоқдамиз. Уларнинг йиллар давомидаги меҳри, эътирофи боис ижодий ходимлар улар томон интиладилар, ҳар сафар янги қаҳрамонлар қидирадилар. Ҳар бир ташаббуснинг қаноти бўлгани каби муштарий ташаббуси, таклифи қаҳрамон ва ижодкорни учраштиради.

Айтиш жоизки, ҳозирда мамлакатимиз миллий таълими янги босқичга қадам қўйди. Билим масканлари дунё стандартлари асосида қайта таъмирланиб, мутлақо янги қиёфага эга бўлди ва узлуксиз таълим тизими тўлиқ шакллантирилди. Эндиги асосий мақсад - таълим мазмунини бойитиш,  сифат жиҳатидан уни юксалтиришдан иборатдир.

Таълим тизимидаги ислохотлар айнан умумталим мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлашдан бошландики, бу босқичма-бос­қичлик тамойилига хос ва мослиги билан халқаро миқёсда ҳам юксак баҳоланмоқда.

Билим, одоб бобида тенги йўқ ўқувчи-талабаларимизга таълим-тарбия беришдек улуғ ишга бутун борлиғини сафарбар этган, ўз истеъдоди ва маҳоратини, кўз нури ва қувватини бахш этиб меҳнат қилаётган устоз-мураббийлар, Сиз ҳақингизда ёзиб, Сизларга минбар бериб биз ҳам чарчамаймиз. Сизлар билан доимо камарбастамиз!

Газета мазмун-моҳияти, нуқтаи-назари билан узтозлар минбари, биз уларни гоҳ лавҳа, гоҳ очеркларимизда, ҳар бир хабар, мақолаларимизда иншо этамиз.

"Қарор ва ижро", "Фан ойлиги", "Жараён", "Мактабгача таълим", "Мактаблардан хабарлар", "2015 йил - Кексаларни эъзозлаш йили", "Қизлар гулдастаси", "Таълим фидоийлари" сингари рукнлари остидаги мақолалар, очерклар ҳам мураббий-устозлар ҳаётини, меҳнатини тараннум қилади.

Таҳририят ижодий жамоасида кўп йиллардан бери фаолият олиб бораётган ижодкорлар ёнига янги номлар қўшилаётгани қувонарлидир. Саида Нуриддинова, Оқилхон Дадабоев, Муяссар Абдуллаева, Носир Аббос, Шаҳзода Акбарова, Дил Афрўз сингари қаламкашларнинг бот-бот чиқишларига ўзингиз ҳам гувоҳсиз.

Сурат - газетанинг юзи. Мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислохотларни кўз-кўзлаб, намойиш қилишда ўз ҳиссаларини қўшиб келаётган Абдумутал Маткаримов, Акрамжон Акбаров, Турғунбек Маҳкамов, Ҳамдамжон Мамадалиев сингари фотомухбирлар меҳнатидан чексиз миннатдормиз.

Таҳририят билан камарбасталик қилаётган вилоятимиз ўқитувчиларига, энг кўп обуна уюштираётган мактабларга, хусусан, Норин туманидаги 16, Уйчи туманидаги 18, Учқўрғон туманидаги 9-умумтаълим мактабларига ташаккур билдирамиз.

Муштарийларимиз зиёлилар бўлгани боис улар билан ишлаш янада мароқли. Наманган шаҳри, Янгиқўрғон, Норин, Чортоқ, Тўрақўрғон, Уйчи туманлари ХТМФМТТЭ бўлимларига яна отни қамчилаётган туман мураббийларига ғайрат-шижоат, сиҳат-саломатлик тилаймиз.

"Мураббий"ни ўзига дўст тутган қадр­дон устозлар касбимиз талаби билан инсон қадри улуғ бўлган мамлакатимизда халқ фаровонлиги, таълим ислохотлари жараёнини холис туриб ёритишда сиз билан тез-тез учрашаверайлик.

Айни кунларда матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни мамлакатимизда тантанали нишонланмоқда.

Азиз ҳамкасблар, байрамингиз муборак бўлсин!

Мавзуга оид

  1. Ҳаёт билан ҳамнафас

    Замон шиддат билан ўзгармоқда. Ахборотга бўлган талаб ортяпти. Биз янгиликлар оламида, глобал муаммолар, турли қарашлар ўртасида зиддият кескинлашган, мафкуравий кураш авж олган даврда яшамоқдамиз.

    2017-07-07 09:48:24555
  1. КИТОБ БИЛАН ДЎСТЛАШИБ

    Болаларнинг китобга қизиқишлари , айниқса, она тили ва адабиёт фанларида сезилмоқда. Уларнинг сўз бойлиги ортиб, оғзаки нутқи яхши ривожланмоқда. Матн ва ҳикояларни бадиий ифодалаб беришмоқда. Энг муҳими, китобдан олам-олам завқ олиб, дунёқараши кенгаймоқда.

    2017-04-11 13:51:27617