Ёзги таътил қандай ўтяпти?


Бу саволимизга Норин туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари сира иккиланмай "жуда мароқли", дея жавоб беришди. Билим маскани қошида ташкил этилган кундузги оромгоҳда ҳордиқ чиқариб, турли ижодий ва спорт тўгаракларида ўз қобилият ва истеъдодларини чархлаётган бу ўқувчилар дарҳақиқат, яйраб-яшнаб дам олаётганликларини юз-кўзларидан уфураётган қувонч ва шодлик ифодалари яққол тасдиқлаб турарди.

Соя-салқин, озода ва баҳаво мактаб ҳовлиси жуда гавжум. Кўкка бўй чўзган манзарали ва мевали дарахтлар қуршовидаги, болажонларни ёз тафтидан асраб, мўътадил иқлим яратиб берадиган бу жой оромгоҳ учун бежиз мўлжалланмаган экан, дея дилдан ўтказиб, дам олаётганларни суҳбатга тортамиз.

Дилдора Юсупжонова шу мактабнинг 5-синфида ўқир экан. Расм чизишга бўлган қизиқиш уни оромгоҳ қошида ташкил этилган "Тасвирий санъат" тўгарагига аъзо бўлишга ундабди.

- Тўгарак раҳбаримиз Маҳлиё опа Холматова ёрдамида табиат манзаралари, қишлоғимиз кўринишларини чизяпман, - дейди Дилдора. - Бундан ташқари спортга ҳам қизиқаман. Ҳар куни турли мусобақалар, беллашувлар ўтказиляпти. Бу ерда қўшни 19- ва 21-мактаблардан ҳам тенгдошларимиз дам олишяпти. Мен ана шу мактабда ўқийдиган Заҳро ва Насиба билан дўстлашиб олдим.

- 100 нафар ўқувчи бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишлари учун барча шарт-шароит яратилган, - дея изоҳ беради оромгоҳ директори Роҳатхон Жўраева.- Эрталаб соат 8дан соат 14гача ўтадиган вақт оралиғида ўқувчиларимизни зериктирмаслик, билимларини бойитиш мақсадида режалаштирилган маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилмоқда. Болажонларни тўйимли таомлар билан ов­қатлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Таомномага 30 хил маҳсулот киритилган.

Мазкур тумандаги 16, 25, 40 ва 42-умумий ўрта таълим мактаблари қошида фаолият юритаётган кундузги оромгоҳларда яратилган шароитлардан нафақат ўқувчилар, балки ота-оналар ҳам мамнун.

- Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ташкил этиш ва уларни соғ­ломлаштириш мақсадида 500 нафар ўғил-қиз кундузги оромгоҳларга жалб этилди, - дейди ХТМФМТТЭ туман бўлими мутахассиси Ҳайдарали Нишонов. - Бу борада туман ҳокимлиги, соғлиқни сақлаш бўлими, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва "Камолот" ЁИҲ туман кенгаши фаоллари билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Наманган шаҳридаги 37-умумий ўрта таълим мактаби қошида очилган кундузги оромгоҳ фаолияти ҳам билан танишдик. Вилоят марказидаги энг намунали билим маскани ўқитувчи-тарбиячилари етакчилигида ҳордиқ олаётган ўқувчилар руҳиятидаги тетиклик, кўтаринки кайфиятдан ҳам аёнки, бу ер болажонларга жума манзур.

- Биз ўз мактабимиз қошидаги оромгоҳни танлаб адашмаган эканмиз. Дам олиш билан бирига инглиз тилини ўрганяпман, - дея таассуротларини ўртоқлашади 5-синф ўқувчиси Мафтуна Қаюмова.- Ўқитувчиларимиз бошчиликларида шаҳримизнинг тарихий масканлари билан танишдик. Жонли табиатга саёҳатлар уюштириляпти. Мактабимиз қўғирчоқ театрида намойиш этилдаётган қувноқ томошалар ҳам бизга жуда ёқяпти.

Шу кунларда ана шундай саъй-ҳаракатни вилоятнинг барча туманларида кўриш мумкин. Чунки, бу йил Наманганда Халқ таълими вазирлигининг 2015 йил 23 майдаги 158-сонли "2015 йилги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги буйруғига биноан ўқувчиларнинг ёзги таътилини юқори савияда мазмунли ҳамда мароқли ташкил этишга жиддий эътиболр қаратилди. Вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ёзги соғломлаштириш мавсумини ташкил этишни мувофиқлаштириш гуруҳи томонидан белгиланган чора-тадбирлар асосида касаба уюшмалари ташкилотлари билан ҳамкорликда мавжуд оромгоҳларда катта кўламдаги таъмирлаш-ободонлаштириш юмушлари бажарилди. Мактаблар қошида очиладиган 99 та, мунтазам ишлайдиган 9 та оромгоҳ зарур мебель ва моддий-техник жиҳозлар билан таъминланди. Малакали тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари яратилди.

Бу йил вилоятдаги мавжуд оромгоҳларда 16 минг нафардан зиёд ўғил-қиз саломатликларини мустаҳкамлаб, ҳордиқ чиқаришлари режалаштирилган. Уларнинг 720 нафари сўлим ва хушманзара Чодак қишлоғидаги "Офтобча" оромгоҳида дам оладилар. Айни кунларда эса 180 нафар бола "Офтобча"да яйраяпти.

Амалдаги йилда Намангандаги замонавий болалар оромгоҳлари сони яна биттага ортди. Норин туманининг Андижон билан чегарадош эски Ҳаққулобод мавзеида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ҳисобидан 11 миллиард сўм сарф­ланиб, "Норин" номли болалар оромгоҳи қуриб битказилди. Энг замонавий қурилиш-дизайн маҳсулотлари ишлатилган, барча зарур шарт-шароит ва қулайликлар муҳайё этилган янги оромгоҳ 4 сменада 800 нафардан зиёд ўқувчининг саломатлигини мустаҳкамлаш, таътил кунларини мароқли ўтказишлари учун фойдаланишга топширилди.

- Ҳар бир хона, гуруҳ ва ётоқхоналар "Ёз-қиш" усулида ишлайдиган кондиционерлар, юмшоқ мебеллар, бошқа керакли жиҳозлар билан тўлиқ таъминланган, - дейджи оромгоҳ директори Дилмурод Хожиев. - Бундан ташқари очиқ сув ҳавзаси, фавворалар, ўйин аттракционлари болажонларга жуда маъқул тушди. Биринчи мавсумда дам олаётган 200 нафар ўғил-қизларимизнинг кайфиятлари аъло. Улар учун 14 та турли ижодий тўгарак ва 5 та спорт секцияси мунтазам ишлаб иурибди.

Мухтасар айтганда, вилоятда ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ва мароқли ташкил этиш учун белгиланган чора-тадбирлар ўз ижобий натижасини беряпти.

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. НАМУНАЛИ ДАРС ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

    Бу саволга Тўрақўрғон туманидаги 32-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Муқаддам Азизованинг 3-"В" синфда ўтган дарси мисолида жавоб берсак. Муаллима дастлаб олдинги дарсда ўтилган мавзуни мустаҳкамлаш мақсадида ўқувчиларга бир неча саволлар бериб, жавоблар олди.

    2017-03-15 16:52:29798
  1. ТАЪТИЛ МАРОҚЛИ ЎТДИ

    Наманган туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби энг йирик тъаълим муассасаларидан. Илм даргоҳида 1343 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.

    2017-01-31 11:14:23629
  1. ҲАМ МАРОҚЛИ, ҲАМ МАЗМУНЛИ ёзги ҳордиқ палласи ўқувчилар учун ана шундай ўтади

    Дарҳақиқат, бу йилги ёзги таътил 17250 нафар наманганлик ўқувчи учун жуда мароқли ва мазмунли ўтадиган бўлди. Чунки, улар янги ўқув йилида янги билимларни ўзлаштириш учун зарур куч-қувватни вилоятнинг энг соя-салқин гўшаларида жойлашган дам олиш оромгоҳларида йиғадилар.

    2017-06-07 12:02:17728