ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР - КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР


Ёшлар - келажак пойдевори. Бу таянч мустаҳкам бўлса, истиқболга ишонч ортади. Халқимиз азалдан болапавар, фарзандини ўзидан кўп ўйлайди. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги янгиланиш ва ўзгаришлар, ислоҳотлардан кўзланган мақсад-аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўлиб, бу эзгу ният ўзагини ёшлар манфаатлари ташкил этади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар самарадорлигини ошириш, муаммоларни жойида ўрганиш ва ҳал этиш, қишлоқлар инфра­тузилмасини юксалтириш омили ҳисобланган тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, аҳолига ҳуқуқий маслаҳат, амалий ёрдам, молиявий кўмак беришни ташкил этиш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли тадбирлар олиб борилмоқда.

Наманган туманидаги футбол       ў­йин­­гоҳида ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳолининг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган "Ҳарбий ватанпарварлик куни" ўтказилди. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти, вилоят ИИБ тизимларидаги соҳавий хизматлар ҳамкорлигида ташкил этилган тарбирда ёшлар, давлат идоралари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозаров Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, вилоятимиз ёшларига берилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида сўз юритди. Таъкидланганидек, ишчи гуруҳи ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ўрганиш жараёнида умумий ўрта ва мактабгача таълим муассасаларида яратилган шароитлар билан ҳам яқиндан танишмоқдалар. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига хизмат қиладиган очиқ мулоқот, савол-жавоб, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбир ҳам ёшларда ҳарбий ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Майдонда дастлаб "Ватанпарвар" ташкилоти курсантлари спортнинг техник ва амалий турларидан маҳоратини намойиш этишди. Республика Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлигининг махсус вазифаларни бажарувчи жанговар гуруҳлари уюшган жиноятчиликка қарши кураш, хавфли жиноятчиларни қуролсизлантириш ва қўлга олиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши олдини олиш каби мураккаб вазиятларни ўқув машқи орқали кўрсатиб бердилар. Вилоят ИИБ кинология хизмати ходимларининг гиёҳванд моддаларни излаб топиш, сапёрларнинг портловчи қурилмаларни аниқлаш ва масофадан робот ёрдамида зарарсизлантириш бўйича жанговар тайёргарлик намойиши ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳам матонат намунасини кўрсатдилар.

- Бу тадбирга бир гуруҳ ўқувчилар билан бирга ташриф буюрдик. - дейди 19-мактаб директори Раъно Рўзиева. - Ўсмирларнинг аксарияти ҳарбий соҳага қизиқади. Уларнинг юз-кўзларида ҳайрат ва ҳавас ифодасини кўриб, орзулари сари яна бир қадам қўйганларига ишондим. Ахир, барча улуғ ишлар эзгу мақсаддан бошланади. +олаверса, бугун таълим-тарбияга жиддий эътибор берилаётгани, тўгараклар фаолияти, турли мавзулар юзасидан ўтказилаётган суҳбат ва учрашувлар ёшларни билим ва касб-ҳунарга йўналтириш, мактабни аниқ мақсад, режа, муайян кўникма ва ютуқлар билан битиришга ундамоқда. Ватанпарварлик мавзусида ўтказилаётган бу тадбир ёшлар орзусига қанот бағишлайди.

Тадбир иштирокчиларига вилоят санъат усталари ва ёш ижрочилари тақдим этган концерт дастури ватанпарварлик мавзусида бўлди.

Туман маданият ва аҳоли дам олиш масканида вилоят халқ таълими бошқармаси ташкил этган "Тўгараклар ярмаркаси", китоблар кўргазмаси, Республика Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари Агентлиги Наманган вилоят бош­қармасининг ҳуқуқий тарғибот акция­си, бўш иш ўринлари ярмаркаси, соғлиқни сақлаш бошқармаси ўтказган "Саломатлик кунлари" тадбирларида иштирокчилар таълим тизимидаги ўзгаришлар билан танишиш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш, ишга жойлашиш, малакали шифокорлар кўригидан ўтиш, муолажа белгилаш, тадбиркорлик фаолияти, уй-жой, мол-мулкка эгалик қилиш ва бошқа масалалар юзасидан маслаҳат ва амалий ёрдам олдилар.

- Давлат хизматлари агентлигига тушаётган ариза ёки мурожаатлардан аҳолининг ҳуқуқий маданияти ошаётганини кузатиш мумкин. - дейди биз билан суҳбатда агентлик етакчи мутахассиси Илҳомжон Азизов. - Жамиятда тадбиркорлик ривожлангани са­йин ҳуқуқий муносабатлар ҳам кенгаймоқда. Бундай вазиятда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳудудларда ўтаётган оммавий тадбирларда тарғибот ишлари мунтазам йўлга қўйилган.

"Тўгараклар ярмаркаси"дан миллий ҳунармандчилик, фан, маданият ва спорт соҳаларида ўқувчилар эришаётган ютуқлар жой олди. Вилоят АРМ ташкил этган китоблар кўргазмаси ўзбек ва жаҳон адабиёти, қардош халқлар маънавияти дурдоналарини ҳавола этди. Таниқли ижодкорлар билан адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари ўтказилди.

Тадбирда давлат бошқаруви органлари, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда меҳнат қилаётган мутасадди раҳбар ва малакали мутахассислар томонидан аҳолига кўрсатилган хизматлар "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" деган ҳақли талабнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, вилоят ХТБ бошлиғи Ваҳобжон Ражаповлар иштирок этишди.

Абдусаттор Ботиров

Мавзуга оид

  1. АДАБИЁТГА ЭЪТИБОР

    Жумладан, жорий йил март ойида "Мураббий" газетасида "Ахборот хавсизлиги: муаммо ва ечимлар" мавзусида вертуал кўрик-танлов эълон қилинган эди. 

    2017-05-11 09:48:50340
 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031