ЁШЛАР - МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ


Наманган шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида "Ёшлар - миллат келажаги" мавзусида ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Фан ойлиги доирасида ташкил этилган семинар Президентимиз ташаббусларига кўра ўқувчиларнинг маънавият, маданият ва санъат, китобхонлик, спорт бўйича қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, ижодий тўгараклар фаолиятини кенгайтириш, эстетик йўналишдаги машғулотлар самарадорлигини ошириш юзасидан таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни тарғиб қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил этилди.

Семинар иштирокчилари бош­лан­ғич синфларда Насиба Раҳимова, Илҳомжон Шомирбоев, Умида Шерғозиева, Гулмира Ваҳобова, Муниса Бойматова, юқори синфларда Манзура Долиева, Абдулазиз Умарбоев, Феруза Каримова, Наима Дадахонова, Робия Қодирова, Зулайҳо Набиеваларнинг ўқиш, инглиз тили, расм, меҳнат таълими, мусиқа, адабиёт фанларидан ўтказган очиқ дарсларини кузатдилар. Шунингдек, Муҳайё Эгамбердиеванинг тикувчилик, Юнусхон Дадабоевнинг чилангарликдан тўгарак машғулотлари ҳамда қувноқ стартлар, стол тенниси, бадминтон спорт турлари бўйича беллашувларга гувоҳ бўлдилар.

Айниқса, 5 "А" синфда Манзура Долиеванинг А.Орипов ҳаёти ва ижоди, 6 "Д" синфда Феруза Каримованинг Фредрик Шопен мавзусидаги дарслари семинар қатнашчилари томонидан муносиб баҳоланди. Робия Қодирова томонидан 7 "Д" синфда технология фанидан газлама ва сунъий чармдан қуроқ усулидан фойдаланиб сумка тикиш, Шоҳиста Мамажонованинг торт тайёрлаш, Муниса Бойматованинг гул ясаш машғулотлари ҳам педтехнологияларга бойлиги, ноанъанавий усуллардан фойдалангани, дарсда самарадорликка эришилгани билан эътиборга тушди.

- Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббусдан бири ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўлиб, мен 5 "А" синф­да Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган очиқ дарсда бу масалага алоҳида эътибор қаратдим, - дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Манзура Долиева. - Ўқувчилар дарсликда берилган асарлардан ташқари мустақил ўқиган китоблардан олган таассуротларини сўзлаб, ёдлаган шеърларидан айтиб бердилар. Бундан ташқари синф кутубхонаси ташкил этилган бўлиб, ҳар бир ўқувчи ўзи танишган бадиий асарларни бошқалар билан ўртоқлашади. Бу тажриба ёшлар ўртасида китобхонлик маданияти юксалишига ёрдам бермоқда. Мактабимизда китобхонлик мавзусида ўтказилаётган танлов, ота-оналар иштирокидаги акциялар ҳам китобхонликни ривожлантиришга қаратилган. Бугунги семинар ҳам ўқувчиларнинг бу борадаги билимини баҳолашда ўзига хос синов бўлди.

Меҳмонлар эътиборига, шунингдек, ўқувчилар тайёрлаган қўл меҳнати намуналари, "Биз санъатни севамиз" мавзусидаги адабий-мусиқий тадбир ҳам ҳавола этилди.

Семинар якунига бағишланган йиғилишда Наманган шаҳар ХТБ мудири Зиёвиддин Жамолов, методистлар ҳамда мактаблардан ташриф буюрган ўқитувчилар ташкил этилган очиқ дарс­лар юзасидан фикр билдирдилар. Эстетик фанларнинг ўқитишда педагог ходимлар олдида турган вазифалар хусусида фикр алмашиб, зарур вазифалар белгилаб олинди.

Зилола ТУРСУНОВА,

рус тили фани ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. ҚИЗЛАР - МИЛЛАТ ДАВОМЧИСИ

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларга оид Давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоки фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўгрисида"ги Фармонида ёшларни ҳар томонлама уйғун, билимли ва ахлокли, миллий қадриятлар ҳамда она Ватанга содиқ фарзандлар сифатида тарбиялаш вазифаси белгиланган бўлиб, айниқса, миллат давомчилари бўлган кизларни маърифатли, оналик мақомига муносиб этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилган.

    2017-10-30 14:34:571052
  1. ЁШЛАР МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ

    Наманган шащридаги 14-умумий ўрта таълим мактабида шащар умумтаълим мактабларининг директорлари иштирокида "Ёшлар миллат келажаги" мавзусида ўқув семинари бўлиб ўтди.

    2018-05-16 04:03:52578
  1. "ЁШЛАР ПОЕЗДИ" - НАМАНГАНДА

    Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Ёшлар поезди" тарғибот акцияси доирасидаги тадбирлар водий вилоятлари бўйлаб давом этмоқда. "Ёшлар поезди"нинг водий вилоятларига сафари Намангандан бошланди.

    2017-08-22 12:29:03599