ЯНГИ КУН - ЯНГИ УМИДЛАР


Навқирон ва қадимий айём - Наврўз руҳи кириб бормаган оила, маҳалла ёки жамоа қолмади ҳисоб шу кунларда. Кўкламнинг бош байрами шукуҳидан дили завқу шавққа тўлган юртдошларимиз унинг шодликка тўла тантаналарини катта қувонч билдан ўтказяпти. Қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг, тилда Наврўз, дилда Наврўз!

Бу йилги байрам тадбирлари Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, умумхалқ сайли тарзида ўзгача нишонланмоқда. Биргина мисол, вилоят марказидаги энг кўркам, энг обод гўшалар катта сайлгоҳга айланди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли марказий истироҳатгоҳдан бошлаб то "Кичкинтой" боғида ташкил этилган сайллар ва айём тадбирларида минглаб юртдошларимиз қатори халқ таълими тизимида меҳнат қилаётган ўқитувчилар ва мураббийлар, тарбиячи-педагоглар фаол иштирок этдилар.

Наманганнинг азиз фарзанди Бобораҳим Машраб номи билан аталадиган боғдамиз. Наврўзи олам шарафига турфа гуллару байрамона безаклардан ўзгача қиёфа касб этган боғ бўйлаб умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари педагоглар жамоалари томонидан ташкил этилган кўргазмалар ўрин олган. Ҳар қадамда қўшиқ, ҳар қадамда шеърхонлик, ҳофизу хонандаларнинг Наврўз, Она Ватан, Тинчлик, Истиқлол мадҳ этилган куй-қўшиқлари авж пардаларда янграб турибди. Янги кун - Янги йил бахш этган қувончу шодлик, обод ва фаровон турмуш, барқарор тинчлик-осойишталикдан баҳра олган ҳамюртларимиз ижросидаги дилбар ва шўх рақслардан диллар яйрамоқда.

- Дунёда бизнинг юртимиздан-да гўзал диёр, меҳнаткаш, меҳмондўст, самимий халқимиздан бахтли эл бўлмаса керак, - дейди Наманган шаҳридаги 5-умумий ўрта таълим мактаби директори Нигора Муродова. - Мана шу хислатлар айниқса, байрам кунларида янада яққолроқ намоён бўлади. Мана ўзингиз шоҳидсиз, сайл­гоҳ узра кезаётган байрамона руҳ ҳар бир ҳамшаҳримиз, ҳамкасбларимизга илҳом, янги ғайрат бахш этиб, янги ютуқлар сари интилишга даъват қилмоқда. Шукр, юрт тинч, эл обод, бундан албатта, кўнгиллар шод.

Дошқозонларда қайнаётган сумалакнинг хуш бўйини яна бир йил соғиниб юрамиз. Тўкин дастурхон узра қилинган дуолар ижобатини тилаб фаслларни ўтказамиз. Нафақат курраи-замин, балки борки тирик жонзот, наботот вужудига уйғониш, янгиланиш, куч-қудрат ато этаётган Янги куннинг бунёдкорона сеҳри, мўъжизаси эса ҳали олдинда.

"Камолот" ёшлар боғи ташкил этилганидан буён кўплаб байрам тантаналари ва тадбирларга гувоҳ бўлган. Бироқ... бу йилги Наврўз сайли уни янада кўркамлаштириб, янгилаб, яшартириб юборди, десак мублаға эмас. Наманганнинг Давлатобод мавзеидаги маҳаллалар, таълим муассасалари вакиллари айнан шу дилтортар маскан қўйнида Наврўз айёмини зўр қувонч ва шодлик билан тантана қилдилар. Бир ёнда ёш спортчиларнинг чиқишлари, истеъдодли ёшлар ижросида янграган куй-қўшиқлар, қувноқ баҳслару мусобақалар йиғилганларга бир олам завқ-шавқ бағишлади.

Баҳорнинг тансиқ неъматлари, Наврўз таомлари билан тўлдирилган тўкин дастурхонлар, дошқозонларда дамланган паловлар кўклам тўйининг безаги бўлиш билан бирга, шаҳримиз мезбонлари-ю меҳмонларига фаровон ҳаёт талқини сифатида манзуру мақбул бўлди.

- Туманимиз аҳли номидан 4 та таълим муассасаси педагоглари бугунги сайлда иштирок этяптилар, - дейди Наманган тумани ХТМФМТТЭ бўлими шўъба раҳбари Абдуқодир Мирзааҳмедов. - Наврўзга хос кўргазмаларимиз, таълим муассасалари ютуқлари акс эттирилган паннолар ва суратлар сайл қатнашчиларига ёқди. Алоҳида иқтидорли педагоглар эса адабиёт, санъат ва спорт бобидаги маҳоратларини намойиш этяптилар. Қаранг, юртимиз шундай фарахбахш кунларда янада чирой очиб юборади. Энг муҳими, юртдошларимизнинг кайфияти баланд, келажакка ишончлари қатъий. Мен барча ҳамюртларимизни Наврўз билан муборакбод этаман.

Мазкур истирохат масканлари ҳамда барча сайлгоҳлар гул-чечаклар билан безатилиб, дошқозонларда сумалак ҳамда баҳорий таомлар пиширилди. 600 нафардан зиёд ўғил-қизларга "Кичкинтой" болалар боғидаги "Мусаффо" тантаналар мажмуасида байрам дастурхони безатилиб, қувончу шодлик улашилди.

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. ЯНГИ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТИ талаб ва меъёрлар ўзгарди

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори таълим-тарбия соҳасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

    2017-07-07 09:42:144928
  1. ҚУВОНЧГА ЙЎҒРИЛГАН КУН

    1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб Республика Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан бутун Ўзбекистон бўйлаб "Ҳар бир болага меҳр, эътибор!" шиори остида болалар ҳафталиги бўлиб ўтди.

    2017-06-07 12:23:13440