ЯНГИ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТИ талаб ва меъёрлар ўзгарди


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори таълим-тарбия соҳасини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун замон шиддатли тарзда ривожланяпти. Демак, умумтаълим фанларини ўқитишга замон талаблари асосида ёндашиш, таълимда энг илғор технологияларни қўллаш давр талаби. Умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, замонавий методологиясини яратиш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўйича давлат таълим стандартларини компетенциявий ёндашув асосида такомилаштириш, ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор таълим-тарбия жараёнини янада ривожлантиришда муҳим омил бўлади.

"Таълим тўғрисида"ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш милий дастури талаблари асосида қабул қилинган қарорда умумий ўрта таълимнинг янги давлат таълим стандартлари илова тарзда берилган. Янги ДТСнинг мақсади -умумий ўрта таълим тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ҳамда илм-фан ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этиш, маънавий баркамол ва интеллектуал ривожланган шахсни тарбиялашдан иборат.

Амалдаги давлат таълим стандартларининг мазмуни:

* билим, кўникма ва малакалар мажмуи;

* таянч ўқув режа;

* ўқув дастурлари;

* баҳолаш мезонидан иборат эди.

Янги, яъни компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандарти таркибидан:

* ўқув фанининг мақсад ва вазифалари;

* умумтаълим фанларини ўрганишнинг мазмуни;

* таянч ва фанга оид компетенциялар;

* умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига нисбатан қўйиладиган малака талбалари;

* таянч ўқув режа;

* ўқув дастурлари жой олди.

Таъкидлаш жоизки, ўқувчиларнинг эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини амалда қўллаш лаёқатини ривожлантиришга қаратилган компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари лойиҳаси уч йил давомида республикамизнинг 70 та таълим муассасаларида ва вазирлик тасарруфидаги 6 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида тажриба-синовдан ўтказилиб, такомиллаштирилди.

Хусусан, янги ДТСга фанга оид компетенциялар билан бирга коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш каби таянч компетенциялар элементлари ҳам киритилди.

Коммуникатив компетенция боланинг ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда мулоқотга кириша олиши, муомала маданиятига амал қилиши, мослашувчан ва ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатига эга бўлишини назарда тутади. Ахборот билан ишлаш компетенциясига эга бола эса медиманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олиши, саралаши, қайта ишлаши ва улардан самарали фойдаланиши, медиа-маданиятга эга бўлиши лозим.

Бундай ўзгаришлар ҳар томонлама соғ­лом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга муҳим асос бўлади. Бу келгусида юқори малакали ва рақобатбардош, компетентли мутахассис-кадрларни тайёрлаш ишларини янада жадаллаштиради.

* Компетенциявий ёндашувга асосланган ДТСда ўқувчиларга умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари қў­йилган. Эндиликда ўқувчилар ёши, ўзлаштириш қобилияти ва иқтидоридан келиб чиққан ҳолда эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма, малака ва компетенциялар 9+3 модели асосида билим даражалари билан белгиланади. Яъни, мажбурий минимал таълим мазмуни ҳар бир таълим босқичи учун узвийлик,узлуксизлик асосида тақсимланди.

* Жумладан, умумтаълим тизимида фанларни ўрганиш босқичлари шундай тартибда белгиланди:

* умумтаълим мактабларининг бошланғич таълими, яъни 4-синф битирувчилари А1даража;

* умумтаълим фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабларнинг 4-синф битирувчилари А1+ даража;

* умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчилари А2 даража;

* умумтаълим фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган мактабларнинг 9-синф битирувчилари А2+ даража;

* умумтаълим фанларига ихтисослаштирилмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари В1 даража;

* умумтаълим фанларига ихтисослаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчилари В1+ даражада билимга эга бўлиши зарур.

Масалан, Она тили бўйича давлат таълим стандарти талабларини олайлик.

А1 малака даражасига эга бошланғич синф ўқувчиси:

* содда матнларни тинглаб тушуниши;

* матнни тушуниб ўқиши;

* оғзаки нутқда сўз ва гаплар талаффузига риоя қилиши;

* 65-70 сўздан иборат диктант ёза    олиши;

* хабар, тасвир асосида 5-6 гапдан иборат матн тузиши;

* имло ва тиниш белгиларини тўғри қўллаши талаб этилади.

А2 даражасига эга 9-синф ўқувчиларига эса талаблар анча ортади:

* Сўз ва гапларни боғлаган ҳолда фикрини аниқ ва равон ёзма баён қилиш;

* 140-160 сўздан иборат диктант ёзиш;

* 20-25 гапдан иборат ижодий матн (баён, иншо) ва баёнга режа тузиш, эпиграф танлаш;

* матнда бадиий тасвир воситаларидан ўринли фойдаланиш;

* расмий иш қоғозларини (ариза, маълумотнома, хат, таржимаи ҳол, эълон) ёзиш каби мезонлар шулар жумласидандир. Бошқа фанлардан ҳам шу каби аниқ талаблар белгилаб берилди.

Яна бир жиҳат хусусида тўхталадиган бўлсак, олдин баъзи фанлар, масалан, ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун) фанидан бошланғич 2-4-синфлар учун, меҳнат фанидан 1-4-синфлар учун давлат таълим стандарти талаблари киритилмаган эди.

* Жисмоний тарбия, мусиқа, тасвирий санъат фанларидан (1-4-синфлар)давлат таълим стандарти талаблари инсон ва жамият фани таркибида қисқа берилганди. Янги ишлаб чиқарилган ҳужжатда ўзбек тили (таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактаблар учун) фанидан 2-4-синфлар учун,меҳнат таълими, жисмоний тарбия, мусиқа, тасвирий санъат фанларидан 1-4-синфлар учун давлат таълим стандарти талаблари алоҳида ишлаб чиқилди.Жисмоний тарбия фанидан давлат таълим стандартига ўқувчиларга шахмат ўйинини ўргатиш талаблари сингдирилди. Бу ўқувчиларнинг билим, кўникма, малака ва компетенцияларнинг бошланғич даражасини шаклантиришга хизмат қилади.

* Яна бир жиҳат, олдингидан фарқли ўлароқ, компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартида барча фанларни ўқитишнинг кучайтирилган даражаси учун алоҳида талаблар ишлаб чиқилди.

* Шунингдек, ўқув режага кўра, "Информатика ва ҳисоблаш техникаси асослари" фани 5-,6-,7-синфларда 0,5 соат ҳажмида мактаб компонентлари ҳисобидан ўқитилиб келинаётган эди. 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб, бу борада ўқув режага ўзгаришлар киритилади. Айни қарорга биноан фаннинг номи "Информатика ва ахборот технологиялари" тарзида ўзгартирилиб, дарс соатлари давлат компонентидан ажратилади.

* Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани бўйича ҳам давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди.Бу фар­занд­ларимизни Ватанга садоқат, миллий ғурур, умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида улғайтириш ишларига янгича мазмун бағишлаши шубҳасиз.

* Бугун ўқувчиларнинг тўғри касб танлаши масаласига жамият тараққиётини белгиловчи омил сифатида қаралмоқда. Шу боис компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандартида "Меҳнат таълими" фани ўқув режада "Технология" фани деб ўзгартирилди ҳамда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, кўп тармоқли йўналишларга асосланган ҳолда кенгайтирилди.

* Айни пайтда компетенциявий ёндашувга асосланган давлат таълим стандарти, ўқувчи ва ўқувчилар талабига тўлиқ жавоб бера оладиган замонавий дарсликлар яратиш устида мутахассислар гуруҳи томонидан қизғин иш олиб борилмоқда.

Азиз устозлар, энди умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари талаблари асосида яратилган такомиллаштирилган ўқув дастурлари, жумладан, Она тили ўқув дастури хусусида тўхталадиган бўлсак,

Она тили фани 5 - 9-синфларда 646 соат ҳажмда , ҳафтасига 19 соат, шундан 5- синфда 6 соат, 6 -синфда 5 соат, 7-синфда 3 соат, 8-синфда 3 соат, 9-синфда 2 соат ўқитилади.

Она тили фанини чуқур ўрганишга ихтисослаштирилган мактабларнинг 5-9-синф­ларида эса 986 соат, ҳафтасига 29 соат, шундан 5 синфда 8 соат, 6-синфда 7 соат, 7-синфда 5 соат, 8-синфда 5 соат, 9-синфда 4 соатдан ўқитилади. Шу ўринда "Нутқ маданияти" ёндош ўқув дастури ҳам ҳар бир синф учун алоҳида берилди.

Ўқув дастурида "Уқтириш хати" келтирилган бўлиб, унда Она тини фанини ўқитишнинг аҳамияти ва унга замонавий ёндашувлар, фанни ўқитишнинг мақсад ва вазифалари, ўқув дастури мазмунида акс этган грамматик мавзуларни ёритишда ўқув режада келтирилган "Ҳаёт хавфсизлиги асослари", "Тежамкорлик сабоқлари" ва "Иқтисодий билим асослари" курсларининг мазмунини сингдириб ўқитиш ҳамда она тили ўқув фани бўйича умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган малака талаблари кири­тилди.

Она тили фани Давлат таълим стандартида умумий кўринишда берилган таянч компетенциялар А2 ва А2+ даражага ажратиб берилди. Ҳар бир синфнинг бошида ўқувчиларда шакллантирилиши лозим бўлган шу синфга хос таянч компетенция элементлари берилди.

Ҳар бир синфда ўрганиладиган бўлим ва мавзулар номлари ҳамда уларга ажратилган соатлар кўрсатилди. Бунда ҳар бир бўлим мазмуни ва фанга оид комптенциялар элементлари очиб берилди.

Она тили фанининг хусусиятидан келиб чиқиб ўқувчиларда фанга оид компетенциялар элементларининг шаклланганлик даражасини аниқлаш мақсадида назорат иши ҳамда ўқувчилар билимини мустаҳкамлаш, такрорлаш соатлари ажратилди.

А2 ва А2+ (9-синф) якунида ўқувчиларда шаклланган таянч ҳамда фанга оид компетенциялар элементлари келтирилди.

Ўқув дастурининг охирида ўқув дастурини тузувчи ишчи ва эксперт гуруҳлари таркиби берилди.

Амалдаги ўқув дастури ва ўқувчиларда комптенцияларни шакллантиришга йўналтириш асосида ишлаб чиқилган ўқув дастурининг қиёсий таҳлилига кўра 5, -9 синф дастурларида умумий 31,2 % ўзгариш бўлди. Бунда 5, 6, 7- 9-синфларда такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарслари ҳисобидан 4 соатдан "Матн" йўналишига алоқадор янги мавзулар ва "Лексикология" бўлимига 37 соат ҳажмда, 8-синфда эса 2 соатга мўлжалланган янги мавзулар киритилди.

Шунингдек, 5синф ўқув дастурида "Морфология" бўлимига амалдаги дастурда ажратилган 40 соат 17 соатга, "Синтаксис" бўлимига ажратилган 35 соат 17 соатга, "Фонетика" бўлими 46 соатдан 33 соатга қисқартирилди.

Қаҳрамон МАМАТАЛИЕВ,

Вилоят ХТБ методика маркази раҳбари

Мавзуга оид

  1. ЯНГИ КУН - ЯНГИ УМИДЛАР

    Навқирон ва қадимий айём - Наврўз руҳи кириб бормаган оила, маҳалла ёки жамоа қолмади ҳисоб шу кунларда. Кўкламнинг бош байрами шукуҳидан дили завқу шавққа тўлган юртдошларимиз унинг шодликка тўла тантаналарини катта қувонч билдан ўтказяпти. Қаерга борманг, ким билан суҳбатлашманг, тилда Наврўз, дилда Наврўз!

    2017-03-27 11:20:10384
  1. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ПОЙДЕВОРИ бошланғич синфларда мустаҳкамланади

    Кўп йиллик тажрибалар асосида исботланиб, таълимда аксиома мақомини олган бу ибора замирида энг аввало, ўқитувчи маҳорати ва педагоглик салоҳияти, касбий малакаси ҳам муҳим ўрин тутиши сир эмас.

    2017-03-15 16:42:56788
  1. ШОҲ ВА ШОИР ШАРАФЛАНДИ

     Амалдаги ойда шеърият мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 576 йиллиги ва улуғ юртдошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 534 йиллиги муносабати билан ташкил этилган адабий кечалар ва маърифий тадбирлар ана мақсадга хизмат қилди.

    2017-03-03 11:14:07397
 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031