ЎҚУВЧИ БИЛИМИДАГИ БЎШЛИҚ ўқитувчининг хатоси-ми?


Кейинги йилларда Тўрақўрғон туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактабининг йил якунидаги рейтинги тобора ошиб бормоқда. Мазкур кўрсаткични аниқлашда 20дан зиёд йўналишда амалга оширилган ишлар ва натижалар инобатга олинишини яхши биласиз. Улар орасида ўқувчиларнинг билимлилик салоҳияти алоҳида аҳамиятга эга ва таълим муассасаси рейтингини аниқлашда бу борадаги кўрсаткичлар ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Шу боис мактаб педагоглари таълим сифати ва мазмунини бойитиш, ўқувчиларнинг билим самарадорлигини орттиришга жиддий эътибор қаратмоқдалар.

Ниҳоясига етган ўқув йилида ҳам мактаб маъмурияти ўқувчиларнинг билим салоҳиятини мунтазам назорат қилиб бориш, билимдаги бўшлиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш мақсадида фанлар ва синфлар кесимида мунтазам мониторинг текширувларини ўтказиб борди. Жумладан, 1-чоракда 5, 6- ва 7-синфларда она тили ва адабиёт, рус тили, математика, Ватан туйғуси, география фанларидан 4 марта назорат ишлари олинди.

- Фанлар кесимида ўтказилган назорат 5-синфларда айрим мавзулар бўйича бўшлиқ борлигини кўрсатди, - деди 23-мактабнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари Олимжон Абдуллаев. - Масалан, 5-синфларда она тили фанидан "Ҳис-ҳаяжон ва тўлдирувчи", математика фанидан тенгламалар, география фанидан "масофаларни ўлчаш ва йўналишни аниқлаш" мавзуларини ўзлаштиришда ўқувчилар қийналаётгани маълум бўлди. Мактабда ташкил этилган 5 кишилик мониторинг гуруҳи аъзолари билан бу масала муҳокама қилинди ва мазкур фанлар ўқитувчиларига ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш вазифаси юкланди.

Айнан шу синфларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бераётган ўқитувчи Марҳабо Йўлдошева дастлаб дарсни бўш ўзлаштирган ўқувчиларни аниқлади ва улар учун қўшимча машғулотлар ташкил этди. Кенгайтирилган дарс ишланмаси тайёрлади.

- Билимида бўшлиқ мавжуд ўқувчи билан якка тартибда ишлаш ижобий самара беришини ўз тажрибамда синаганман. Шу сабаб 5-синфлардаги уч нафар бўш ўзлаштирувчи ўқувчи билан индивидиуал маш­ғулот ёрдамида ишлай бошладим, - дея таъкидлади М. Йўлдошева. - Қўшимча сабоқ жараёнида дарснинг жиҳозланиши, янги педтехнологиялардан кенг фойдаланишга ҳаракат қилдим. Қисқа вақтда ўқувчилар дастлаб мураккаб туюлган мавзуларни тўла ўзлаштириб олишди. Такроран ўтказилган назорат иши эса ўқувчилар билимдаги бўшлиқлар барҳам топганини кўрсатди.

Математика мураккаб фанлар сирасидан. Мазкур фан ўқитувчиси Нозима Рауфжонова учун ўқувчилари билимидаги бўшлиқларни тўлдириш осон кечмади. Унга мактаб методбирлашмаси аъзолари кўмакка келишди. Нозима уларнинг маслаҳат ва кўрсатмалари асосида бир неча ноанъанавий дарслар уюштирди. Қўшимча машғулотлар, ўқувчи билан индивидиуал шуғулланиш ижобий самара берди.

- Ўқувчи билимидаги бўшлиқ аслида бирдан пайдо бўлиб қолмайди, - дейди Нозима Рауфжонова. - аввалги мавзуларни суст ўзлаштиришига лоқайд қараш, ўқувчини дарсга қизиқтира олмаслик, бола шахсидан келиб чиқиб ёндошмаслик каби хатолар йиғиндиси шу ҳолатга сабаб бўлади, менимча.

Нозиманинг фикрини инкор этмаган ҳолда унинг ҳамкасби Дилором Раҳмонованинг мулоҳазалари билан танишсак.

- 1-чоракда биология фани бўйича 8-синф­ларда ўтказилган мониторинг ўқувчилар томонидан "Қон гуруҳлари" мавзуси қийинчилик билан ўрганилганини кўрсатди. Бу мавзуларни таништириш жараёнида ўқувчиларга кўпроқ назарий тушунча беришга эътибор қаратган эдим. Таҳлил жараёнида мен ўз камчилигимни сездим ва лаборатория ишлари, асосий дарсга қўшимча ва тўгарак машғулотлари, дарс пайтида электрон дарслик, АКТ воситаларидан фойдаланиш, ўқувчига янги мавзуни ўзлаштиришида ҳам тинглаш, ҳам кўриш эффектидан фойдаланиб, билимларини мустаҳкамлашга интилдим. Айниқса, назарий билимларни амалиёт билан боғлаш жуда катта фойда берди.

- Ўқув йили мобайнида ўқувчиларга сифатли билим беришга эришиш мақсадида бир неча марта режали ва навбатдан таш­қари ўтказилган педагогик кенгашларда мазкур масала муҳокама этиб борилди, - деди мактаб директори Икромжон Исоқов. - Жамоада "Билимдон муаллим-сифатли таълим" шиорига жиддий амал қилинади. Ҳар бир ўқитувчининг касбий маҳорати ва малакасини ошириб бориши, ўз устида ишлаши рағбатлантирилади ва бунга имконият яратиб берилади. Биз айниқса, ўқитувчиларимизнинг АКТдан кенг фойдаланишларига жиддий эътибор берамиз. Бунинг учун мактабда барча шароит муҳайё. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги, республика таълим марказининг "Ўрган-ўргат", "Устоз-шогирд", "Маҳорат мактаби", "Мураккаб фан ўргатаман" каби тавсиялари асосида иш ташкил этаётганимиз ўз самарасини бераётир.

23-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларнинг билим самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ана шундай ишлар туфайли ўқув йили якунида таълим муассасаси билимдонлик бобида туманда олдинги ўринларга чиқиб олди.

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. "ЭНГ ЯХШИ КИТОБХОН ЎҚУВЧИ"

    "Энг яхши китобхон ўқувчи" Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи "Нуроний" жам­ғармаси биносида ўтказилди.

    2018-05-16 04:11:03635
  1. ЎҚИТУВЧИНИНГ КИЙИНИШ МАДАНИЯТИ

    Дунё халқларининг ўзлиги ва давомийлигини таъминлайдиган омиллар бор. Булардан энг муҳими - ёш авлоддир. Аждодлар тарихий ривожланиш даврида илм-фан, маданият, санъат соҳаларида эришган ютуқлар маданий ва маънавий мерос сифатида ёшларга ўтади. Шунинг учун ўқитувчи ва мураббийлар олдига юксак ахлоқий ва маънавий фазилатларга эга, интеллектуал жиҳатдан юқори авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифа қўйилган.

    2018-10-09 11:18:26616