УЛУҒ АДИБ МАҲОРАТИ


Буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг асарларидаги теран бадиийлик, юксак савия, қаҳрамонлар ва деталларнинг бир-бирига ўхшамаслиги ўқувчи эътиборини тортади. Жумладан, адибнинг "Юзма-юз " асарини олайлик.

Асарда оддий чўпон қизи Саиданинг оқкўнгил, ишонувчан, соддадил, барчага ғамхўр ва меҳрибонлиги маҳорат билан тасвирланган. Саида турмуш ўртоғи Исмоилга ўзига ишонгандек ишонади. Унинг кўнгли тоза, софдил эканига шубҳа қилмайди, ҳатто Исмоил урушдан қочиб келганда ҳам уни айбдор санамайди.

..."Майли, қочқинчи бўлса, қоч­қинчи деяверсинлар, менга олтин боши омон бўлса бўлгани!" - деб, хамир ёя туриб ўзини-ўзи юпатарди. Эркак киши нима қилса ўзи билади. "Ҳар кимга ўз жони азиз, бу урушда ўзини эҳтиёт қилган кишигина тирик қолади!" - деб Исмоилнинг ўзи айтмабмиди. Демак, унга ақл ўргатиш менинг вазифам эмас, ҳаммани қўйиб суякни этдан ажратиб уни ёмонотлиққа чиқаришга йўл қўярмидим. "Тушумга кирмаган, ота-бобом кўрмаган аллақаерларга, ернинг остидаги фронтга бориб жанг қилишни менга ким қўйибди. Бир кунлик умрим бўлса ҳам шу ерда ўтказаман!"-деб тўғри айтади у.

Ҳа, соддадил Саида дастлаб эрини оқлайди. У беркиниб ётган ғорга ўзи емаган овқатларни олиб боради. Фикри ёди эрининг қорнини тўйғазиш бўлади.

...Кун бўйи бир коса буғдой тўпласа, уни кечаси билан қўл тегирмонида тортиб, Исмоилга нон пиширарди...

Саида қачонки, Исмоил қўшниси - эри урушда ҳалок бўлган, уч боласи билан ёлғиз қолган Тўтиойнинг сигирини ўғирлагандан кейингина қандай аблаҳ билан яшаётганлигини англайди.

... -Ўша етимларнинг насибасига човут солгандан кўра, ўзимизнинг ғунажинни сўя қолганингиз яхши эмасмиди!-деди у йиғи аралаш зорланиб.

- Минғиллайверма! - Исмоил унинг елкасидан ушлаб силтаб қўйди. -Менга ақл ўргатгандан кўра, ўзингни бил. Замонанг бўри бўлса, бўри бўл, деганлар. Шу замонда ҳар ким ўзим бўлсам дейди! Ўзгалар билан ишинг қанча, очдан ўлиб, тарракдек қотиб қолганингда ҳам, биров сендан ўлдингми, қўйдингми, деб сўрамайди ...Ўлган ўлиб, юлган-юлиб қолади..."

Ана, Исмоилнинг худбинлиги-ю, дунёқараши. Шундан сўнг Саида солдатларга Исмоил беркиниб ётган жойни ўзи кўрсатади.

... Исмоилнинг кир босган юзларидан тер қуйилиб, Саидага яқинлашиб, юзма-юз келганида, кўзлари ўйнаб, илгариги Саидани эмас, қандайдир бошқа одамни, ўз куч қудрати, афзаллиги ва одиллигини кўз-кўз қилибгина қолмай, балки боласини кўтариб олган, сочлари оқариб кетган, ялангбош, хушқомат аёлни кўрди. Саида унинг кўзига юксакликда тургандек,ўзи бўлса, унинг ёнида ожиз ва нотавон бир кимсадек елкасини қисиб, ниманидир айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, бироқ Саиданинг ёшга тўлган кўзларини кўриб, қўлидаги милтиғини ёнидаги тошга уриб парчалаб, улоқтириб ташлади ва қўлини кўтарганича, милтиғини ўқталиб келаётган солдатлар қаршисига чиқди.

Ч. Айтматовнинг ушбу қиссасидаги Исмоил образи қайси бир жиҳати билан Саид Аҳмаднинг "Уфқ" романидаги Турсунбой образига ўхшаб кетади. Иккаласи ҳам қочоқ. Юртини ҳимоя қилишдан бош тортади, фақат ўзини ўйлайди, қорнини тўйғазишда бошқа ғами йўқ. Фарқли жиҳати Турсунбой тўқайзорда хароб бўлиб ўлиб кетади, буниси кеч бўлсада айбини тушуниб етади.

Гулбаҳор МЎМИНОВА,

Янгиқўрғон тумани 37-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. БУЮКЛИКНИНГ УЛУҒ НАМОЁНДАСИ

    Уларнинг саноғига етмайсан киши. Абу Али ибн Сино бўладими ёки Фаробий, Алишер Навоий бўладими ёки Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳар бири билан фахрлансак, ғурурлансак, қаддимизни ғоз тутиб, улар изидан борсак арзир.

    2017-04-11 14:04:52653