ТИНЧЛИК БЎЛСИН ДУНЁДА


Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганига 25 йил бўлди. Бир йигит умри. Чорак аср аввал туғилган ўғлон бугун мамлакатимиз ҳарбий қисмларида мустақил давлатимиз суверинитети, сарҳадларимиз дахлсизлигини шараф билан ҳимоя қилмоқда.

Миллий армиямиз давр синовларида тобланди. Тинчлигимизга қасд қилганлар чегарамиз остонасига яқин ҳам йўлай олмадилар. Ҳар қандай ёвуч куч томирида буюк саркардалар қони жўшаётган мард ва жасур, озод ватани, тинчликпарвар халқи учун жонини фидо қилишга тайёр аскар ва офицерларнинг метиндек сафлари, юксак ҳарбий маҳорат-ю қақшатгич зарбасига дуч келишини тарих кўрсатди.

Ҳа, истиқлол туфайли тезкор, ихчам, профессионал армиямиз вужудга келди. Унингг сафларини халқимизнниг муносиб фарзандлари-шерюрак, алпомишкелбат паҳловонлари тўлдирмоқда.

Бугунги ёшларга ҳарбий хизматни ўташ фақат йигитлик бурчи эмас, балки шараф, масъулиятга айланди. Улар эзгу мақсад йўлида оталаридан ўн йиллар илгарилаб кетдилар. Бугунги ўқувчи-Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, бугунги ўқувчи - халқаро олимпида ғолиби, бугунги ўқувчи-бадиий асар муаллифи, бугунги ўқувчи-Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпиони! Маданият, санъат, техник йўналишларда улкан ютуқларни қўлга киритаётган ёшлар беҳисоб. Ўқувчи академик лицейни ҳали тамомлаб улгурмай дунёнинг нуфузи университетига халқаро грант асосида қабул қилинмоқда. Бундан қувонмай бўладими?

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоятимиздаги ҳарбий қисмларда, олий, ўрта-махсус касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, меҳнат, ҳуқуқ-тарбибот идоралари, давлат бошқаруви тизимларида ҳарбий ватанпарварлик мавзусида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбир, видеоучрашув, суҳбат, спорт мусобақаларида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётга шукронаси, офицер,сержант, оддий аскарларнинг орзу-умиди намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 20 декабрдаги Ф-4766-сонли Фармойишига асосан Ўзбекистон Республикаси Қуроли Кучлари ташкил топганлигининг 25 йиллиги вилоятимизда ҳам муносиб нишонланмоқда. 14 январь-Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган ҳарбий ватанпарварлик ойлигида ҳарбий қисмларда хизмат бурчини ўтаётган ҳарбий хизматчи ва аскарлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар тишкил этиляпти.

Вилоят ҳокимлиги, Республика маънавият тарғибот маркази вилоят бўлими, вилоят матбуот ва ахборот бош­қармаси, Наманган Давлат университети вакиллари, Муқимий номли Ўзбекистон давлат мусиқали драма ва комедия театри актёрлари, оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи Наманган шаҳридаги ҳарбий қисмда бўлди.

Ҳарбий қисм ҳудудига қадам қўяр эканмиз беихтиёр кўнглимизни шукроналик, хотиржамлик туйғулари тўлдирди. Бу жойдаги саранжом-саришталик, ҳарбийларга хос жиддият ва вазминлик, қатъиятлилик руҳимизга кўчгандек бўлди. Азим дарахтлар ҳарбийларнинг бўйи-бастини, савлатини, улуғворлигини таъкидлаётгандек. Қиш бўлишига қарамай чарақлаб турган офтоб аскарларнинг иссиқ юзини, беғубор осмон эса эзгу тилакларини ифодалаётгандек. Мамлакатимизнинг турли вилоятларидан чақирилган, вужудидан куч ёғилиб турган, нигоҳларида ишонч балққан, қомати тик, арслон янглиғ йигитлар ҳавас уйғотди. Қалбида ватан ишқи, халқ меҳри жўшган, тоғни урса талқон қиладиган паҳловонлар, йигитларнинг сараси, халқнинг муносиб ўғлонлари!

Касб тақозосига кўра, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Самсоқжон ота Низомов билан бир неча бор суҳбатда бўлганман. Раҳматли кўп шукрона айтарди: "Мен бугунги ёшларга ҳавас қилман, чунки, улар бахтли авлоддир. Биз уруш кўрдик, фронтда қон кечдик, жон олиб, жон бердик. Мен ҳали ўн саккиз ёшга тўлиб-тўлмасдан қўлимга қурол олиб, жангга кирганман. Совуқ жондан ўтади, ўқ-дори, озиқ-овқат етишмайди, қурбонлар кўп. Биз яна қаерда денг - Ўзбекистондан жуда олисларда, дунёнинг бир чеккаси бўлган европа давлатларида, ўзимиз истамаган жангу жадалларда қатнашдик. Ҳар қадамда ўлим, ҳар лаҳзада ажал таъқиб этади. Лекин биз, ўша олис ўлкаларда ҳам Ўзбекистонни деб, ўзбек халқини деб, бизга умид билан кўз кўз тикиб қолган ота-оналаримиз, сингиллармизни деб жангга кирганмиз. Бу туйғу бизга куч бағишлаган, балолардан омон сақлаган. Мана шу юртни севинг, тинчлик қадрига етинг! Дунёда ҳеч қачон уруш бўлмасин!"

Бу сўзлар уруш кўрган отахоннинг ёшларга васияти бўлиб қолди. Йўқ, уруш, кинофильмларда намойиш этилганидек, палаткада, иссиққина печка ёнида ўтириб, жилмайганча маҳбубасига соғинч мактубини битаётган аскар ҳаёти эмас ёки оқ қайинзор оралаб, тилласоч ҳарбий қиз билан муҳаббат ҳақида сўзлашиш, унга гул-чечакни териб узатиш, қушларга боқиб хаёл суриш эмас. .

Киноларда қаҳрамонлар ўлмайди. Самолётдан сакраб омон қолади, бомба остидан бутун чиқади, визиллаб учаётган ўқлар унга тегмайди. Мен журналист сифатида ўнлаб уруш қатнашчилари билан ҳамсуҳбат бўлганман. Улари тинглаш азоб, чунки улар эртак сўзламайди: "Урушдан ногирон бўлиб қайтдим, - деб ҳикоя қилганди ана шундай инсонлардан бири, - ўқ панжамни узиб кетган, тиззамни мажақлаб ташлаган. Қишлоққа кириб келсам турмуш фронтдагидан бадтар экан. Фронтда ҳеч йўқ қоқ нон беришади, бу ерда ўша ҳам йўқ. Одамлар касалванд, оч-ялонғоч. Фронтда очликдан ўлган от гўштини еганмиз, немис аскарлари мурдасини титкилаб, уларга насиб этмаган ризқини талашиб жон сақлаганмиз. Қишлоқда қаҳатчилик экан. Ота-онам очликдан ўлиб кетишибди. Уй тўсинларини сотиб ейишибди. Вайрона ҳовлида кесакдан бошқа ҳеч нарса қолмабди. Укамни аллакимга савобга боқиб олинг деб бериб юборишибди. . . Мен тоққа чиқиб, оёғимдаги чарм этикни чўпонларга ўн кило буғдой, яна озроқ маккажўхорига алмаштириб, ўзим уйга ялангоёқ қайтдим. Донни тегирмонда тортиб, менга бир хамирлик ун тегди. Ўшандан атала тайёрлаб, беш-ўн кун жон сақладим. . " Чол йиғлаб гапиролмай қолади, менинг томоғимга нимадир тиқилади, бошқа савол бермайман. .

Мен нега ўтмишдан сўзлаяпман? Ахир, буни халқ ёдидан ўчириб бўладими?!

Ҳарбий қисмда виқор билан саф тортиб турган аскарларни кўриб, дилимдан шукроналик туйғулари кечди. Алпомишкелбат командир бизни Наманган Давлат университети тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси факультети талабалари-Нодира Муллабоева, Моҳинур Ўрмонова, Азизбек Болтабоев, Сирожиддин Камолиддиновларнинг ҳарбий хизматни намунали ўтаётган аскарлар портретини ишлаётган жойга чорлади. Ёш мусаввирлар ҳарбий хазматчилар сиймосини қоғозга муҳрлашмоқда. Талаба қўлидаги қалам қоғоз узра аскар суратини чиза бошлади.

"Ука, қоғозингиз кичкина эмасми, сиғаманми унга?"-ҳазиллашади паҳлавонкелбат сержантлардан бири. "Сиғасиз, - бўш келмайди рассом ҳам, - биз бу қоғозга бут-бутун тоғни жойлаймиз-у, сиз нима бўпсиз, ака!" Атрофдагилар юзига енгил табасссум ёйилади. Самимий суҳбат касби-кори турли, лекин нияти муштарак инсонларни руҳан яқинлаштиради. Мусаввирлар ҳам анойилардан эмас экан, бир зумда аскарлар суратини ўхшатиб, ўзларига имзолари қўйиб совға қилишди. "Қойил! Уста экансиз!" Аскарлар қувончи ҳаммага юқади. Ҳарбийлар хушнудлигини кўриш қандай яхши! Бу-байрам кайфияти, меҳмонлар ташрифидан миннатдорлик белгиси.

Кўп ўтмай учрашув-мулоқот бошланди. Тарғибот гуруҳи раҳбари Сайфиддин Муҳитдинов аскарларни байрам билан самимий табриклади. Шоир Зиёвиддин Мансуров Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлатимизнинг тинчликпарвар сиёсати, ҳарбий хизмат масъулияти, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ютуқлар, жамиятдаги маънавий янгиланишлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён этиб, истиқлолни улуғловчи шеърларидан ўқиди.

Муқимий номли Ўзбекистон давлат мусиқали драма ва комедия театри актёрлари Отабек Ҳақбердиев ҳамда Нурбек Маматовларнинг чиқишлари гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди. Нурбек Маматов Ўзбекистон халқ артистлари Афзал Рафиқов ҳамда Эркин Комилов овозига тақлид қилиб, улар тимсолида ҳарбийларни қутлади

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, Таэквон-до бўйича етти карра Ўзбекистон, уч карра Осиё чемпиони, Испанияда бўлиб ўтган халқаро ёшлар мусобақаси ғолиби Гулираъно Ваққосова жаҳон спорт майдонларида эришган ютуқлари, дунё узра давлатимиз байроғи хилпираганда кечирган туйғулари, ҳис-ҳаяжонларини ўртоқлашади. Жуссасида матонат мужассам бўлган чемпионга аскарлар гуллар тақдим этишди.

Республика "Ниҳол" мукофоти танловининг вилоят босқичи ғолибаси Соҳиба Сайдалиева, ёш санъаткорлар Улуғбек Мамадалиев, Ёдгора Муродиллиева, Яшнарбек Сойибназаровларнинг маҳорати, мардлик ва жасоратни улуғловчи қўшиқлари, шеърий монологлари барчага манзур бўлди.

Юртимнинг мард ўғлонларига Ватан ҳимоячилари куни қутлуғ бўлсин!

Абдусаттор Ботиров.

Мавзуга оид

  1. ТИНЧЛИК - УЛУҒ НЕЪМАТ

    Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистондан кўп нарсани ўрганмоқда. Бу ютуқлар бизга ғурур ва ифтихор бағишлайди. Аммо дунёдаги воқеалар, халқаро муносабатлар шиддат билан ривожланмоқда, ўзгармоқда.

    2018-02-17 10:25:47604
  1. Шавкат Мирзиёев: Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

    2017-02-10 08:55:55660