ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИШ - БОШ ВАЗИФА


Ваҳобжон РАЖАПОВ,

вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи, тарих фанлари номзоди

Таълим ва тарбия масаласи барча даврларда энг долзарб, эртанги тақдиримизни ҳал қилувчи вазифалардан бири бўлиб келган. Чунки, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган юқори малакали, етук мутахассис кадрлар тайёрлаш бевосита таълим тизимининг ривожига боғлиқ.

Шу боис Ватанига, халқига садоқатли, мустақил фикрлайдиган, ижодкор шахсни вояга етказиш бугунги кунда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳар бир халқ тараққиётида хорижий тилларни мукаммал билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, она тили - миллий маънавият ва қадриятларнинг улкан хазинаси, миллат тафаккурини юксалтирувчи энг асосий восита ҳисобланади.

Шунинг учун умумий ўрта таълим тизимида етакчи ўқув фанларидан ҳисобланган она тили фанининг мақсади, мазмуни ва ўқитиш усулларини такомиллаштириш зарурати шу соҳа мутахассислари ва мутасаддилари зиммасига улкан масъулият юклайди. Зеро, "Умумий ўрта таълим мактаблари она тили таълими Концепцияси"да қайд қилинганидек, мактабда бу фанни ўқитишдан кўзланган асосий мақсад: "...ўқувчиларда ижодийлик, мустақил фикрлаш, фикрини оғзаки ва ёзма шаклларда тўғри, равон ифодалаш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришдан иборатдир". Шундай экан, она тили дарсларида ўқувчиларни матн яратишга ўргатиш орқали уларда оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини шакллантириш, саводхонлигини оширишга эътиборни кучайтириш зарур.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси "Давлат тили ҳақида"ги +онунининг узлуксиз таълим тизимида жорий этилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган "Ўзбек тили таълимини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари" доимий илмий-методик анжумани 1989 йилдан буён фаолият кўрсатиб, унда фақатгина она тили таълимининг долзарб масалалари муҳокама қилиб келинарди. Албатта, бу йўналишда ўтган давр мобайнида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида вилоят филология фанлари ўқитувчиларининг "Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар" мавзусидаги Форуми ташкил этилди.

Мазкур Форумда кўтарилган масалалар вилоятимиз узлуксиз таълим тизимида барча тил ва адабиёт фанларини ўқитишнинг сифат ва самарадорлигини таъминлаш, дарс жараёнида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш каби вазифаларга бағишланганлиги билан муҳим аҳамиятга эга. Тараққиёт бор жойда янги билим ва янгича ёндашувларга эҳтиёж сезилиши табиий. Шу боис она тили ва хорижий тилларни, ўзбек ва жаҳон адабиётини ўқитишни замон талабига ҳамоҳанг ташкил этиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш эртанги истиқболдаги ютуқларимиз кафолатидир.

Ёш авлодни комил ва етук шахс сифатида тарбиялашда барча турдаги таълим муассасаларида она тили таълими мазмуни Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштирилди.

Мамлакатимизда бағрикенглик тамойилларига қатъий амал қилинади. Вилоятимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг таълим олиш имкониятлари ҳуқуқий жиҳатдан таъминланган. Ҳозирда вилоятимизда таълим жараёни 682 та умумий ўрта таълим мактабларидан 680 тасида таълим ўзбек тилида, 2 тасида қирғиз тилида олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1875-сонли қарори асосида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб чет тилларини ўқитиш йўлга қўйилди.

Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси томонидан узлуксиз таълим тизимининг Давлат таълим стандарти тасдиқланиб, унга мувофиқ чет (инглиз, немис ва француз) тили фанларидан ўқув дастурлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Ушбу Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларига умум эътироф этилган Европа Кенгашининг "Чет тилни эгаллашнинг умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўқитиш, баҳолаш" тўғрисидаги халқаро ҳужжати (CEFR) меъёрлари асос қилиб олинди.

Ҳозирда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ва тажрибали хорижий тил ўқитувчилар гуруҳи шакллантирилиб, уларни тренерликка тайёрлаш лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бугун ўтказилаётган филология фанлари форуми ҳам рамзий маънода тиллараро ҳамжиҳатлик ва тил ўрганишдаги тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилувчи самарали қадамлардан бири, десак, хато бўлмайди.

Маълумки, фан ва техника жадал суръатлар билан ривожланаётган бугунги кунда кўплаб илмий билимлар, тушунча ва тасаввурлар ҳажми кескин ортиб бормоқда. Бу, бир томондан, фан-техниканинг янги соҳа ва бўлимлари тараққий этиши туфайли унинг дифференциаллашувини таъминлаётган бўлса, иккинчи томондан, фанлар орасида интеграция жараёнини вужудга келтирмоқда. Бундай шароитда юқори малакали педагогларга бўлган талаб ортиб, баркамол авлодни асрлар давомида шаклланиб келган умуминсоний ва миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш лаёқатига эга, фаннинг фундаментал асослари, педагогика ва психология методларини мукаммал эгаллаган, касбий тайёргарлиги юксак даражада бўлган ҳамда замонавий педагогик ва ахборот технологияларини амалиётда қўллаш кўникма ва малакасига эга ижодкор педагогларни тайёрлаш талаб этилади.

Ҳозирги вақтда таълим-тарбия жараёнида педагогик инновацияларни кенг кўламда қўллаш жаҳон тараққиётининг глобал тенденцияси ҳисобланади. Педагогик инновациялар кўламининг ортиши, мамлакатда модернизация жараёнининг тез суръатларда ривожланаётганлиги сабабли айни даврда таълим соҳасига янгиликларни тизимли равишда киритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо таълим жараёнларига ўқитишнинг янги мазмун, шакл, метод ва воситаларини татбиқ этиш бўйича педагогик тадқиқотларнинг жорий этиш даражасини ҳозирча етарли деб бўлмайди.

Дарҳақиқат, янгиланган таълим тизимини жорий этишда ҳар бир ўқитувчи ўз фани ва баркамол авлод таълим-тарбиясига оид янгиликларни мунтазам ўрганиб, уларни ўз меҳнат фаолиятида изчил қўллай билиш маҳоратига эга бўлиши муҳим.

Бугун фан ва техника соҳасидаги янгиликларни ўқув дастурлари мазмунига тез киритиш талаб этилади ва бу орқали замонавий билимларни шакллантиришга замин ҳозирланади. Бундан ташқари замонавий ўқитиш технологиялари, улар билан боғлиқ методик ёндашувлар бўлажак ўқитувчиларда зарурий билимлар, муҳим қонуниятлар, кўплаб фундаментал тушунчаларни нисбатан енгил, чуқур ва мустаҳкам шакллантириш учун қулай шароит яратади. Тил таълимининг сифат ва самарадорлигини оширишда филология фанларидан дарс бераётган ўқитувчилар билим ва касбий маҳоратларининг замон талабларига мослиги, уларнинг мавжуд ўқув-лаборатория ва техника жиҳозларидан дарс жараёнида оқилона фойдаланиши, ташкил этилаётган амалий лаборатория машғулотлари самарадорлиги, ўқувчи юқори даражада ўзлаштириши учун ҳар бир мавзунинг илғор педагогик технологияларни қўллаган ҳолда ўтилишини таъминлаш талаб этилади. Филология фанларини ўқитишда компетенциявий ёндашувга асосланган таълимни амалиётга жорий этиш, ўқувчиларда эгаллаган билимларини ҳаётда қўллай олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мустақил таълим олиш кўникмаларини ривожлантириш кўзланган асосий устувор йўналишлардан биридир.

Зеро, таълим-тарбия жараёнида ўқувчиларда коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўзини ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ва умуммаданий, математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш каби таянч компетенцияларни таркиб топтириш муҳим аҳа­миятга эга.

Ўқувчи-ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш устувор вазифага айланган. Чунки тил ва адабиёт ўқитувчисининг энг асосий ва долзарб вазифаларидан бири ҳам шу. Бугунги кунда умумтаълим муассасалари кутубхоналари бадиий адабиётлар билан тўлиқ таъминланаётган бўлса-да, ўқувчиларнинг китоб ўқишга қизиқиши талаб даражасида эмас. Болага китоб ўқитиш учун ўқитувчининг ўзи ўрнак бўлиши керак. Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар­қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги Фармойиши асосида ўқувчилар ўртасида китоб ўқиш маданиятини янада юксалтириш борасида режали тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўқувчилар ўртасида ўзаро рақобат муҳитини яратиш ва уларни китоб мутолаасига рағбатлантириш мақсадида "Энг яхши китобхон ўқувчи" ва "Китобхон мактаб" танловлари жорий этилиши лозим.

Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ишлар, қўлга киритилган кўплаб ютуқлар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳам кўзга ташланади. Булар:

биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 6 апрелдаги "Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 187-сон қарори билан тасдиқланган Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурларининг мазмун-моҳияти мутасаддилар, таълим муассасалари раҳбар кадрлари ҳамда фан ўқитувчилари томонидан тўлиқ тушуниб етилмаганлиги боис таълим жараёнида компетенциявий ёндашувга асосланган янги босқичга ўтишда бўшлиқлар юзага келмоқда;

иккинчидан, вилоят миқёсида "Фан ойликлари", фан олимпиадалари, "Билимлар беллашуви" ва бош­қа кўплаб тадбирлар ўтказилиши, таълим муассасаларидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ташкил қилинган семинарлар ўтказилишига қарамай, ўз фикрини ёзма равишда белгиланган талаблар даражасида баён эта олмайдиган, ўзбек тилининг имло қоидаларини яхши билмайдиган ўқувчиларни учратишимиз мумкин;

учинчидан, умумтаълим мактаблари кутубхоналари бадиий адабиётлар билан таъминланаётгани ҳолда ўқувчиларнинг китоб ўқишга қизиқиши талаб даражасида эмас;

тўртинчидан, чет тили фанларидан яратилаётган дарсликлар (дарслик, ўқитувчи методик қўлланмаси, машқ дафтари ва мультимедиа илова) ва ажратилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадли фойдаланишда лоқайдликка йўл қўйиш ҳолатлари учраб турибди;

бешинчидан, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактаблардаги ўқувчилар рус тилида ўзаро мулоқотга кириша олмайди.

Шундан келиб чиқиб, ўйлайманки, қўйидаги вазифаларни бажариш талаб этилмоқда:

биринчидан, она тили ва адабиёт, рус тили, чет тиллари ва қардош тиллардан дарс бераётган ўқитувчиларнинг барчаси ҳам ўз фанидан етарли даражадаги билим, кўникма, малака ва компетенцияларга эга эмас. Уларнинг малакасини оширишда альтернатив усулларни қўллаш ҳамда тинимсиз изланишларини йўлга қўйиш;

иккинчидан, 2007 йилгача таълим қардош тилларда олиб бориладиган мактабларда "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танлови ўтказиб келинган. Кейинги йилларда ушбу кўрик-танлов ўтказилмаяпти. Кўрик-танловни қайтадан ташкил этиш орқали қардош тиллар ўқитувчилари орасидан истеъдодли ва иқтидорлилари аниқланади ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш орқали қардош тиллар ўқитилишининг сифат ва самарадорлиги оширилади;

учинчидан, таълим ўзбек ва қардош тилларда олиб борилаётган мактабларда рус тилининг ўқитилиш сифати пасайиб кетаётганлиги сабабли ушбу фан ўқитувчиларининг малакасини ошириш ҳамда фаннинг сифат ва самарадорлигига эришишга қаратилган қатор чора-тадбирларни ишлаб чиқиш каби масалалар ечими олдимизда турибди.

Филология фанлари ўқитувчилари Форумининг "Тил ва таълим: муаммолар, истиқболдаги вазифалар" мавзуси муҳокамасига бағишланганини ҳозирги кун тил таълими олдида турган асосий талабларга жавоб сифатида қараш мумкин. Зеро, она тили ва хорижий тилларни чуқур ўзлаштирган, адабиётга меҳрли, китобхонлик маданияти шаклланган ўқувчининг фикрлаш қобилияти теран, оғзаки ва ёзма нутқи равон, ҳар қандай янги билимни тез, пухта ва чуқур ўзлаштириб олиш, таҳлил этиш салоҳияти юқори бўлади.

Бу вазифаларни изчил равишда самарали амалга ошириш, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида алоҳида масъулият ҳис этиб, ўқитиш сифатини такомиллаштириш педагогларнинг биринчи галдаги вазифаси бўлмоғи лозим.

Мавзуга оид

  1. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ПОЙДЕВОРИ бошланғич синфларда мустаҳкамланади

    Кўп йиллик тажрибалар асосида исботланиб, таълимда аксиома мақомини олган бу ибора замирида энг аввало, ўқитувчи маҳорати ва педагоглик салоҳияти, касбий малакаси ҳам муҳим ўрин тутиши сир эмас.

    2017-03-15 16:42:561257
  1. ТАЪЛИМ СИФАТИНИ ОШИРИБ

    Бугунги тезкор ривожланаётган даврда илм-фан, техника ҳам шиддат билан ўзгариб бормоқда. Ҳар бир соҳа тараққиётининг жадал одимлашида таълим соҳасида юз бераётган ўзига хос янгиликлар муҳим аҳамиятга эга.

    2019-06-17 14:32:170
  1. МУЛОҚОТ МАҲОРАТИНИ ОШИРИШ

    Ёшлар ўртасида ҳорижий тилларни ўрганишга қизиқиш тобора ортмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ҳам айни шу мақсадга йўналтирилган.

    2019-05-14 15:43:5653
  1. СИФАТЛИ ТАЪЛИМ - БОШ МАҚСАДИМИЗ

    "Таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинларини замон талаблари асосида такомиллаштириш-биринчи даражали вазифамиз", деб таъкилагандилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев. Таълимни ривожлантириш ва халқ манфаатлари йўлида хизмат қилдириш ўқитувчи ва мураббийларнинг муқаддас бурчидир.

    2017-10-30 14:52:26625