ТАЛАБЛАР ҚАНОАТЛАНТИРИЛМОҚДА


Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида вазирликлар, ҳокимият органлари, бошқарма, ташкилот, муассасалар раҳбарларига қарата халқ биздан рози бўлсин, амалга оширилаётган ишлар инсонлар оғирини енгил қилиш кераклигини таъкидлаётгани бежиз эмас. Аҳолининг бирон масалага муносабати шикоят ва аризаларда намоён бўлади. Шунинг учун жойларда ташкил этилган фуқаролар мурожаатлари қабулхоналарига тушган ариза ва шикоятларни ўрганиш ва ҳал этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Бу борада Наманган туманида ҳам муайян ишлар амалга ошриляпти. Хусусан, ТХТМФМТ ва ТЭ бўлимида ижро интизоми Назира Юсуповага юклатилган бўлиб, фуқароларнинг ариза ва мурожаатлари доимо диққат-эътиборда.

- Жорий йилнинг ўтган даврида фуқаролардан 3 та ёзма ариза тушди, - деди биз билан суҳбатда Н.Юсупова,- Масалан, Тошбулоқ МФЙда яшовчи Мавжуда Кенжаеванинг 2017 йил, 5 январда иш сўраб ёзган аризасига асосан унга 19 ва 40-умумтаълим мактабларида 0,5 ставкадан кутубхона мудирлигида ишлаш таклифи билдирилган жавоб хати 16 январда юборилди. Ҳозирда бу фуқаро мазкур таълим муассасаларида меҳнат қилмоқда. Қолган аризачиларга ҳам белгиланган тартибда жавоблар йўлланди.

Бундан ташқари Наманган туманидан виртуал қабулхонага 10 та, бўлим мудири қабулида 81 та оғзаки мурожаат тушган.

- Бу мурожаатлар мазмуни турлича, - деди Наманган туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлими мудири Дилбар Ҳошимова,-Бу ободонлаштириш, таълим соҳасидаги муаммолар, мактабларда дарс сифатини янада яхшилаш бўйича таклиф ва мулоҳаза, оилавий, иқтисодий масалалардир. Менинг қабулимда бўлган ҳар бир фуқаронинг мурожаатини махсус дафтарга қайд этиб, агар иложи бўлса шу жойнинг ўзида, агар лозим бўлса жамоага бориб ўз ўрнида ҳал этишга одатланганман. Чунки, шикоятнинг катта-кичиги бўлмайди. Бугун эътибордан қолган ёки пайсалга солинган мурожаат эртага жиддий муаммога айланиши ҳеч гап эмас. Муҳими, ҳар қандай муаммога ечим топилади. Фақат одамларни тинглашни ўргансак, уларни қийнаётган масалаларга жиддий ёндошсак, бас.

Мурожаатлар "Юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига асосан изчил ўрганилиб, кўрилган чора-тадбирлар бўйича ахборот тақдим этилмоқда.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да раҳбар ходимлар давр синовидан ўтмоқда. Фидоий ва изланувчан, халқ ташвиши билан елиб-югуришдан чарчамайдиганлар мавжуд муаммоларни ҳал этибгина қолмай, балки бу каби камчиликлар такрорланмаслиги учун жойларда пухта иш ташкил этиб, ўзларига зарур хулоса чиқармоқдалар. Зеро, ҳар қандай мурожаат фуқаронинг қонун билан ҳимоя қилинган ҳуқуқи бўлиб, унинг қаноатлантирилиши муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш омилларидан биридир.

Абдусаттор БОТИРОВ