ТАДБИР ДАВОМ ЭТАДИ


Норин туманидаги 34-умумий ўрта таълим мактабига 1975 йили асос солинган. Ўтган 43 йил мобайнида мазкур илм даргоҳида минглаб ёшлар фан сирларини ўрганиб, ҳаёт сабоқларини олишди. Ўқитувчиликдек эзгу касб соҳибларидан билим олган ёшлар юрт равнақи йўлида баракали меҳнат қилмоқдалар.

Кўп йиллик бой иш тажрибаси, ўзига хос анъана ва тарихга эга қадрдон мактабда эса бир пайтлар биринчи устозлардан илм ўрганган шогирдлар ёш авлодга таълим-тарбия беряптилар. Демак, хайрли ва эзгу иш давом этмоқда. Бу, "Ўқитувчилар ва мураббийлар куни" арафасида янада яққол намоён бўлди.

Халқ таълими вазирлигининг "Устозингни табрикла!" тавсияси ва "Устозлар боғи" экофестивали ўтказиш ташаббуси доирасида мактаб педагоглари ва ўқувчилари дастлаб таълим тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар хонадонларига йўқлов уюштиришди. Ҳар бир фахрий педагог бундай эътибор ва эъзоздан четда қолмади.

- 25 нафардан зиёд фахрий устозларимиз бор. Байрам муносабати билан уларнинг уйларига бориб, хабар олдик. Ўқувчилар иштирокида уюштирилган самимий мулоқотлар ёш авлод учун ҳам фойдадан холи бўлмади, - деди директор Гулчеҳра Камолова. - Ёшлар энг аввало, устоз номли инсон улуғ ва мўътабар, иззат-икрому эътирофга лойиқ эканлигига, қолаверса, уларнинг ҳаётий тажрибалар мисолида айтиб берган пурмаъно ҳикматлари, насиҳатларидан баҳраманд бўлишди. Устозлар йўқлови аслида жамоамиз учун кўп йиллик анъана. Ҳар йили Наврўз, Истиқлол айёмлари ва устозлар байрами кунларида мактабимизда меҳнат қилган фахрийларимиз ҳолидан хабар оламиз. Байрам совғалари тортиқ қиламиз.

Бу йил таъкидлаганимиздек, йўқлов билан бирга Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан бошланган "Устозлар боғи" экофестивали муносабати билан мактабда боғ ташкил этилди. Унга дастлаб 25 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.

- Шу мактабда 35 йил математика фанидан дарс бердим,- деди Абдурашид Маҳкамов.- Юзлаб иқтидорли ўқувчилар етишиб чиққан. Улар орасида бизга ҳавас қилиб ўқитувчи касбини эгаллаган шогирдлар талайгина. Шулар бизнинг меҳнатимиз ҳосиласи, фахримиз, ғуруримиз. Даврни қаранг, ўқитувчидек буюк зотнинг эгилган қадди тиклаяпти. Унинг обрўси, бой берилган нуфузини қайтариш учун давлатимиз раҳбарининг ўзи, ҳукумат катта эътибор бермоқда. Хурсанд бўлмай иложинг йўқ. Бу эътироф, ҳурматнинг қадрига етиш, фидоий меҳнат билан жавоб қайтариш лозим.

Мактабда байрам муносабати билан ташкилланган тадбирда истеъдодли ўқувчилар устозлар шарафланган куй-қўшиқлар, рақслар ижро этиб, барчани хушнуд этдилар.

Ғанишер АКБАРОВ

Суратда: "Устозлар боғи"га кўчат ўтқазилмоқда.

Мавзуга оид

  1. ТАНТАНАЛИ ТАДБИР

    Бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллашув жараёни қизғин кечмоқда. Бугунги кунда турмушнинг барча жабҳасида аёллар ҳиссаси, ўрни ва сўзи бор. Аслида аёлнинг жамиятда ўз ўрнини топиши - унинг ҳаётдан мазмун ва қувонч топиб яшаётганидан далолатдир.

    2018-03-12 07:37:10282
 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031