СИЗНИ ШАРАФЛАЙМИЗ, АЗИЗ УСТОЗЛАР


Игна билан қудуқ қазимоқдек машаққатга менгзалган касб - дунёдаги энг улуғ ва энг муқаддас эътирофга йўғрилган, ҳамиша эзгу ва ардоқли ЎҚИТУВЧИЛИК экани исбот талаб этмайдиган ҳақиқат. Айнан шу касб соҳиблари туфайли ҳарф таниймиз, сўз битмоқни ўрганамиз, одамийлик сабоғини оламиз. Улар туфайли йўлларимиз равон ва ҳаётимиз нурафшон бўлади.

Шогирдининг камолини кўрса, чеккан заҳматларини унутадиган, тоғдек қадди, қадрини ўқувчисининг заррадек ютуғига алмашишга ҳозир, унинг учун бор меҳри, умри, соғлиғини сарфлашга тайёр бошқа қандай касб эгаси бор ахир?! Шу боис уларни ҳурмат қиламиз. Шу сабаб ардоқлаймиз, суямиз, эъзозлаймиз.

Куни кеча нишонланган айём арафасида байрам баҳона устозларга бўлган эҳтиромимиз, ҳурматимизни турли тадбирлар, учрашувлар ва шодиёналарда яна бир бора ифода қилдик. Вилоят халқ таълими бош­қармасига қарашли 9-ДИМИ педагоглари ҳам бошқа ҳамкасблари қатори "Ўқитувчилар ва мураббийлар куни"ни кўтаринки кайфият билан нишонладилар. Байрам муносабати билан ёзилган дастурхон узра унга таклиф этилган таълим фахрийлари иштирокида дилдан суҳбат қурилди, устозлар шаънига битилган шеърлар, куй-қўшиқлар янгради. Тадбирда сўз олганларнинг аксарияти ўқитувчиликдек серзаҳмат касбнинг оғир-енгилини яхши биладиган, бор билими ва ғайрати, умрини ёш авлодга билим беришдек эзгу ишга сарфлаган фидоий инсонлардан иборат бўлди. Давра аввалида мактаб-интернат директори Маъмура Султонова барчани устозлар байрами билан табриклаб, билим даргоҳи равнақига салмоқли ҳисса қўшган Ваққосхон Мамадалиев, Эргашбой Нишонов каби устозларнинг номларини ёдга олди.

Меҳнат фахрийси Онахон ая Аҳмедова Чиндовулнинг биринчи аёл ўқитувчилари сифатида иш бошлаганда унинг ўзи болалик билан хайрлашиб улгурмаган эди. Ўқитувчиликдек фахрли касбга бўлган меҳр, иштиёқ уни касб сир-асрорларини устозлардан мукаммал ўрганишга ундади. Интилиш, меҳнатсеварлик, изланиш Онахон аяни энг билимдон, тажрибали, талабчан педагоглар сафига қўшди. Учрашувда Онахон ая ёшлик йиллари хотиралари, устозлари ва таълим-тарбия соҳасида амалга оширган ишлари ҳақида гапириб берди. Таълим фахрийси Баҳриддин Нуриддинов мактаб-интернатнинг ривожланиши, педагоглар эришган ижобий натижалар ва салоҳиятли кадрларни етиштиришда муносиб меҳнат қилган фахрий устозларга тўхталди.

- Устозни йўқлаган, унутмаган асло кам бўлмайди. Биз бугун кўрсатилган ҳурмат-эътибордан жуда мамнунмиз, - дейди меҳнат фахрийси Тошпўлат Сатторов. - Ёш ҳам­касб­ларга эса тилагимиз битта. Юракдан ишласа, касбига меҳри, ғайрати қўрини қўшиб тер тўкса, меҳнати натижаси жуда яхши бўлади. Очиғи, мактаб-интернатда ана шундай аҳил, кучли ва билимдон ўқитувчилар жамоаси ишлаяпти. Улардан таълим олаётган фарзандларимиз қўлга киритаётган натижалар ҳам шуни тасдиқлаб турибди. Ўқитувчининг обрўси, мавқеи тикланаётган, унга давлат миқёсида эътибор қаратилаётган даврда устозларнинг ўзлари ҳам унга мос бўлишга интилишлари зарур. Ана шунда кўзланган мақсадга етаверамиз.

Даврада янграган куй-қўшиқлар барчага бир олам завқ-шавқ улашди. Самимий тилаклардан яйраган диллар, қувонч порлаган нигоҳларларни кўриб беихтиёр иқрор бўласиз. Устозларим, бунчалар мунис, бунчалар камтар, бунчалар мўътабарсиз!

Гулнора АКРАМОВА,

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. ҚАДР ТОПГАН УСТОЗЛАР

    Нориндаги 31-умумтаълим мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари учун жуда қадрдон сиймолар борки, уларни ҳамма эъзоз ва ҳурмат билан тилга олади. Педгоглик касбини мукаммал ўзлаштирган ва фидоийларча меҳнат қилган Маҳпират Мирзалиева, Абдужаббор Бекмирзаев, Кимё Сайдалиева ва Абдураҳим Мамадиев ана шундай устозлар тоифасидан эдилар.

    2017-05-24 17:47:52330
 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031