"ШУҲРАТИ ШЕЪР БОБИДА МАШРАБИ МЎЪТАБАР ЎЗИМ"


Бу эзгу одат давом эттирилиб, Бобораҳим Машраб таваллудининг 377 йиллигига бағишланган китобхонлик байрами наманганлик адабиёт мухлислари, Тошкентдан ташриф буюрган таниқли адабиётшунос олим, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида чинакам шеърият тантанасига айланди.

Наманган шаҳри марказида янги барпо этилган Бобораҳим Машраб хиёбони эрта тонгдан оташнафас шоир мухлислари, олим ва ёзувчилар, талаба ёшлар билан гавжум бўлди. Машраб ҳайкали пойига давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари томонидан гулчамбарлар қўйилди. Қўлларида алвон атиргуллар тутиб шоир тимсолига фахр билан боқаётган ёшлар, ўйга чўмган мухлислар қалбида шеър дарди, сўз сеҳри ёлқинланган бўлса, ажаб эмас.

Машраб хиёбонида китоблар ярмаркаси, вилоят ўлкашунослик музейи, Нодира номидаги ахборот-кутубхона маркази, институт ходимлари томонидан экспонат ва нодир қўлёзмалар, шоир ҳаёти ва ижодига бағишлаб турли йилларда нашр этилган илмий-оммабоп мақола, китоб, илмий асарлар кўргазмаси, мусаввирлар, халқ амалий санъати усталарининг Машраб сиймосини янги талқинларда яратиш йўлида изланишлари кўргазмаси ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири, атоқли адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев Бобораҳим Машраб ижодининг ўзига хос жиҳатлари, адабиётга, маънавиятга берилаётган эътибор ҳақида фикр-мулоҳаза билдирдилар.

Машраб асарлари чуқур ижтимоий фалсафа билан суғорилган. Давр воқеалари, жоҳиллар қилмиши кескин танқид қилинган. Ғазалларда шоирнинг безовта қалби, оташ муҳаббати, замон кирдикорларига кескин муносабати, инсон руҳи, эрки ёрқин акс этган. Мисралар содда, ўйноқи, куйга мойил, ҳис-ҳаяжонга тўла, бир ўқишда ёдда қоладиган, беихтиёр дилга кўчадиган.

Балки, Машраб асарлари оғиздан-оғизга ўтиб келаётганига сабаб халқ дилига яқинлиги, дардчил, самимий, шарқона фалсафага йўғрилгани, муҳаббат туйғуси юксак бадиий ифода этилгани, ёр тимсоли гўзал, ҳаётий эканидир?

Такаллум айласанг гоҳи лаби шаккарфишонингдан,

Тасаддуқ бўлса жоним гоҳ бошингдин, гоҳ оёғингдин.

Кўзинг жон олғали қотил, сўзинг жон бергали мойил,

Масиҳо сенму оё, жон насими келди ёнингдин?

Машраб асарлари инсон қадр-қиммати маънавий жасорати, эзгулик, гўзаллик ифодасини топган ғазал, мустазод, мурабба, мухаммас, мусаддас, мусабба, маснавий, рубоий каби адабий жанрларнинг етук намуналаридир. Шунга қарамай юқори табақа вакиллари Машрабни жисман йўқ қилдилар.

Исёнкор шоир Балх ва Қундуз ҳокими Маҳмудбий Қотағон ҳукми билан 1711 йилда дорга осилади. Бу қотиллик жаҳолат даврининг ёрқин кўринишидир. Аммо замонлар Машраб ижодига дахл қила олмади. Аксинча, унинг ғазаллари тилдан-тилга, дилдан дилга кўчди. Шоир "Шуҳрати шеър бобида Машраби мўътабар ўзим" деб ёзганида қанчалик ҳақ бўлганини тарих исботлади.

Бугун Наманганнинг гўзал бир масканида Машраб ҳайкали гуллар оғушида, юзлаб шеър мухлислари қуршовида мағрур қад ростлаб турибди. Қўлига асо тутган, нигоҳи узоқларга қадалган шоҳ Машраб гўё бундан ҳам олис замонларга-буюк келажакка шошаётгандай таассурот қолдиради. Замонлар ўткинчи, шеърият, муҳаббат, қадрият абадий эканига Машраб асарлари ёрқин мисолдир.

НамДУда китобхонлик байрами қатнашчилари иштирокида "Янгроқ ғазал дилларда, Машраб мангу дилларда" мавзусида илмий-амалий         анжуман ўтказилди. Анжуманда адабиётшунос олимлар" Машраб ижоди шоир ва олимлар нигоҳида", "Бобораҳим Машрабнинг ўзбек ғазалчилиги такомилидаги ўрни", "Машраб ғазалларининг хорижий тилларга таржималари" каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Абдусаттор БОТИРОВ

Мавзуга оид

  1. ШУҲРАТИ ОЛАМНИ ТУТГАН

    Ҳар бир халқнинг шонли ўтмиши билан боғлиқ сиймолари бор. Соҳибқирон Темур халқимиз тарихида муҳим ўрин тутган инсонлардан биридир.

    2019-05-06 04:33:0095
  1. ҚЎШИҚ БЎЛИБ ТУЮЛСИН ҲАЁТ

    Эркин Воҳидов ҳаёт бўлганида 80 ёшни ортда қолдирган бўларди.

    2017-01-31 11:00:05688