Санъат сеҳри


Ёш авлодни баркамол вояга етказишда бошқа омиллар қаторида мусиқа санъатининг ўрни алоҳида. Жумладан, куй - инсон туйғуларига жон бағишлайди. Қалбнинг энг нозик торларини чертиб, дилга ором бахш этади. Эътибор берсангиз, табиат буюк санъаткор. Ёмғир шитирлаши, япроқлар шивири, қушлар нағмасида куй бор, сеҳр бор. Ҳар бир жисм ўзидан маълум бир товуш тарқатади. Бу - бизни қуршаб олган олам оҳанги.

Одамзод ҳаёти мусиқа билан чамбарчас боғлиқ. Давлат мадҳияси янграган заҳоти халқ оёққа қалқийди. Ҳарбий марш садоси аскарлар руҳига жанговарлик бағишлайди. Яқинларимизга мусиқий табриклар йўллаймиз.

Олимлар нафис куй таралган хонадаги гуллар ўзгача барқ уриб яшнаши, аксинча, ёвузлик, қабоҳат, ваҳима уй­ғотувчи овозлар таъсирида сақланган ниҳол сўлиб қолишини аниқлашган. Замонавий тиббиётда мусиқа терапеядан фойдаланилмоқда. Бу каби фикрларни яна давом эттириш мумкин. Ҳар ҳолда, жон инсон танасига куй сеҳри ёрдамида жойлангани ҳақидаги афсона бежиз тўқилмаган.

Тўрқўрғон туманидаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабига кириб борганимизда хаёлимиздан ана шу фикрлар кечди. Сабаби бу даргоҳга қадам қўйишингиз билан руҳингизда ажиб ҳаловатни сезасиз. Зич ёпилган эшиклар бўйлаб юрарканмиз мусиқа хона деворларини ёриб ўтиб, вужудимизга сингаётгандек туюлади. Болалар турли йўналишларда куй-қўшиқларни ижро этишмоқда. Кимдир миллий чолғу асбобларида маҳоратини ошираётган бўлса, бош­қаси устоздан ноталар бўйича сабоқ оляпти. Яни биров овозини мумтоз қўшиқларга созлаяпти. Ўзига хос, бетакрор машғулотлар.

Мактаб директори Умиджон Алиев бизни, ёшларга ҳалал бермайлик дегандек, ўз хонасига бошлади. Деворларни саънат оламининг машҳур дарғалари портретлари безаган. Турли кўрик-танловларда қўлга киритилган ютуқлар тасдиғи бўлган диплом, фахрий ёрлиқ, рамзий эсдаликлар диққатимизни тортади.

- Мактабда ўқувчилар санъат турларидан таълим олишлари учун барча шароитлар яратилган, - деди у биз билан суҳбатда, - машғулотлар ҳар куни давом эттирилади. Санъатга истеъдодли ўқувчиларни жалб қилганмиз. Уларнинг кўпчилиги мутахассисларда умид уйғотмоқда.

Директор гап орасида Мўминжон Алиев, Дилдора Дадабоева, Юлдуз Ўринбоева сингари бир қатор ўз касбининг устаси ҳисобланган ўқитувчилар номини тилга олади. Улар эришаётган ютуқлар, олиб борилаётган маш­ғулотлар, ёш истеъдод эгалари ҳақида тўлқинланиб сўзлайди.

Мактабда 9 та йўналиш бўйича 177 нафар ўқувчи мусиқа ва санъат йўналишидан сабоқ олмоқда. Шундан 67 нафарини қизлар ташкил этади.

Хореография бўйича мутахассис Ёқутхон Хумойдинованинг қизлар билан ўтказаётган машғулотини бир лаҳза кузатамиз. 9-12 ёшлар атрофидаги қизалоқлар рақс санъатини қизиқиш билан ўрганмоқдалар. Уларнинг аксарияти мана шу қишлоқдан. Улар орқали санъат оилаларга кириб бормоқда. Ёшларнинг бу борадаги тушунчаси кенгаймоқда, ҳаёт йўлини жуда ёшликдан танламоқдалар. Бу-катта санъат сари ташланган илк қадамлар.

Директор мактаб жамоаси эришган ютуқларни ифода этувчи бир даста фахрий ёрлиқ, дипломларни кўз-кўз қилади. Улардан бирига кўз ташлаймиз: "Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси Тўрақўрғон туманидаги 10-сонли БМСМ ўқувчиси Ғуложонова Шаҳзодани болалар қўшиқлари, шеър­лар ва куйларини яратиш бўйича Республика ижодий танловининг вилоят босқичида шеър йўналиши бўйича фахр­ли 1 ўринни эгаллагани учун ушбу диплом билан тақдирлайди. Бошқарма бошлиғи В. Ражапов. 2016 йил 22 апрель". Булар қаторига Қундузхон Маткаримова, Шоҳруҳ Аҳаджонов Содиқжон Тўхтабоев сингари ўнлаб ўқувчиларни ёки фольклор, анъанавий ижрочилик, зарбли чолғулар каби кўплаб жамоалар номига битилган ёрлиқларни қўшиш мумкин.

Муҳими, бу қутлуғ даргоҳда ёшлар маънавий жиҳатдан баркамол улғаймоқда. Баркамол авлод эса халқимизнинг эзгу мақсадларини рўёбга чиқарадиган, давлатимиз келажагини таъминлайдиган кучдир.

Абдусаттор БОТИРОВ.

 

 

Мавзуга оид

  1. ҲАЁТ САҲНАСИДА ЯШАМОҚ - САНЪАТ Ҳусниддин ШАРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири

    Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли - деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади.

    2017-04-11 13:35:54758