САДОҚАТ


Наманган шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида касбига меҳр қўйган таълим фидойилари кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай педагоглардан бири кимё фани ўқитувчиси Шаҳло Ғаниевадир. У қарийб 25 йилдан буён мазкур таълим муассасасида самарали меҳнат қилмоқда. У ўтган йилларда кимё фанини ўқитиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш бўйича ўндан ортиқ семинар ва очиқ дарс соатлари ташкил этишда ташаббус кўрсатди, методик тавсиялари оммалашди. Жумладан, 7-синфларда "Асослар. Асосларнинг таркиби, тузилиши, ва номланиши", 8-синфларда "Сулфат кислота", 9-синфларда "Пўлат ишлаб чиқариш", 10-синфларда "Алкадиенлар. олиниши ва хоссалари", 11-синфларда "Масалалар ечиш", мавзуларида очиқ дарслар ташкил этиб, илғор педагогик маҳоратини намоён этди. Бу дарслар вилоят миқёсида оммалаштиришга тавсия этилди. Бундан ташқари ўқувчилар ўртасида табиий фанларни тарғиб қилиш мақсадида "Даврий жадвални ўрганамиз", "Кимё-бу ҳаёт", "Кимё-интелектуал ринг", "Кимё-шоу" каби қизиқарли мусобақалар ташкил этиб, ноанъанавий маш­ғулотларни кенг оммалаштиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

- Менинг ўқитувчи сифатида шаклланишимда устозим Маъмура Муродованинг ўрни беқиёс бўлган. - дейди Шаҳло Ғаниева. - Шогирдлар кўп бўлиши мумкин, лекин чин мураббий битта бўлар экан. Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, ўз касбининг билимдони ва фидойиси бўлган бу аёл мен каби ўнлаб ёш педагоглар қўлидан тутиб, "катта қилган", десам янглишмайман. Устоз нега бу қадар улуғланишини шу аёл тимсолида англаб етганман. Айниқса, директор лавозимида ишлаган кезларида лавозимим малол келмасин, деб биринчи бўлиб саломга шошилар, биздан юқорига ўтишга ҳам хижолат чекарди. Устоз отангдек улуғ, дейдилар. Бундай инсонларни устоз онангдек азиз, десалар ярашади. Афсус, умрлари қисқа экан, 2014 йилда 62 ёшида вафот этдилар. Лекин, ҳаёт йиллар билан эмас, эзгу ишлар билан ўлчанади. Шундай экан, шогирдлар умри ҳам устозим умри, дегим келади. Негаки, Маъмура опанинг ёди ўнлаб шогирдлари қалбида яшамоқда. Устозимга бўлган ҳурмат, ундан олган сабоқларим умримга мазмун бағишлади.

Шаҳло Ғаниева ўз фаолияти қолиб, устози ҳаётидан сўзлар эди. Шунда мен устоз-шогирд анъ- анаси бу каби фидойи аёллар тимсолида давом этаётгани, бу эзгу қадрият шу тариқа авлоддан авлодга муқаддас маёқдай ўтишини ва ҳеч қачон сўнмаслигига иқрор бўлдим.

Бугун унинг атрофида ҳам кўплаб ёшлар гиргиттон. Устознинг ёшларга меҳр тўла нигоҳи улар қалбида келажакка ишонч, касбига меҳр, ҳаётга садоқат уйғотади. Улардан сабоқ олиб ўсаётган ўқувчилар эса инсоний қадриятларни эъзозлаб, ҳаётга гўзаллик улашиб яшайдилар.

Абдусаттор БОТИРОВ

Мавзуга оид

  1. ВАТАНГА САДОҚАТ НАМУНАСИ

    Юзма-юз мулоқотда ҳарбий ва ёшлар ўртасидаги дўстлик, ҳамфикрлилик туй­ғулари мустаҳкамланиб, ўқувчилар Ватанга муҳаббат ва садоқатнинг ёрқин намунаси бўлган ҳарбий хизмат ҳақида унутилмас таассурот ва эзгу орзулар билан қайтдилар.

    2018-02-17 10:48:39604