ПАРВОЗИ ЮКСАК ЁШЛАР


Кейинги йилларда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 11 йиллик таълим қайта тикланиб, мактабни аъло баҳо ва намунали хулқ билан тамомлаган ўқувчиларни олтин ҳамда кумуш медаллар билан тақдирланиши ёшлар иқтидорига муносиб эътирофдир. Чунки, умумтаълим мактабларининг минглаб ёшлари ҳали ўқувчилик чоғидаёқ фан ва маданият, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқдалар. "Наманган ёшлар маркази"да "Илм ва истеъдод чўққилари сари" шиори остида бўлиб ўтган тадбир ана шундай ёшлар, ота-оналар, устозларнинг унутилмас байрамига айланди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жамолиддин Ало­йиддинов, Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Ваҳобжон Ражапов олтин медал соҳибларини самимий табриклаб, уларга таълимнинг кейинги босқичларида омад тиладилар.

Бу йил умумтаълим мактабларининг 11-синфини 21 минг­дан зиёд ўғил-қиз битирди. Бу ёшлардан 313 нафари олтин, 308 нафари кумуш медалга муносиб кўрилди.

- Мен дадамга ҳавас қилиб математика фанини пухта ўрганишга интилдим. - дейди Уйчи туманидаги 9-умумтаълим мактаби битирувчиси Ноила Абдужалилова. - Мақсадим НамДУда ўқиб, математика фанини янада чуқур ўрганиш ҳамда малакали мутахассис бўлиш.

Учқўрғон туманидаги 19-мактаб битирувчиси Азизбек Нурмирзаев эса НамДУнинг экология ва атроф-муҳит факультетида ўқиш ниятида. Шунинг учун у табиий фанларни ихлос билан ўрганди. Фан олимпиадаси ва "Билимлар беллашуви", турли кўрик-танловларда фаол қатнашди. У амакиси - эколог Шерзод Турдиевга ҳавас қилган. Ҳавас ва қизиқиши унга олтин медаль тақдим этди. Келажак учун етарли билим тўплади.

Тақдирлаш маросимида қатнашган ҳар бир битирувчи ўзининг юксак ва беғубор орзуларидан сўзлайди. Норин туманидаги 44-мактаб битирувчилари Акмалжон Эркинов, Муҳаммаджон Убайдуллаев ёки Наманган шаҳридаги 1-мактаб битирувчиси Мафтуна Адашалиевалар ана шундай интилувчан ёшлардир.

Тақдимот маросимида ёшларга олтин медаллар, диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди. Ғолиб ўқувчиларни тарбиялаган устозларга ҳам ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

Бу ёшларни эртага янада жиддий синовлар кутмоқда. Илм олиш, ўзи истаган касбни эгаллаб, устозлар умидини оқлаш, Ватанга, халққа сидқидил хизмат қилишни ният қилиб орзулар осмонида парвоз этаётган иқтидорли ёшларга парвозингиз юксак бўлсин, деймиз!

А. БОТИРОВ

Мавзуга оид

  1. ПУХТА РЕЖА - ЮКСАК НАТИЖА!

    Замонавий таълимни ташкил этишга қўйиладиган муҳим талаблардан бири ортиқча руҳий ва жисмоний куч сарф этмай, қисқа вақт ичида юксак натижаларга эришишдир.

    2019-06-17 15:09:17240
  1. "ЁШЛАР ПОЕЗДИ" - НАМАНГАНДА

    Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллиги муносабати билан "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида "Ёшлар поезди" тарғибот акцияси доирасидаги тадбирлар водий вилоятлари бўйлаб давом этмоқда. "Ёшлар поезди"нинг водий вилоятларига сафари Намангандан бошланди.

    2017-08-22 12:29:03714