ОРЗУСИ УШАЛГАН ҚИЗ


Орзу инсонга руҳий қувват бериб, эзгу тилакка чорлайди. Наманган шаҳридаги 18-Давлат ихтисослашган мактаб интернати ўқитувчиси Муқаддас Шерматова ёшлигида ўқитувчи бўлишни дилига тугиб қўйди. Йўқ, у баъзи ўқувчиларга ўхшаб устозларга ҳавас қилмади ёки дарс ўтган муаллималар касбга меҳр уйғотмади унда. Фақат бир гал...

- 5-синфда ўқир эдим, - эслайди Муқаддас. - Бир куни дафтаримни унутиб уйда қолдирибман. Ўқитувчи "Бу сенинг баҳонанг, вазифани бажармагансан", деб узук таққан қўли билан бошимга туртди. Оғриқдан унсиз йиғлар эканман, дилимдан "Ўқитувчи бўламан, лекин болаларга гард ҳам юқтирмайман!", деган ўй ўтарди. Эртасига онам сочимни ўраётиб, бошимдаги чандиқни сезиб, сабабини суриштирганда, "Партага уриб олдим", дедим...

Унутилган дафтар сабаб Муқаддас Шерматованинг ҳаётдаги мақсади ойдинлашди. Меҳрибон, ширинсўз, болаларга ғамхўр ўқитувчи бўлишни орзу қилди. Яхши ният ярим давлат. Алам устида айтган тилаги улғайган сари қатьий аҳдга айланди ва Уйчи шаҳарчасидаги 6-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаб, НамДУга ҳужжатларини топширди. Бироқ илк уриниши натижа бермади. Шу йили мактабга ёшлар етакчиси бўлиб ишга жойлашди. Рус тилини яхши билгани, мутахассис камлиги сабаб унга бошланғич синфлардан 8 соат дарс беришди. Келаси йил эса рус филологияси факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинди. Мана шунга ҳам 28 йил тўлди. Унинг таълим соҳасига кириб келиши ўқувчиларнинг бахти, омади эди.

М.Шерматова дарс жараёнида ўзи тайёрлаган 200 дан ортиқ кўргазмали қуроллардан маҳорат билан фойдаланмоқда. Дарсни самарали ташкил этгани учун 2012-2019 йилларида 18 нафар ўқувчиси фан олимпиадаси ва "Билимлар беллашуви"нинг вилоят босқичида қатнашиб, 5 та 1-ўрин, 8 та 2-ўрин, 5 та 3-ўринни қўлга киритди. Ўқувчилар ўртасида тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида "Русское слово", "Мў изучаем русский язўк" каби тўгараклар фаолиятини йўлга қўйди. Юқори малакали педагог, фидойи ва жонкуяр устоз сифатида ҳамкасблар ва юртдошлар ўртасида ҳурмат қозонди. Ўқувчиларнинг билим сифатини ошириш устида илмий-услубий изланишлар олиб бориб, амалиётга тадбиқ этди. Очиқ дарслари малакали мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, вилоятда оммалаштирилди. У яратган слайд, плакат, дидактик материал ва тарқатмалар ўзига хос, пухта ва илмийлиги билан ажралиб туради.

- Ҳозир шунчаки дарс ўтиб бўлмайди. Билимдон ўқувчиларга мос равишда ўқитувчи ҳам юксак касбий тайёргарликка эга бўлиши зарур, - дейди тажрибали муаллима. - 2018-2019 ўқув йилини муваффақиятли якунладик. Ўқувчим Шаҳзода Комилова вилоятда яхши натижага эришди. Илк шогирдим Гулираъно Наимова эса Тошкентда ўқияпти. Таржимонлик қилаётган шогирдларим кўп.

Муқаддас Шерматова сингари педагоглар самарали меҳнати билан вилоят таълим тизими ютуқларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Бундай ўқитувчилар туфайли соҳада янги-янги муваффақиятлар қўлга киритилаверади. Чунки, улар ўзларидек фидойи шогирдларни тарбиялаб берадилар.

Саттор БОТИР