ҲОКИМ ЎТГАН ДАРС ўқувчиларга манзур бўлди


Поп Наманган вилоятининг энг йирик ва иқтисодий салоҳияти кучли туманларидан. Вилоят умумий майдонининг 48,3 фоизини эгаллаган Попда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари ва иқтисодий-ижтимоий тармоқларнинг жадал ривожланишида бу ерда истиқомат қиладиган Наманган аҳолисининг 9 фоизини салмоқли улуши бор. Аҳоли жон бошига ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ва мазкур кўрсаткичнинг йил сайин ошиб бориши бўйича ҳам туман етакчи ўринларда. Айниқса, истиқлол йилларида яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар туфайли тобора ривожланаётган саноат, қишлоқ хўжалиги ва  хусусий тадбиркорлик ҳамда ишбилармонлик соҳалари Поп иқтисодий салоҳиятининг кучайиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Пировардида аҳоли турмуш даражаси яхшиланиб боряпти.

2017 йил 7 февралда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқлаган "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" асосида туманда қабул қилинган Дастурда мустақиллик йилларида эришилган муваффақиятларни мустаҳкамлаш билан бирга сиёсий, иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни жадал давом эттириш орқали келажакка мустаҳкам замин ҳозирлаш, одамларнинг турмуш даражасини янада яхшилаш чора-тадбирлар белгиланган ва улар изчил амалга оширилмоқда. Туман ҳокими Аъзамжон Султонов  ана шу саъй-ҳаракатлар қандай натижа бераётгани ва уларнинг ёш авлод ҳаётидаги аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари унинг 16-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган дарсининг бош мавзуси бўлди.

Ҳоким дастлаб Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир йўналиши тўғрисида ўқувчиларга батафсил тушунча берди. Сўнгра уларни туманнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётида тутаётган ўрни ҳақида гапириб, илк ижобий натижалар билан таништирди.

- Албатта, барча соҳаларда эришилаётган ютуқларга нафақат Поп, балки мамлакат тарихида ҳам муҳим воқеа саналган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши ўзига хос пойдевор бўлди, - деди А. Султонов. - Эътирофга молик икки рақамга тўхталсак. Мазкур темир йўл узунлиги бўйича дунёда 13-ўринда, мураккаблиги бўйича 8-ўринда туради. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида қўрилган 19,2 км темир йўл барча водий вилоятларини халқаро савдо-ишлаб чиқариш муносабатларида қатнашишларига катта имкон яратди. Эндиликда янги ишлаб чиқариш иншоотларини бунёд этиш, демакки, аҳоли учун қўшимча иш ўринларини яратиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш каби мақсадларимиз рўёбга чиқа бошлади.

Ўтган йили Президентимизнинг вилоятимизга, хусусан, туманимизга ташрифлари чоғида ишга туширилган Санг кўмир брикети ишлаб чиқариш заводи бунга мисол бўла олади. Соатига 30 тонна брикет тайёрлаш қувватига эга мазкур корхонанинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 300 минг тоннага тенг. Бу қарийб 100 миллиард сўм даромад дегани. Шу ўринда ўтган йили 3 та қишлоқ массивида бунёд этилган 80 та намунали уй учун 8 млрд. 857 млн. сўм маблағ сарфланганини таъкидлаш лозим. Мен тилга олган янги завод ва туманимизда фаолият кўрсатаётган бошқа ишлаб чиқариш корхоналарининг иқтисодий ривожланиши туфайли даромад ортиб, унинг асосий қисми аҳоли турмуш даражасини ошириш, меҳнат қилиш ҳуқуқидан тўла фойдаланишлари учун шароит яратиш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод этиш учун йўналтирилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.

Кейинги йилларда туманда хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилаётгани, мазкур соҳа вакиллари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани боис кичик бизнес субъектларининг иқтисодиётдаги улуши йилдан йилга ортиб боряпти. Аъзамжон Султонов  бу ҳақда маълумот берар экан, туманда 741 та кичик бизнес корхоналари фаолият юритаётганига ўқувчиларнинг эътиборини тортди.

- Ҳозиргача хусусий тадбиркор ва ишбилармонларга 41 млрд. 108,7 млн. сўмлик кредит маблағлари ажратилди, - деди ҳоким. -  Бу соҳада 2607 та ишчи ўринлари яратилди. Натижада кичик бизнес субъектларининг иқтисодиётдаги улуши саноат маҳсулотларининг 38,1, халқ истеъмоли молларининг 70,4, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99, қурилиш ишларининг 74, чакана савдо айланмасининг 89,9, жаъми хизматларнинг 87,3 ва экспортнинг 20 фоизини ташкил этди. Умуман олганда, Поп туманида 5 та йирик корхона ва 130 та кичик саноат корхоналари ишлаб турибди ва ўтган йил мобайнида улар томонидан 194 млрд. 158,3 млн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

А. Султонов мазкур йўналишда келгуси йилларга белгиланган режалар ҳақида тўхталиб, ўқувчиларнинг бу борадаги тушунчалари билан қизиқди. 16-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Равшан Юсуфжонов туман раҳбарининг саволига жавоб берар экан, мактабда 2 йилдан буён ўқувчиларни тадбиркорлик ва ишбилармонликка қизиқтириш, уларнинг шу йўналишдаги иқтидорларини аниқлаш ва шакллантириш мақсадида "Мен кичик тадбиркорман" лойиҳаси асосида ташкил этилган "Бизнес клуб" фаолият юритаётгани, унга кўплаб ўқувчилар аъзо бўлишганини гапириб берди. 5-10 синф ўқувчиларидан иборат клуб аъзолари учун ҳафтада бир бор бизнес йўналишлари бў­йича машуғлотлар уюштирилаётгани, паррандачилик, чорвачилик, тикувчилик ва бичувчилик, қуёнчилик ва қандолатчилик-пазандачилик билан шуғулланаётган ўқувчилар эришган энг яхши натижалар ўқув йили якунида бўлиб ўтадиган танловда аниқланиши ва тақдирланиши ҳоким бувага маъқул тушди.

Маънавияти кучли, билимдон ёшлар ва етук салоҳиятли кадрлар ҳамиша халқимизнинг ишончи, суянчиғи бўлиб келган, - дея сўзини давом эттирди ҳоким. - Зеро, бугунги саъй-ҳаракатлар замирида сиз каби келажагимиз соҳиблари мукаммал билим олиб, юртга содиқ фарзандлар бўлиб улғайишингиз, мамлакатимиз тараққиёти, эл фаровонлигини таъминлашдек эзгу мақсад борлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Айнан сиз ёшларнинг истиқболини кўзлаб Президентимиз ташаббуслари ва бевосита таклифлари асосида таълим тизимида янги ислоҳотлар ўтказилмоқда. Улар сизларнинг келажагингизга дахлдор. +олаверса, Ўзбекистонмизни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимиз таълим тизимини янада такомиллаштириш кўзда тутилган. Мана, 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши, ўқувчиларда касбий билим ва кўникмаларни шакллантириш, касб-ҳунар эгаллашлари учун махсус тайёргарликни талаб этмайдиган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш шулар жумласидандир. Жумладан, туманимиздаям 9 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаси ташкил этилди ва уларда ўқувчилар 50дан зиёд касб-ҳунар сирларини ўрганяптилар.

Ҳоким туманда Президентнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид Давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида сўзлаб берди. Шу мавзу доирасида А. Султонов ёшлар ўртасида олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар, диний терроризмнинг бузғунчи ғоялари ва улардан ёш авлодни ҳимоялаш, миллий қадриятларимизни эъзозлаш ва асраб-авайлаш, эрта никоҳ, оилавий ажралишларнинг олдини олиш масалаларига ҳам ёшлар диққатини қаратиб, ўз мулоҳазаларини баён этди.

Дарс ўқувчиларни қизиқтираётган саволларга жавоблар, уларнинг келгуси режа ва орзулари билан давом этди. Ўзгача фаоллик ва мазмун касб этган мазкур дарс ёшларда чуқур таассурот қолдирди.

- Туманимиз ҳокимининг дарси жуда оддий тилда, шунинг билан бирга ҳаё­тий далилларга бой, мазмунли ўтилди, - деди 10 синф ўқувчиси Гавҳар Неъматуллаева. - Мен туманимизнинг катта иқтисодий салоҳияти борлигини бугун тушуниб етдим. +олаверса, ҳокимимиз туманда оналик ва болаликни муҳофаза этиш, хотин-қизларга бўлган эътибор, шунингдек, мактабгача таълим тизимидаги янгиликлар билан тўла таништириб, уларнинг моҳиятини тушунтириб бердилар. Биз олган таассуротларимиздан ўзимизга тегишли хулоса чиқардик.

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. ТАРАДДУДДАН МАҚСАД ўқитувчи ва ўқувчиларга қулайлик яратиш

    Ҳар бир ўтаётган кун янги 2018-2019 ўқув йилини яқинлаштирмоқда. Бу эса таълим муассасаларида олиб борилаётган тайёргарлик ишларини янада жадаллаштириш,  мавжуд ўқув бинолари ва иншоотларни таъмирлаш юмушларини сифатини таъминлаган щолда барвақт якунлашга ундаяпти. Бу борада Уч­қўрғон туманидаги умумтаълим мактабларида ибратли ишлар қилинмоқда.

     
    2018-08-30 05:18:20295
  1. «5 баҳоли» дарс

    Уйчи туманидаги 26-умумий ўрта таълим мактабида тажрибали педагоглар кўп. Улардан бири 1-тоифали инглиз тили фани ўқитувчиси Гулчеҳра Акбаровадир.

    2017-03-15 16:34:47658
  1. ТААССУРОТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ

    Уйчи туманидаги 35-умумий ўрта таълим мактабида "2016-2017 ўқув йили якунида ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини давлат аттестациясидан ўтказиш ва синфдан-синфга кўчириш бўйича босқичли назорат имтиҳонларини ташкил этиш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

    2017-05-24 17:41:17610