НАВОИЙНИНГ ОИЛАГА МУНОСАБАТИ


 

Гарчи Навоий ёлғиз ўтган бўлса ҳам лекин оилавий ҳаётга муносабати ижобий бўлган. Жумладан, аёлнинг оиладаги ўрнига оид муҳим фикрларни "Маҳбуб-ул қулуб" асарида баён этган: "Эр билан аёл бир-бирига мос тушса, ўртада бойлик ва саранжомлик бўлур. Уй безаги эр-хотиннинг тинчлигидан. Ҳусни бўлса, кўнгилга ёқимли бўлар, одобли бўлса, жон озиғидир.Ақлли бўлса, турмуш интизомли, рўзғор тартибли ва саранжом бўлур. Киши бу хилдаги жуфтга эришса, балки бундай бахт қўлга тушса яширин бахт ва кулфатда сирдош ва ҳамдам бўлар. Турмушдан ҳар жафо етса, ҳасратдошинг ул ва айланувчи осмондан ҳар бало келса, кўмакдошинг ул. Кўнглинг ғамидин у ғам чекади, баданинг заифлиги ва хорғинлигидан у қийналади. Носоз жуфт уй учун ҳам очиқ, ҳам яшарин қўрқинчли касалликдир. Уятсиз бўлса, кўнглинг ундан озорланади, ярамас бўлса, руҳ ундан азоб тортади. Тили ёмон бўлса, эрнинг кўнгли яраланади, ёмон ишлик бўлса, эрига юзқоралик қилади. Агар эр майхўр бўлса, уй ободлиги йўқолади... "

Кўриниб турибдики, аёлнинг оилада тутган ўрнига тажрибаси бор кишидек кузатувчанлик ва чуқур мулоҳаза билан ёндошган. Навоийнинг бу фикрлари Юсуф Хос Ҳожиб қарашларига яқиндир. "Қутадғу билик"да эркак киши тўрт хил тоифдаги аёлга уйланиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди: бой, чиройли, насл-насабли, фаросатли. Шу билан бир бирга Юсуф Хос Ҳожиб бу тоифадан энг асосийсини ақллилик деб билади ва оқила аёлни бой, чиройли, насл-насаблилардан афзал деб   билади.

Демак, улуғ донишмандлар аёлнинг маънавий қиёфасига асосий эътиборни қаратганлар. Навоийнинг эса аёлга, муҳаббатга муносабати бирмунча кенгроқ бўлган. Маълумки, Навоий тасаввуф илмининг нақшбандия тариқатига мойил бўлган. Бу фалсафа таълимотига кўра, худо борлиқда, унинг ҳамма мавжудотларда, жумладан, инсонда зуҳур этади. Сўфийлар маъшуқаларида яратганнинг жамолини кўрганлар ва севикли ёр тимсолида унга интилганлар. Навоий достонларининг қаҳрамонлари-Ширин ва Лайлида боқий ҳусн мадҳ этилган.

Навоий "Фарҳод ва Ширин" достонининг дебочасида бир қизга шайдо бўлгани, лекин у шоир ёқтирмаган кишилар билан яқин бўлиб, унга эътибор бермаганини таъкидлайди:

Яна боис буким, ишқи бало шўр,

Бир ўтдин айлаб эрди жонимга зўр.

(Яна бир сабаб менга балодай ёпишган севги эди, ўша олов менинг жонимга зўрлик қилиб турар эди).

Вафосиз, таъбсиз, ноаҳл анга хуш,

Вафо аҳли била биттаъб нохуш

(Севгилимга вафосиз, табиати йўқ, ноаҳллар хуш кўринар эди, вафо аҳлини табиатидан чиқариб севмас, ёқтирмас эди).

Малак хайли эса ашким учун рашк,

Тўкибон ул пари ҳар дев учун ашк.

(Кўз ёшларим унинг ишқида гавҳардай ҳолда у ярамас кишиларга мойил).

Бир ойким бўлғай ул солиб манга дард,

Жаҳон поймоу ҳар жойу шавгард.

(Менга қайғу юклаган ул ой, жаҳонни кезгувчи, ҳар жойда бўлгучи, кеча айлангучи).

Манга айлаб ғаму меҳнатни мунис,

Ўзи ҳар қайда бўлғай шаъм мажлис.

(У гўзал менга қайғу ва меҳнатни эш қилиб, ўзи ҳар жойда мажлисларнинг шаъми бўлиб юрар эди).

Мен Навоийнинг дунёдан ёлғиз ўтганига ана шу "гўзал" сабабчи, деган фикрдан йироқман. Бу масала улуғ шоирнинг ўта шахсий иши ва эътиқоди билан боғлиқ нозик мавзудир. Нима бўлганда ҳам Навоий оила масаласига жуда жиддий қараган, аёлни оиланинг асосий устунларидан бир деб билган.

Балки, Навоий улуғ мутафаккир сифатида бундай хилқатни учратмагани сабаб муҳаббат достонларида пок ва гўзал ишқни куйлаб ўтгандир? Ҳар ҳолда Лайли ва Ширин тимсоли шоирнинг юксак туйғуларини, орзуларини ифодалаган. Навоий муҳаббат деганда ана шундай аёлларни тушунган.

Лобар РУСТАМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 1-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани

ўқитувчиси,  "Дўстлик" ордени соҳиби

 

 

Ғазал мулкининг султони

Косоносй туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига қарашла ўқув масканларида февраль ойи маънавият ва маърифат ойлиги деб эълон қилиниши мкуносабати билан мактабларда ўзбек адабий тилининг асосчиси, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишлаб "Алишер Навоий-буюк мутафаккир","Навоий ғазаллари шайдосиман", "Алишер Навоий ўзбек тилининг асосчиси", "Алишер Навоий-ғазал мулкининг султони" мавзуларида навоийхонлик тадбирлари ўтказилмоқда.

Февраль ойининг биринчи ҳафтасида 2-умумий ўрта таълим мактабида 10,20, 22, 33-мактаблар ўқувчиларининг ҳамкорликдаги адабий кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда ХТМФМТТЭБ вакиллари, таълим муассасаларининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Ўқувчилар Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳаёти, унинг болалик чоғлари, адабий мероси ҳақида батафсил маълумотлар бериб, улуғ шоирнинг ғазал, рубоий, туюқ, ҳикматли байтларидан намуналар айтишди. Айниқса, 2-мактабнинг 9 Д синф ўқувчиси Ёқутхон Ҳабибуллаеваниниг "Соқиномаи баёт" рақси, 10-мактаб ўқувчиларининг Навоийнинг форс-тожик тилида битилган ғазаллари асосида тайёрланган баҳру байти, 20-мактабнинг 8 г синф ўқувчиси Иброҳимжон Саидбурҳоновнинг Алишер Навоий сиймосини маромига етказиб ижро этиши, 22-мактабнинг 3-синф ўқувчиси Мадина Юсуфжонованинг Навоий ғазали билан ижро этьилган қўшиғи, 28-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Муҳаммадабдулло Сативолдиевнинг "Фидо" радифли ғазалини маҳорат билан ёд айтиши тадбир иштирокчиларида унутилмас таассурот қолдирди.

Навоийхонлик тадбирларини юқори савияда ўтказилишига катта эътибор берилмоқда. Бундай тадбирлар ўтказиш барча таълим муассаларида белгилаган бўлиб, жумладан, 8-феврал куни 42, 19, 20, 21, 38, 42, 48-умумтаълим мактабларида навоийхонлик тадбирлари бўлиб ўтди. Шунингдек, мактабларда адабиёт фани тўгаракаларида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бағишланган адабий кечалар ҳам ташкил этилиб, ўқувчиларга улуғ шоирларимиз ҳаёти ва иижоди ҳақида ҳар томонлама қизиқарли ва бой маълумотлар етказилмоқда.

А. ОҒЛОНОВ,

туман ХТМФМТТЭБ она тили

адабиёти ва қардош тиллар методисти.

                                                                     

ШЕЪРИЯТИМИЗНИНГ  СЎНМАС ҚУЁШИ

 

Ҳар йили февраль ойида юртимизда анъанавий тарзда Навоийхонлик тадбирлари бўлиб ўтади. Зеро, Заҳириддин Муҳаммад Бобур таъкидлаганидек:

Эйким, бори шеър аҳлиға сен хон янглиғ,

Шеъринг бори шеърларга султон янглиғ.

Беш ярим асрдан ортиқ муддатки, Алишер Навоий халқимизнинг фахри, ғазал мулкининг султони, маьнавиятимизнинг сўнмас қуёши, тилимиз байроқдори сифатида эътироф этиб келинмоқда. Айни кунларда ҳам бу даҳо ижодкорнинг 576 йиллиги кенг нишонланяпти. Ана шундай тадбирлардан бири бизнинг Наманган шаҳридаги 77-мактабда ҳам бўлиб ўтди. Унда, айниқса, 9 "А" - синф ўқувчилари ўз истеъдод ва иқтидорларини намоён этдилар. Шоир ғазаллари куйга солинди, рақслар ижро этилди, саҳна кўринишлари ўқувчиларга тақдим этилди.

Албатта, Навоийга ўхшаш доҳий шоирлар тасодифан дунёга келиб қолмайди. Бунинг учун яхши шаклланган ижтимоий маданий муҳит, шарт-шароит зарур. Навоий XV аср фарзанди, лекин унинг ижодий шахсияти ва дунёқараши Амир Темур асос солган улкан салтанат билан, ундаги беқиёс маънавий - маърифий ўзгарилишлар билан мустаҳкам боғлиқ эди. Амир Темур олим ва ҳукмдор Мирзо Улуғбек тақдирида қанчалик муҳим роль бажарган бўлса, темурийзода Ҳусайн Бойқаро ҳам Навоийнинг Навоий бўлишига алоҳида ҳисса қўшган. Саҳна кўринишида ана шу икки дўстнинг суҳбатларидан лавҳалар намойиш этилди.

9 "D" - синф ўқувчиси Ойдина Абдукаримованинг "Биз буюклар авлодимиз" номли шеъри кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди.

Башарият нигоҳини ўзига қарата билган саньаткорлар жаҳон адабиёти майдонида у қадар кўп эмас. Зеро, Навоий каби даҳолар ўз ижоди билан мавқе қозониши учун, аввало, миллат дарди, изтироблари, қувонч-у, ташвишларини куйламоғи лозим. Алишер Навоий ана шундай ижодкор сифатида яна асрлар оша маънавиятимизнинг сўнмас қуёши бўлиб, қалбларимизда яшайди.

Мавлуда ҲАЛИЛОВА,

Наманган шаҳридаги 77-мактаб

маънавий ва маърифий ишлар

бўйича директор ўринбосари

 

 

 

АЛЛОМАЛАР ЮРТИ

Самарқанд замини халқимизнинг ўтмишдаги буюк алломалари қаторида ўзида Амир Темур шижоати, Мирзо Улуғбекнинг ўткир тафаккури, Ибн Синонинг қомусий билими, Алишер Навоийнинг комиллик, халқпарварлик ҳислатларини мужассам этган Ислом Каримовдек буюк инсонни яратди ва халқимизга Йўлбошчи бўлишдек улуғ мақомга мушарраф этди.

Беруний бобомиз инсоният тарихида биринчи бўлиб ер харатисини яратган бўлса, Ислом Каримов янгиланган мустақил Ўзбекистонни, дунёга машҳур "ўзбек модели"ни яратди. Бундан ҳамиша миннатдормиз, қалбимиз чексиз фахр-ифтихорга тўла.

Буюк бобомиз Самарқанд тупроғидан абадий қўним топган бўлса ҳам унинг номи, хотираси, эзгу ишлари, ҳикматли сўзлари қалбимизда мангу яшайди ва бизни юксак марраларга чорлайди.

Хизр назар солган жаннатмаконим,

Келажаги буюк Ўзбекистоним!

Қалбимизда айрилиқ доғи,

Буюк инсон изтироби.

Сизни мудом ёд этажакмиз,

Руҳингизни шод этажакмиз.

Маррани кенг олиб, қадамлар шахдам,

Буюк келажакка етажакмиз ҳам.

Самарқандни асрар буюк ўғлонлар-

Амир Темур, Ислом бобомлар!

Жамила САТИМОВА,

Наманган шаҳридаги 78-мактаб

ўқитувчиси