МУТОЛАА ЗАВҚИ


Китоб ўқиб, завқ оласиз, ҳаёт маъносини теран англайсиз, инсоний қиёфангиз шаклланади. Қисқача айтганда, тириклик илмини оласиз. Инсон табиатида яратганнинг муайян белгилари мужассам этилганидек, инсон тафаккурининг меваси китобларда хам муқаддас каломнинг шуури бўлади. Ҳазрати Пайғамбаримизнинг "Бешикдан то қабргача илм излангиз" деган ҳадислари замирида ҳам илм манбаи бўлмиш китоб мутолаасига даъват бор.

Китобда уч ижтимоий вазифа ўз ифодасини топган. Биринчидан, китоб инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси жамланмаси. Иккинчидан, китоб давр ижодкорининг қалб ифодасидир. Бундан ташқари китоб замонанинг турмуш тарзи, маънавий олами, илм-фан даражаси, ойнаи жаҳони ҳисобланади. Учинчидан, ҳар қандай китоб кечадан бугунга ва бугундан келажакка битилган мактубдир.Чунки, китоб орқали тарих, миллий мерос, анъаналаримиз, қадриятларимиз тўғрисида маълумот оламиз. Аждодларимизнинг орзу-армонлари, қувонч-у, шодликларига шерик бўламиз.

Адабиёт, китобга меҳр, мутолаа маданияти энг аввало оиладаги муҳит, ота она ибрати ва мактабдаги адабиёт дарсларида шаклланади. Шундай экан фарзандларимиз келажаги, уларнинг етук инсон бўлишларида ўз хиссамизни қўшиб, уларга китоб берайлик, китобга мехр уйғотайлик.

Президентимиз ташаббуслари билан Наманганга миллионта китоб совға қилинди. Намангандаги адиблар хиёбонида "Наманганни энг китобхон вилоятига айлантирамиз" номли йирик тадбирлар бошланди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, давлатимиз томонидан китобхонликка катта эътибор берилмоқда. Зеро, китоб билан халқ маънавияти юксалади, маънавияти юксак миллатнинг келажаги буюкдир.

Камола ТОЖИБОЕВА,

Наманган шаҳридаги 5-умумтаълим мактабининг

бошланғич синф ўқитувчиси