МУШТАРАК МАҚСАД САРИ


Поп туманидаги Хонобод маҳалласида 882 та оила истиқомат қилади. Маҳалла аҳлининг 1180 нафар ўғил-қизи шу ҳудуддаги 19- ва 66-умумтаълим мактабларида таълим-тарбия олишмоқда. Уларнинг билим сирларини мукаммал ўрганишлари учун таълим даргоҳларида барча шароит мавжуд. Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг пухта билим олишлари билан бирга маънавий билимларини бойитиш, ақлан ва руҳан етук улғайишларига ҳам жиддий эътибор берилади. Айнан мана шу муқаддас ва масъулиятли вазифа 19-умумий ўрта таълим мактаб ва "Хонобод ўрта"маҳалла фуқаролар йиғини томонидан узвий ҳамжиҳатликда бажарилмоқда.

- "Мактаб-маҳалла-оила" концепцияси бўйича 19-умумтаълим мактаби билан амалга ошириладиган ишлар режаси ишлаб чиқилган, - дейди "Хонобод ўрта" МФЙ раиси Мақсудали Шойимов. - Биз биринчи галда оилалардаги тинчлик ва тотувликни таъминлашга алоҳида эътибор беряпмиз. Чунки, оила нотинч бўлса, бунинг ёшлар тарбиясига салбий таъсири бор. Шу сабаб маҳаллада аввало, ёшлар ва ўқувчилар, қолаверса, ота-оналар иштирокида турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб турилади.

Мазкур тадбирлар мавзуси жуда ранг-баранг. Маънавий етукликдан бошлаб диний ақидарапарастлик ва экстремизмга қарши кураш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, миллий менталитетимизга ёт "оммавий маданият" хуружларига қарши кураш каби мавзуларда устоз-педагоглар, меҳнат фахрийлари, олимлар ва ижодкорлар чиқишларини тез-тез уюштириб турамиз. Бундан ташқари маҳалла ёшлари спортга жуда қизиқишади.

Маҳалла ҳудудида хусусий тадбиркор ҳисобидан қурилган стадион ва спорт мажмуа­си ёшлар билан доимо гавжум. Бу ерда ёшлар миллий ва шарқ жанговар кураши сирларини ўрганишлари, футбол, баскетбол ва бокс каби турлар билан шуғулланишлари учун шарт-шароит мавжуд. МФЙ қошидаги ёшлар билан ишлаш доимий комиссияси раиси Ҳасанбой Рўзиматов, спорт мураббийлари Тоҳиржон +ўнишев ва Жасур Усмоновлар ташкил этаётган машғулотлар жуда фаол ва қизғин руҳда ўтади.

"Хонобод ўрта" маҳалласида амалга оширилаётган ана шу ибратлик ҳамкорлик ўз ижобий самарасини бермоқда. Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка барҳам берилган. Ўтган давр мобайнида бирон ўқувчи ёки ўсмир иштирокида кўнгилсиз воқеалар содир этилмади. Боиси, мактаб ёшидаги ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш, ёшликдан касб-ҳунар сирларини эгаллашларига кўмаклашиш маҳалла фаоллари ва мактаб раҳбарлари эътиборида турибди.

- Мактаб ўқувчилари орасида китобхонлик маданиятини ва китоб мутолаасини кучайтириш мақсадида илм масканида ва маҳаллада ҳам "Энг китобхон ўқувчи" ва "Энг китобхон оила" танловлари ташкил этилди, - дейди мактаб директори Гулбаҳор +уролова. - Танлов жуда қизиқарли таъсирчан руҳ кашф этди. Ҳатто, улуғ ёшдаги бобо ва бувижонлар ҳам набираю-чевараларга ўзлари ўқиган бадиий асарлар ҳақида тўлқинланиб сўзлаб беришди ва уларда илгари сурилган ижобий ғоялар, мақсадлардан ибрат олиш кераклигини ёшларга уқтиришди. Мана шу тадбирларда МФЙ фаолларининг алоҳида ўринлари бор. Булардан ташқари ҳар пайшанба - профилактика кунлари фаоллар билан биргамиз. Агар бирон оилада нотинчлик, кўнгилсизлик юз берса (одатда бундай ҳолатлар деярли бўлмайди) ҳамжиҳатликда ўша хонадонга ёрдам беришга интиламиз.

Буюк аждодимиз Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек, "...ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот..." масаласида 19-умумий ўрта таълим мактаби билан изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган "Хонобод ўрта" маҳалласида бундай хайрли ишлар келгусида ҳам давом этиши аниқ. Чунки, муштарак мақсад сари интилиш ҳар икки томонгаям манфаатли бўлиб, аслида бундан мактаб-маҳалла-оила ютмоқда.

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. САЛОМАТЛИК САРИ

    Наманганнинг Амир Темур ва Бобораҳим Машраб номли кўчалари вилоят марказини кесиб ўтувчи ҳаракат зич йўлларидан бири. Бироқ, 29 апрель куни бу ерда ўтказилган "Саломатлик сари" шиори остидаги оммавий югуриш марафони иштирокчиларига чаққонлик ва тезкорлик хислатларини намоён этишлари учун халақит бермади. "Уч фаввора" жойлашган икки кўча чорраҳасидаги Наманган темир йўл вокзали эса ғолиблар учун ўзига хос финиш вазифасини ўтади.

    2017-05-24 16:46:58611
  1. ЭЗГУ МАҚСАД ЙЎЛИДА

    Халқ таълими тизимида ўтказилаётган "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" Республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

    2017-10-30 14:22:57614