МУЛОҚОТ ИЗЛАНИШГА ЧОРЛАЙДИ


Учқўрғон туманидаги 9-умумий ўрта таълим мактаби нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ўз ўрнига эга. Бу эътироф бежиз эмаслиги Наврўз айёми муносабати билан "Мураббий" газетаси таҳририяти ходимларининг мактаб педагогик жамоаси ҳамда 9-синф битирувчилари билан ўтказган ижодий учрашувда яна бир бор ўз исботини топди.

Мактабга қадам қўйганимиз заҳоти ҳудудаги саранжом-саришталик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли янада чирой очган маскан кайфиятимизни кўтарган бўлса, ўқитувчиларнинг очиқ чеҳра билан қарши олиши, ҳар лаҳзада ўқувчилардан ёғилаётган саломлар бизни шошириб қўйди. Жамоадаги аҳиллик, соғлом ижтимоий муҳит ҳар бир нарсада яққол акс этарди, назаримда. Мактабга баҳор эрта келибди, гулхоналарга ўтқазилган гуллар барвақт очилибди. Бу ҳам учқўрғонликлар кўкламни интиклик билан кутганларидан далолат. Деворий газеталарда эса Наврўз васфи, баҳор нашидаси турфа рангларда, бетакрор бўёқларда, ёрқин сўзларда ҳафсала билан ёритилгани-ижодкор ўқувчилар меҳнати ифодасидир. "Бу ўқувчилар-мактабимиз фахри" деб номланган паннода фан олимпиадаси, билимлар беллашуви ва турли кўрик-танловлар ғолиблари бўлган ўқувчиларнинг расм­лари устозларнинг самарали меҳнатини кўз-кўз қилаётгандек.

Учрашувни одатдагидек сўзамол, давраларда яйраб кетадиган, ўз касбининг устаси ва билимдони, "Маърифат" ҳамда "Учитель Узбекистана" газеталарининг вилоятдаги мухбири, шунингдек, "Мураббий" газетаси масъул котиби Ғанишер Акбаров олиб борди. У сўзини тадбир иштирокчиларига кутилмаган савол беришдан бошлади:

- Хўп, қани айтинглар-чи, мен ҳозир сизларнинг ўлкашуносликка, умуман, географияга оид билимингизни синаб кўрмоқчиман, "Қайқи" сўзи қандай маънони англатади?

Олиб борувчи саволни ўртага ташлади-ю, шу заҳоти қайтариб олди. Сабаби, залдаги ҳамма иштирокчи бап-баробар қўл кўтарди! Барибир қатнашчилардан бири саволга жавоб беришга улгурди. "Қайқи" қайиқда ўтадиган жой, "Қайиқли жой" деган маънода жавоб айтди. Қаранг, илгари, дарёлар кенг оққан замонларда, бу ҳудудга одамлар қайиқда сузиб ўтишган экан.

Савол-жавоблар аста-секин мактаб, таълим-тарбия, 9-синф битирувчиларини узлуксиз таълимнинг кейинги босқичига йўналтириш, касб-ҳунар танлашда эътиборга олинаётган омиллар, "Мураббий" газетасида ёритилаётган турли мавзулардаги мақолаларга кўчди. Ўқитувчи Дилфуза Ғайбуллаева газетанинг ўқитувчилар ҳаётида тутган ўрни, ёритилаётган методик тавсиялар, илғор тажрибалар, соҳадаги янгиликларнинг берилиши ҳақида фикр билдирган бўлса, мактаб кутубхоначиси ёши улуғ устозлар, ёш ўқитувчилар ҳақидаги мақолаларни кўпроқ ёритиш зарурлигини таъкидлади. Мактаб директори Араббой Ҳайитов эса газетада берилаётган дарс ишланмалари илғор тажрибаларни оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этаётганини эътироф этган ҳолда, умумхалқ байрамларига бағишланган ишланмаларни аввалроқ ёритиш мақсадга мувофиқлиги, чунки, айрим ҳолларда бу каби материаллар саналарга яқин сонлардан жой олаётгани ундан фойдаланиш имконини чеклаб қўяётганини айтиб ўтди.

Бошланғич таълим ўқитувчиси Маҳлиё Долимова мактабда очиқ дарслар мунтазам йўлга қўйилгани, ана шундай семинарларда таҳририят ходимлари қатнашиб, газета орқали мутахассиларнинг фикр-мулоҳазалари янада кенг ёритилса, бундан ўқитувчилар ўзларига зарур хулосаларни чиқариб олишлари мумкинлиги ҳақида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

"Мураббий" газетаси бош муҳаррири, таниқли   шоира Дилбар Ҳайдарова билдирилган таклиф ва мулоҳазалар учун миннатдорлик билдириб, эътирозлар ўринли экани, таҳририят ходимлари газета саҳифаларида ёритилаётган мақола, хабар, янгликлар, умуман, таълим соҳасига бағишланган мавзулар кўлами ва таъсирчанлигини ошириш, ўқитувчиларга маъ­қул келадиган, фикрлашга ундайдиган, методик ёрдам берадиган матераиллар устида тинмай изланаётгани, бугунги учрашувда билдирилган фикрлар албатта инобатга олиниши, навбатдаги сонлар янги-янги рубрикалар билин бойитилишини таъкидлади. Дарҳақиқат, янги йилдан бошлаб газетанинг тўртинчи саҳифасида бош муҳаррир ташаббуси билан "Адабий ўлкашунослик" рукни остида Наманган адабий муҳитининг кўзга кўринган вакиллари ҳаёти ва ижодига бағишланган мақола ва уларнинг асарларидан намуналар бериб борилмоқда. Кези келган таъкидлаш ўринлики, мактабларда фаолият кўрсатаётган адабий ўлкашунослик йўналишидаги тўгараклар аъзолари ҳудудларда яшаб ўтган ёки бизга замондош ижодкор ўқитувчилар ҳақида янги маълумотлар тўплаб, уларнинг ижодини кенг тарғиб қилишга ёрдам берсалар, бу билан ўқувчиларнинг адабиётга қизиқишлари янада ортган бўлар эди.

Дилбар Ҳайдарова мухлисларга ўзининг "Мен ўшаман" деб номланган янги шеърини ўқиб берди. Бу шеър аёл қалбининг ўзига хос қирраларини бетакрор сатрлар, гўзал ташбеҳлар орқали ифодалаб бергани боис гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.

6-синф ўқувчиси, билимлар беллашуви вилоят бос­қичи ғолибаси Маҳлиё Турсунованинг устозларга бағишлаб ёзган шеъри мушоирани давом эттирди. Бу ўқувчи тимсолида мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитилиши, истеъдодли ёшларга эътибор намунали йўлга қўйилгани яққол намоён бўлди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур билим даргоҳида ташкил этилган ижодий учрашув журналистларга масъулият, ўқитувчиларга куч-ғайрат бағишлади. Қизғин савол-жавоб, ўзаро фикр алмашиш, ҳамкорлик руҳида ўтган мулоқот дилларга умид, яна кўришиш соғинчини солди.

Абдусаттор Ботиров

Мавзуга оид

  1. "ҚУВНОҚ СТАРТЛАР" ЧОРЛАЙДИ

    Шу кунларда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Қувноқ стартлар" республика телевизион мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтмоқда. 

    2018-03-12 07:11:35690
  1. ОТА-ОНАЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ

    Таълимни тарбиядан асло ажратиб бўлмайди. Бу тушунчалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Уларни муваффақиятли амалга оширишда таълим муассасаси ва ота-оналар ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга.

    2017-07-07 09:43:18627
  1. ИЖОДИЙ ИЗЛАНИШГА ЎРГАТИШ

    Ўқувчиларнинг мустақил ва ижодий фикрлаш лаёқатини шакллантириш таълимнинг асосий мақсадларидан биридир. Она тили дарсларида ўқувчи суст тингловчи эмас, балки изловчи, қиёсловчи, бўлиши керак.

    2019-05-14 15:39:57232