МЕЗОНДАН ЎЗГАН УСТОЗ


Ўзбекистон халқ таълими тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларга давлат таълим стандартлари асосида жаҳон андозаларига мос билим бериш мақсади мужассам. Бу, аввало, халқаро муносабатлар тобора интеграллашиб бораётган бугунги даврда ёшларни келажакка тайёрлаш, дунё меҳнат бозорига рақабатбардош кадрларни тарбиялаш, тараққиётга инновацион ғоя ва ишланмаларни, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини кенг жорий этишдан иборат.

Бу мақсадлардан келиб чиққан ҳолда умумий ўрта таълим мактабларининг моддий-техник ҳолатини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларни қайта ўқитиш ва тайёрлаш, педагогик маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш, устоз ва мураббийларни уларга фаолияти билан боғлиқ бўлмаган турли мажбурият ва юмушлардан озод этиш, ойлик маошларни ошириш, банк­лар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиб, замонавий уй-жой, автомашина билан таъминлашга жиддий эътибор берилмоқда. Бунга жавобан ўқитувчиларда касбга меҳр, соҳага фидойилик, ёш авлод таълим-тарбиясига масъулият ошди. Натижада ўқувчилар эришаётган ютуқлар салмоғи ортмоқда.

Бугун таълим соҳасида ибрат кўрсатаётган педагоглардан бири Наманган шаҳридаги 31-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Дилфуза Сулаймоновадир.

У 1990 йилда Наманган Давлат Педагогика институтининг бошланғич таълим факультетини тамомлаб, мазкур таълим муассасасида фаолият юритмоқда. 2000 йилдан буён эса Наманган ВХТХМОИ бошланғич таълим курс тингловчилари учун амалиёт дарслари ўтиш баробарида Республика Таълим марказининг бошланғич таълим йўналишида илмий кенгаш аъзоси сифатида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, 2014 йилдан буён вилоят "Маҳорат мактаби" тренер ўқитувчиси сифатида республика миқёсида тренер-модератор вазифасини бажармоқда. Тажрибали муаллима 2019 йил март ойида вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган "Таълимда инновацион ғоялар" танловида АКТ йўналиши бўйича иштирок этиб, фахрли ўринга сазовор бўлди. Устоз таълим-тарбия берган, ундан илк ҳарфларни ўрганган шогирдлари АҚШ, Англия, Япония, Корея, Россия каби давлатлар ҳамда Ўзбекистондаги халқаро олий ўқув юрт­ларида тахсил олмоқдалар.

Д.Сулаймонова ўқувчиларни дарсларга қизиқтириш ва фаоллаштириш устида изланиб, таълимдаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида маш­ғулотларга янги педагогик технология билан ёндашиш, турли интерфаол усуллардан фойдаланишда ташаббус кўрсатмоқда. Жумладан, ўқувчилар фаоллигини АКТ воситaси орқали оширишда 1-4-синфларга тақдим этилган мультимедиа иловаларидан самарали фойдаланиб, мавзуларга оид кўплаб слайд ва видеодарслар яратган. Савод ўргатишда ўқувчиларда кузатиладиган дарсликдаги сўзлар ва матнларни тушунмай ёдлаб олиш, сўзларни нотўғри бўғинлаш, айрим ҳарфлар (p-q, b-d)ни адаштириб юбориш, ўқувчиларда диққат тарқоқлиги, ўқиш техникаси секинлигини инновацион слайдлар орқали бартараф этишга эришди. Телеграмм мессенжери орқали ота-оналарга слайдлар ва видеороликларни юбориб, уй шароитида вазифа тайёрлашда қулайликлар яратди.

Кўп йиллик педагогик тажрибасига таяниб, таълим самарадорлигини ошириш учун ўқувчилар фаоллиги сусайишига сабаб бўлувчи соғлиқ, кайфият, оилавий муҳит, эътибордан четда қолиш, дарсга тайёр эмаслик, рақобат йўқлиги, ота-оналар масъулиятсизлиги каби муаммоларни бартараф этиш учун мотивация, соғлом рақобат, ижобий муҳит, рағбатлантириш, ота-оналар билан ҳамкорлик, интерфаол усулларни қўллаш, ўқувчиларга қўшимча имкониятлар яратиш каби интерфаол усулларни қўллаб, синфда соғлом муҳитни таъминлаш, ота-оналарни рағбатлантириш, ўз-ўзини назорат қилиш, тенгдош-тенгдошга кўмакчи бўлиш, АКТ дан самарали фойдаланиш, ўқувчиларни тақдирлаш каби қатор илғор усулларни яратиб, ўқувчиларнинг билим самарадорлиги ДТС талабларидан ҳам юқори бўлишига эришмоқда.

Абдусаттор БОТИР

Мавзуга оид

  1. УСТОЗ ИБРАТИ

    Наманган шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Умарё Матқосимова таълим соҳасида эришаётган ютуқлари билан ёшларга ибрат бўлмоқда. Жамоада уни устоз сифатида ардоқлашиб, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишади.

    2017-05-31 16:50:18547
  1. УСТОЗДАН ЎЗГАН ШОГИРД

    Халқ таълими вазирлиги томонидан иқтидорли ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, ўғил-қизларнинг интеллек­туал салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг фанлар бўйича олган билимларини кенг намоён этишига имконият яратиш мақсадида жорий йилдан бошлаб инновацион олимпиада ташкил этилди.

    2018-05-16 03:55:11423