МЕҲРИ ДАРЁ УСТОЗ


Косонсой тумани халқ таълими бўлимига қарашли 8-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маърифат Мўминова билан суҳбатимиз тез-тез бўлиниб турса-да, лекин мароқли кечди. Ҳамкасблари дам "кечирасизлар, зарур эди...", дея бир   даста қоғозни қўлига тутса, дам муҳим масала юзасидан фикрини сўрайди. Бир ўқувчи хонасига "бостириб" кириб, устозига салом берди. "Бу бола 3-синф ўқувчиси Сарварбек Абдумажидов, - деди директор ўринбосари.- Шахмат бўйича мусобақанинг туман босқичи ғолиби. Тўгарак машғулотларига келса, албатта, мени йўқлайди. Билдимки, Маърифат уста шахматчи сифатида турли беллашувларда жамоа шарафини ҳимоя қилади. Мактабда тажрибали шахматчилар камлигидан эмас, балки, қизиқиш уни мусобақага чорлайди.

- Мен шахмат доналаридан отни яхши кўраман, - деди шогирди Сарварбек ҳақида фикрини давом эттириб. - От имкониятига кўра фарзинга яқин туради ва саккизта катакдан бирини эгаллаши мумкин. Рақиб майдонида мураккаб вазиятларни юзага келтиришда бу яхши самара беради, чунки, у рақиблар оша ҳатлаб ҳужумга ўтади.

Инсоннинг ўз касбидан ташқари бошқа бирон соҳага ҳам ихлоси борлиги унинг ўзига хос қирралари ҳақида хулоса беради. Маърифат ҳаётда пухта режа асосида иш тутишга одатланган. Шу боис жамоада ўз ўрнини мустаҳкамлаб, янги ютуқлар сари интилмоқда.

У 1978 йилда Косонсой шаҳридаги Чорбоғ маҳалласида дунёга келди. Отаси Абдумажид Мўминов рус тили фани ўқитувчиси. Турли лавозимларда фаолият кўрсатган. Ҳозирда меҳнат фахрийси.

- Ота изидан борибсиз-да? - дейман болалик орзулари ҳақида сўзлаб беришини истаб.

- Ростини айтсам, - деди у, - ёшлигимда ўқитувчи Ойшахон Камоловага ҳавас қилганман. Аълочи эканимдан менга ишонарди. Дарсни бошлагунларича доскага кунни, мавзуни ёзардим. Мен яқин ёрдамчилари эдим. Бу аёлга ўхшашга интилганман. Балки, касбга меҳрим ўша пайтларда шакллангандир? Тўғри, отам ҳаёт йўлимни танлашга ёрдам берганлар. Шунинг учун 10-синфни тамомлаб, ҳужжатимни ҳеч иккиланмай Косонсой педагогика билим юртига топширдим. 1997 йилда мактабда иш бошладим. Мана, 20 йилдирки, жамоа сафидаман. 2006 йилда НамДУнинг физика-математика факультетини меҳнат таълими йўналиши бўйичи сиртдан битириб, билимимни мустаҳкамладим.

Маърифат Мўминованинг ташаббускорлиги, ўқувчилар билан ишлаш салоҳияти, ёшлардаги қизиқиш ва интилишни жонлантириш, имкониятларини юзага чиқариш тажрибаси жамоа ютуқларини мустаҳкамламоқда. Ўқувчилар бир неча йиллардан буён "Ҳуқуқ билимдонлари", "Яшил чироқ", "+увноқ стартлар", "Жаҳолатга қарши маърифат" каби турли кўрик-танловларда фаол иштирок этиб, туман, вилоят, Республикада ғолиблар сафидан ўрин олишмоқда. Масалан, "Зулфияхоним издошлари" кўрик-танловида 7-синф ўқувчиси Мавлуда Саидхонова туманда ғолиб бўлди. Мактаб 2016-2017 ўқув йилида кўрсаткичлар рейтинги бўйича вилоятда 11-ўринни эгаллашида унинг ҳам муносиб улуши бор.

- Инсон қайси соҳада ишламасин, ўз ҳолича катта ютуқларга эришиши қийин. Ҳатто спортчини ҳам мураббий ва дўстлари қўллаб-қувватламаса, жисмоний, руҳий камолотга эришолмайди. Таълим-тарбия соҳаси ҳам ўзаро ҳамкорликни талаб этади. Мен қандай натижага эришмайин, доимо ҳамкасбларим кўмаги ва хайрихоҳлигини ҳис этганман. Мақсад сари интилганда жамоа манфаатлари мен учун асосий мақсад бўлган ва бу менга шижоат бағишлайди.

Маърифат Мўминова яна кундалик ишларга шўнғиб кетади. Таълим тизимида унингдек камтарин, фидойи, касбига меҳри дарё муаллималар меҳнат қилаётгани ёшларнинг бахти, деган фикр ўтди кўнглимдан.

Абдусаттор БОТИРОВ

 

Мавзуга оид

  1. УСТОЗ ИБРАТИ

    Наманган шаҳридаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг информатика фани ўқитувчиси Умарё Матқосимова таълим соҳасида эришаётган ютуқлари билан ёшларга ибрат бўлмоқда. Жамоада уни устоз сифатида ардоқлашиб, ёшларга ўрнак қилиб кўрсатишади.

    2017-05-31 16:50:18602
  1. ШУКУРКИМ, ЯХШИЛАР МЕҲРИ РАВО СЕНГА, ДАВО СЕНГА Ҳабиб Саъдулла (1942-2006) Ўзбекистон халқ шоири

    Шоир, драматург, жамоатчи Ҳабиб Саъдулла 1942 йилда Наманган шаҳрида туғилган. У 1971 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика бўлимини сирт­дан тугатди. 

    2017-05-11 09:24:44617
  1. Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен

    Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ҳамда давлат арбоби, бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда 1483 йил 14 февралда туғилган.

    2017-02-16 16:05:02681