МАКТУБИНГИЗ БОШЛАДИ ЙЎЛГА


Апрель ойининг ўрталарида таҳририят номига Янгиқўрғон туманидан хат келди. Қизиқиб ўқидик. Мактубни мактаб муаллимларидан бир жўнатган экан:

- "... Биз вилоятимизнинг энг чекка қишлоғи - Нанайдаги 54-умумий ўрта таълим мактабида ишлаймиз. Хурматли "Мураббий" газетаси ижодкорлари, агар бизнинг билим даргоҳимизга ҳам келиб, қувонч ва ташвишлармизни баҳам кўрсангизлар жуда мамнун бўлар эдик. Мактабимизда ёш авлодга давр талаблари асосида таълим-тарбия бериш, таълим тизимидаги ислоҳотларни амалиётга изчил татбиқ этиш борасида муайян натижалар бор. Балки ушбу мактубни таклифнома ўрнини қабул қиларсизлар...

Шу мактабнинг физика фани ўқитувчиси Абдусаттор Дўстматов".

Хуллас, қадрли газетхон, шу хат баҳона бўлдию, йўлга отландик. Хабарингиз бор, Нанайнинг қиёфаси "Обод қишлоқ" дастури туфайли тубдан ўзгарган, янгиланган ва яхшиланган. Очиғи, ҳозирги Нанай унча-мунча шаҳардан қолишмайдиган кўриниш кашф этган. Унинг марказидаги 33-, 44-мактабларни бундан икки йил муқаддам кўрган одам мазкур зиёхоналарга қайта қадам ранжида қилса, танимайди... Қишлоқнинг энг чеккасида янгидан бунёд этилган 54-умумтаълим мактаби ҳам шундай қиёфадаки, кўркамлик ва ободликда манаман деган шаҳар мактаби билан беллаша олади. Икки йил муқаддам давлат бюджетидан ажратилган 2 млрд. 742 млн. сўм эвазига янги қурилган илм маскани ёш авлоднинг мукаммал билим олиб, маърифатли инсон бўлиб улғайишлари учун барча зарур шарт-шароитга эга. 216 ўринли янги ўқув биноси ёнида қад ростлаган спорт зали, бу йил қурилиши бошланган мактаб ошхонаси ҳам ўқувчилар учун катта қулайлик яратган.

Мактаб директори Муқаддас Абдувоҳидова билан суҳбатлашар эканмиз, у ҳақда ўз касбини эъзозлайдиган ва қадрлайдиган, ҳаракатчан ва тиниб-тинчимас, янгиликка интилувчан педагог деган таассурот уйғонди. Аслида ҳам шундай. Уни яхши билганларнинг айтишича, бир қаватли эски мактаб биносини сонга киргизиб, амал-тақал асраб келган Муқаддас ая бўлмаганда, шу ҳудуддаги ўқувчилар аллақачон қўшни таълим муассасаларига "қочиб" кетарди. Дарвоқе, шу томонга йўлингиз тушиб, 54-мактабга кириб қолсангиз, эски дарвоза ёнида ҳашар йўли билан тикланган иккита хонага кўзингиз тушади. Бир пайтлар ўқув хонаси етишмаганда қўрилган қўлбола синф хоналарига сарфланган маблағда Муқаддас аянинг уйида боқиб юрган икки бош новвосининг ҳам пули бор. Танти директор ўшанда ҳеч иккиланмай қўш ҳўкизини бозорда сотиб, пулини қурилишга ишлатган экан. Буни кўрган ҳамкасблар ва ота-оналар унинг ёнига киришган.

- Мактабимизга 1990 йили асос солинган. 5 хонадан иборат бинода иш бошлагандик, - дейди директор. - Ўқувчилар сони ортгани сари қийинчиликлар ортиб бораверди. Спортзал, ошхона ва фан лабораториялари, компьютер синфи орзу эди. Ниҳоят орзулар ушалди. Президентимиз ва ҳукуматимизга раҳмат, - дейди директор. - Инвестиция дастурига биноан янги ўқув биноси қурилади, дейишганда қувонганимизни кўрсангиз эди. Мана, ўқиш учун шароитни кўриб турибсиз. Шунинг ўзи ўқувчиларда ўқишга бўлган қизиқишни кучайтириб юборди. Ўқувчи ҳоҳласа фан тўгарагида билимини оширади, истаса спорт билан шуғулланади, кимдир АКТ бўйича саводхонлигини мустаҳкамлайди... Билим самарадорлиги ҳар чоракда ўсяпти. Аввал-чи? Иқтидорли ўқувчилар шароит яхшимаслигидан ота-оналарининг раъйига кўниб, бошқа мактабларга ўтиб кетишарди. Энди акси бўляпти. 186 нафар ўқувчи таълим олган бўлса, амалдаги ўқув йилида 200 нафарга етди.

Илгари мактаб оддий сувга ёлчимаган. Мазкур муаммо нафақат ўқитувчи ва ўқувчиларни, балки маҳалла аҳлини ҳам қийнаб келган. Мактаб ҳовлисида 186 метр чуқурликда қазилган қудуқ туфайли бу муаммо ҳам барҳам топиб, чиқаётган зилол сувдан маҳалла ҳам баҳраманд бўляпти.

Нафиса Рўзиевани мактабда яхши ўқитувчи бўлганлиги учунгина эмас, балки тажрибали устоз ва малакали педагог, яқин маслаҳатгўй инсон ва ўз касбининг фидойиси сифатида хурмат қилишади. Унинг шогирдлари ҳақида сўз очилса, Нафисанинг кўкси шодлигу қувончга тўлади. Бу, бежиз эмас. Унинг география фанидан берадиган сабоқларини ўқувчилар ҳам орзиқиб кутишади. Чунки...

- Жуда қизиқарли ва мазмунли дарс ўтади Нафиса аямиз, - дейди 10-синф ўқувчиси Тўхтамурод Собиржонов. - Мен дарсдан ташқари шу фан бўйича тўгаракка ҳам қатнашаман.Устоз бераётган билим бесамар кетмаяпти. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида 1-ўринни олдим. География фанига қизиқишим ортишида Нафиса аянинг алоҳида меҳнати бор.

Анора Инатуллаева шу мактабнинг 11-синфида таълим оляпти. У ҳам яратилган шарт-шароит ҳақида ғурур билан ҳикоя қилар экан, "Энг яхши ўқувчи веб-сайти" кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли 1-ўринга муносиб кўрилгани устозларининг салмоқли ва самарали меҳнати маҳсули эканлигини эътироф этди.

- 2016-2017 ўқув йилида ўқувчиларимизнинг билим самарадорлиги 74 фоизни ташкил этган эди, - деди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Пўлатжон Шамшиддинов. - Орадан бир йил ўтиб бу кўрсаткич 80 фоизга етди. Ўқитувчиларимизнинг эътирофларича, бунда ўқув шароитининг яхшилангани, натижада ўқувчиларга фан сирларини ўрганишга иштиёқ ортгани энг муҳим омил бўлган. Билим ва кўникма даражаси ошиши билан бирга ўқувчиларнинг истеъдодларини эрта аниқлаш ва тарбиялаш учун ҳам катта имконият очилди. Мактаб ўқувчилари турли ижодий ва техник йўналишлардаги танловларда муваффақиятли иштирок этмоқдалар. Масалан, 11-синф ўқувчиси Ихтиёр Абдураҳимов авиамодельсозлик бўйича вилоят мусобақасида 2-ўринни заб этди.

Мактаб маъмурияти ўқув жараёнини ДТС асосида ташкил этиш, ҳар бир фан бўйича изчил таҳлил олиб боришга жиддий эътибор бермоқда. Бу эса ўз вақтида камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш имконини беряпти.

- Амалдаги ўқув йилида география, инглиз тили, тарих, биология, физика ва давлат тили фанлари бўйича билим самарадорлиги ортаётганлиги аввало, шу фанлар ўқитувчиларининг самарали меҳнатлари туфайлидир, - дейди директор Муқаддас Абдувоҳидова. - Албатта, биз учун бу қувонарли натижа. Аммо, шу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Ўқув йили ниҳоясида якуний натижалар бунданда салмоқли бўлиши учун ҳаракат қиламиз.

Муҳаммад ҒАНИ

Мавзуга оид

  1. ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ ИШ БОШЛАДИ

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-4904-сонли Фармони, шунингдек, 2017 йил 6 январдаги ПҚ-2721-сонли Қарорига мувофиқ ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманларда Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

    2017-03-27 11:25:371768