Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен


Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ҳамда давлат арбоби, бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур Андижонда 1483 йил 14 февралда туғилган. Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фар­ғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди Бобур 12 ёшида (1494 й) тахтга чиққан. 1503-1504 йилларда Афғонистонни эгаллаган. 1519-1525 йилларда Ҳиндистонга 5 марта юриш қилган. Уч асрдан ортиқ давом этган (1526-1858) бобурийлар салтанатига асос солган.  1530 йил 26 декабр ойида Аграда вафот этган. Қабри ке­йинчалик унинг васиятига кўра Қобулга кўчирилган.

Лирик мероси "Қобул девони" (1519)га, 1528-29 йилларда "Ҳинд девони"га жамланган. Тўлиқ девон тузгани ҳақида маълумот бор. Шеърларининг умумий ҳажми 400 дан ортади. Шундан 119 ғазал, 231 рубоий ва туюқ, қитъа, фард, маснавий каби жанрларда асарлар яратган. Шеърларини мавзу жиҳатидан ошиқона, таълимий, тасаввуфий, ҳасби ҳол каби турларга ажратиш мумкин. Бобур шеърияти интеллектуал қалб изҳори сифатида ардоқлидир. Унинг асарлари самимий, равон, услубан тугал ва мушаккалдир. Бобур рубоий жанрини турк адабиётида дунёга олиб чиққан шоирдир.

Бобурнинг улуғ асари "Бобурнома" бўлиб, уни "Вақое" деб ҳам номлайдилар. Буюк мемориал асарда 1494-1529 йиллари Марказий ва Кичик Осиёда, Яқин ва Ўрта шарқ мамлакатларида кечган воқеалар баён этилган. "Бобурнома"нинг ўндан ортиқ қўлёзма нусхалари бор. Асарни Қозонда Н.И. Илминский (1857), Лондонда Бевериж хоним нашр (1905) этган. Ўзбекистонда дастлаб профессор Фитрат 1928 йилда асардан парчалар эълон қилган. "Бобурнома"нинг 1948-1949 йилларда икки жилдли, 1960, 1989 йилларда тузатилган, 2002 йилда тўлдирилган қайта нашри амалга оширилди.

"Бобурнома"ни Абдураҳим хони хонон (1586) форс тилига, Витсен (1705) голланд тилига, Ж.Лейден (1826) ва В.Ерскин инглиз тилига, Павел де Куртейл (1871) франсцуз тилига, Рашит Раҳмати Арат (1940) туркчага, Михаил Сале (1943) русчага таржима қилганлар. 1826-1985 йиллар давомида "Бобурнома" 4 марта инглиз (1826,1905,1921,1922), 3 марта француз (1887, 1980, 1985), 1 марта немис (1878) тилига ўгирилган.

Янги алифбо - "Хатти Бобурий"ни (1504) кашф қилган. Унда шеърлар ёзди ва Қуръон кўчиртирди.

Бобурнинг солиқ ишлари ҳақида маълумот берувчи "Мубаййинул-закот" (1521), аруз вазни ҳақидаги "Рисолаи аруз" (1523-25) каби асарлари бор. "Аруз рисоласи"да туркий арузнинг табиати, тараққиёти ва шеърий асарлардаги кўринишлари; арузнинг 272 вазни ва 21 баҳрига илмий шарҳлар берилган. Хожа Аҳрор Валининг "Волидия" асарини ўзбекчага шеърий тарзда таржима қилган. Бобурнинг "Ҳарб иши", "Мусиқа илми" номли асарлар яратгани ҳақида ҳам маълумот бор. Аммо улар топилган эмас.

 

* * *

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,

Кўнглумдин ўзга маҳрами асрор топмадим.

 

Жонимдин ўзга жонни дилафкор кўрмадим,

Кўнглум киби кўнгулни гирифтор топмадим.

 

Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,

Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.

 

Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,

Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.

 

Боре борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,

Нечаки бориб эшигига бор топмадим.

 

Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен

Истаб жаҳонни мунча қилиб ёр топмадим.

 

* * *

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,

Кимки ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.

 

Бу замонни нафъи қилсам айб қилма, эй рафиқ,

Кўрмадим ҳаргиз, нетайин, бу замондин яхшилиғ.

 

Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,

Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.

 

Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ёмонлиғ асру кўп,

Эмди кўз тутмоқ не яъни ҳар ёмондин яхшилиғ.

 

Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ

Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.

 

Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,

Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ.

 

* * *

Не вафо умрумда ул жону жаҳондин кўргамен,

Ким вафо жондин кўрубдурким, мен ондин кўргамен.

 

Кўз йўлидин ул сари ҳуснун назар айлар эдим,

Қон ёшим ул йўлни тутти, эмди қондин кўргамен.

 

Ёраб, ул кун шум толиъдин манга бўлғаймуким

Жонима ором ул ороми жондин кўргамен.

 

Кўз кўрар, лекин солур мени балоға бу кўнгул,

Бу балони неча чашми хунфишондин кўргамен.

 

Бартараф қилғил вафо истарни элдин, Бобуро,

Ул ғалатдурким, вафо аҳли жаҳондин кўргамен.

 

* * *

Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,

Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.

 

Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парий сен

Ким, жинси башар ичра бу миқдор топилмас.

 

Ағёр кўз оллидаку ул ёр аён йўқ,

Ғамхоре кўнгул ичраю ғамхор топилмас.

 

Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида

Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас.

 

Бобур, сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,

Оламда кишига йўқ эса ёр топилмас.

 

* * *

Яна кўз уйида маъво қилибсен,

Кўнгул кошонасида жо қилибсен.

 

Яна савдойи зулфингдин, нигоро,

Мени ошуфтаву шайдо қилибсен.

 

Ғаминг йўқ жон агар берсам ғамингда,

Ўзунгни мунча бепарво қилибсен.

 

Қошингдин мени ўқдек ташлар учун

Янги ойдек қошингни ё қилибсен.

 

Кўзумдин ёшуриб, эй баҳри алтоф,

Кўзумнинг ёшини дарё қилибсен.

 

Соғинмас жаннату-л-маъвони бобур,

Онинг кўнглида то маъво қилибсен.

 

* * *

Жонима ўт солди ул рухсорайи зебо яна,

Кўнглума ул зулф бўлди мояйи савдо яна.

 

Кўрсатиб рухсору зулфин ул парий пайкар манга,

Жону кўнглумни қилибдур волаву шайдо яна.

 

Ёр кўйиндаги том сенсен манга пушти паноҳ,

Сояйи лутфунгни сол, чун санга келдим то яна.

 

Шодлиқнию фароғатни қўюб ошиқ бўлиб,

Меҳнату ғамни қилибмен ўзума пайдо яна.

 

Ёрға қулмен дегач бобурни расво айлади,

Тенгри мендек бандасини қилмасун расво яна.

 

* * *

Бир парий мен телбани ҳусниға мойил қилғудек,

Кўзум ичра ер тутуб кўнглумда манзил қилғудек.

 

Кўнглумизга жавр беҳад қилди ул номеҳрибон,

Жонима юз минг ғаму меҳнатни ҳосил қилғудек.

 

Нотавон кўнглумга ишқи қайғуни келтургудек,

Айшу ишратни кўнгулдин қайғурур эл қилғудек.

 

Қилмади фарҳоду мажнун ўзни расво мен киби

Ким, бу навъ иш иш эмасдур ҳеч оқил қилғудек.

 

Ул парий ишқида бобур жон бериб, эй аҳли ишқ,

Ишқ атворини ишқ аҳлиға мушкил қилғудек.

Мавзуга оид

  1. МЕҲРИ ДАРЁ УСТОЗ

    Косонсой тумани халқ таълими бўлимига қарашли 8-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маърифат Мўминова билан суҳбатимиз тез-тез бўлиниб турса-да, лекин мароқли кечди.

    2017-12-04 15:27:11663