Куз кунларининг бирида


1974 йилнинг кузи. Ҳаво анча совиб қолган. Пахта далаларида эса, ҳамон иш қизғин. Шундай долзарб кунларда республикамиз пойтахтининг қоқ марказида қад ростлаган ўн олти қаватли кўркам бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. "Матбуотчилар уйи" деб аталмиш бу бино "Шарқ дарвозаси" дея таърифланган Тошкентнинг кўркига кўрк бағишлади. У республика ҳукумати, шахсан Шароф Рашидовнинг кўрсатмаси ва бевосита раҳбарлиги остида бунёд этилди. Ҳаёти ва фаолияти давомида ўзини журналист санаган Шароф Рашидов ўша даврнинг энг баланд ва замонавий биносини ҳамкасбларига туҳфа этган эди. У журналист­лар ижодини, меҳнатини, фидойилигини жуда қадрларди. Шу сабабли янги иншоот лойиҳасини яратишдан тортиб, битказилгунча бўлган жараённи шахсий назоратига олди. Шундан бўлса керак, янги бинонинг очилишида Шароф Рашидов билан бирга республиканинг барча раҳбарлари иштирок этди.

"Матбуотчилар уйи" 6 ноябрь куни тантанали очилди. Тадбирда Шароф Рашидов ва республика Марказий +ўмитанинг энг мансабдор раҳбарлари -  В.Ломоносов, Н.Анисимкин, Й.+урбонов иштирок  этиб, журналистлар фаолият юритадиган хоналарни кўздан кечирди.

Раҳбарлар 13-қаватга ҳам кўтарилди. Бу ер бир неча ойдан сўнг ўзининг 50 ёшини нишонлайдиган ёшлар газетаси таҳририяти жойлашган эди.

Шароф Рашидов ёшлар нашрининг энг фидойи, қалами ўткир, ҳозиржавоб, истеъдодли ижодкорларидан бир гуруҳини бош муҳаррир хонасига таклиф қилди. Газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Рустам Шоғуломов республика раҳбарини ёшлар газетаси ижодий жамоасининг шу кунларда олиб бораётган фаолияти билан яқиндан таништирди.

Шароф Рашидов таҳририят ижодкорларини ёшлар газетасининг яқинда нишонланадиган ярим асрлик юбилейи билан қизғин муборакбод этиб, бу газетанинг журналист­лари бошқа ҳамкасблардан ажралиб туриши, ҳар доим ташаббускор бўлиб, қийинчиликлардан чўчимаганини алоҳида таъкидлаб, мураккаб, шу билан бирга шарафли ишларида улкан муваффақиятлар тилади.

Республика раҳбари учрашувда қатнашаётган газетанинг фотомухбири В.Сироткинни шахсан танишини намоён этиб, у билан бироз ҳазиллашди-да, эсдалик учун жамоа билан суратга олишни таклиф этди. Бу тарихий сурат ана шу учрашувдан келажак авлодга ёдгорлик бўлиб, газета саҳифаларида муҳрланиб қолди.

Ёшлар газетаси таҳририятининг ижодкорлари бу мулоқотдан илҳомланиб, нашрни янада сермазмун, ҳозиржавоб ва ўқишли қилиш учун ғайрат-шижоат билан ишга киришди. Руҳиятимиз анча кўтарилди. Таъкидлаш жоизки, республиканинг бундай нуфузли раҳбарлари шу вақт­гача таҳририятга бирон марта ташриф буюрмаган экан. Кўп ўтмай, газетанинг 50 ёши кенг нишонланди. Ёшларни тарбиялашда эришаётган ютуқлари учун таҳририят ҳукуматнинг юксак мукофоти - "Ҳурмат белгиси" ордени билан тақдирланди. Жамоанинг кўпгина ижодкорлари "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист", "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвонлари ва ҳукуматнинг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланди.

Шу ўринда бир воқеани эсга олмоқчимиз. Бир мажлисда Шароф Рашидов Сурхондарёдаги маккажўхоричилик бригадаси бошлиғи Абдусаттор +урбоновнинг ҳосил  етиштиришдаги ибратли фаолиятини газеталарда кенг тарғиб қилишни таъкидлабди. Бош муҳарриримиз таҳририятда республика раҳбари қўйган вазифани ўртага ташлади. Биз фотомухбир билан сафарга бориб, жараённи тезкорлик билан ёритишга қарор қилдик. У пайтларда Сурхондарё чегара ҳудуди бўлгани учун сафарга боришни расмийлаштиришга бир неча кун кетарди. Таҳририят раҳбари бу масалани ҳал қилишни ўз зиммасига олди ва шу куниёқ муаммо ечимини топди. Биз эртаси куни барвақт самолётда Термизга қараб учдик. Манзилга етиб, бир-икки соатнинг ўзидаёқ топшириқни уддаладик. +айтишимиз эса, яна муаммога айланди. Самолётга биттагина билет топилди. Иккинчимиз энди қоладиган. Лекин нима бўлгандаям иккимиз ҳам учишимиз керак эди. Самолёт командирига мурожаат қилдик, вазиятни тушунтирдик. У журналистларни ҳурмат қиладиган, тушунадиган одам экан. Шундай қилиб фотомухбир "АН-24" самолётининг салонида, мен эса, учувчи кабинасидаги махсус ўриндиқда учиб келганмиз.

Биз Тошкентга келиб қўнган заҳоти аэропортдан тўппа-тўғри таҳририятга йўл олдик. Бош муҳаррир топшириқ ҳақидаги материални шу сонга тайёрлаш кераклигини айтди. Фотомухбир зудлик билан суратларни тайёрлашга киришди, мен эса, материални ёздим. Бир неча соат ичида бир саҳифалик мақола суратлар билан тайёр бўлди. Эртаси куни газетамизда ёритилган бир саҳифалик мақола билан танишган Шароф Рашидов шахсан бош муҳаррирга қўнғироқ қилиб, миннатдорлик билдирди.

Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги арафасида бундан қарийб 41 йил муқаддам бўлиб ўтган тарихий учрашув ва воқеани эслашдан мақсад республика раҳбари журналистларга катта эътибор бериб, уларнинг меҳнатини жуда қадрлагани, доимо руҳлантириб турганини қайд этиш эди. Бундай муносабат ҳозирги кунга келиб яна намоён бўлмоқда. Барча оммавий ахборот воситалари жонланмоқда. Аммо бу ҳаракатлар жуда секинлик билан кечяпти. Мамлакатда ҳаёт шиддатли, кўтаринки руҳда давом этмоқда. Эркинлик шабадаси ахборот воситаларида тўла акс этиши лозим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошқа ижодкорлар қатори журналистларни ҳам барча соҳада янада фаол бўлиб, ўткир қалам билан жон куйдириб, жасорат кўрсатиб ишлаши учун ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга тайёр эканини амалда намойиш этмоқда.

Юртбошимизнинг: "Эл-юртимизнинг эзгу орзу-истакларини рўёбга чиқариш, бу йўлда ғов бўлиб турган турли тўсиқларни, бюрократизм, лоқайдлик, таъмагирлик, коррупция каби салбий иллатларни дадиллик билан кўтариб чиқиб, уларга қарши муросасиз жамоатчилик фикрини шакллантиришни ўз касби, ўз ҳаётининг маъно-мазмуни деб биладиган журналистларни мен хақиқий журналист деб ҳисоблайман", деган пурмаъно сўзлари ҳар бир қалам соҳиби учун беқиёс куч, чинакам мадад бўлиши керак.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз раҳбариятининг оммавий ахборот воситалари ходимларига эътибори янада кучаяётганини амалда кўриб турибмиз. Иншоллоҳ бундай ғамхўрлик, кўтаринки руҳ, келажакка умид асло сўнмасин. Журналистлар эса, фидокорона меҳнатини халқига, Ватанига бахшида этиб, бугунги кундаги оламшумул ўзгаришларни, улкан бунёдкорлик ишларини тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битаверсин.

Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист