"Кичкинтой"да катта сайл


Вилоят марказида жойлашган мазкур болалар истироҳатгоҳи ҳам эрта тонгданоқ наманганликлар ва меҳмонлар билан тўлди. Ҳамманинг юзида қувонч, лабида кулгу, барча байрамона кайфиятда. Кираверишга ўрнатилган мустақиллигимизни, Наврўзни, баҳорни улуғловчи, тинчлигимизга шукроналик келтиришга чорловчи шиорлар, киши руҳига руҳ қўшувчи куй-қўшиқлар эса барчанинг қувончига қувонч қўшаётгандай.

- Баҳор ва бахт байрами бу йил ҳар йилгидан-да ўзгача кечаётгандай, - дейди Наманган шаҳридаги 20-умумтаълим мактаби директори Раънохон Насриддинова. - Бунга мактабимизда Наврўзи оламга бағишлаб ўтказилган тадбирларни кўриб яна бир кара амин бўлдим. Жумладан, "Миллий ўйинлар" деб номланган кўргазмали чиқишлар давомида ўқувчилар ота-боболаримиз неча асрлардан бери ардоқлаб келаётган ўйинларни ижро этишган бўлишса, "Ошга марҳамат" деб номланган танловда 8- ва 9-синфда таълим олаётган ўғил болалар таомлар подшосини тайёрлаш борасида нечоғли усталикларини намойиш этдилар. Мактабимизнинг 6-синф ўқувчиси Мамлакат Боқижонованинг спортнинг таэквандо тури бўйича мамлакат чемпионлигини қўлга киритди. Бугун эса ўқитувчи ва ўқувчиларимиз миллий таомлар ва сумалакни пишириб келганмиз.

Шаҳардаги 62- ва 25-мактабгача таълим муассасалари жамоаларининг тайёргарликлари ҳам кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Уларнинг бири "Ассалом, Наврўз!" деб номланган концерт дастурини намойиш қилган бўлса, иккинчи мактабгача таълим муассасаси жамоаси мусиқа раҳбари Хуршида Нурматова томонидан ижро этилган лапар ва қўшиқларга жўр бўлди.

"Кичкинтой"даги кўргазмаларнинг энг каттасини ҳақли равишда вилоят "Баркамол авлод" ёшлар маркази ва унинг шаҳар-туманлардаги бўлимлари эгаллашди, десак муболаға бўлмаса керак. Жумладан, Чортоқ туманидаги марказнинг "Табассум" қўғирчоқ театри томонидан Наврўзга махсус тайёрланган чиқишлари болажонларнинг узоқ давом этган қарсакларига сазовор бўлган бўлса, чустликларнинг миллий дўппи ва пичоқлари, учқўрғонлик ёш чеварлар томонидан тикилган миллий либослар, Наманган туманилик тўқувчиларнинг бежирим маҳсулотлари кўпчиликда ҳавас уйғотди.

- Марказимизда 27 та тўгарак бўлиб, уларда болажонларга расм чизиш, пазандачилик, тўқиш, қўл меҳнати кабилар мукаммал ўргатилмоқда, - дейди Наманган шаҳридаги "Баркамол авлод" болалар маркази тасвирий санъат тўгараги раҳбари Ҳамидхон Қурбонов. - Бугун ҳам ўқувчиларимиз халқимизнинг Наврўз қувончини шу жойнинг ўзида мўйқалам ёрдамида қоғозга муҳрлашмоқда.

Ташриф буюрувчилар билан суҳбатлашганимизда ҳам улар меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайру-саховат айёмига соғ-саломат етиб келганликлари, юртимиздаги тинчлик-осойишталикка шукроналар айтишларини билдиришди.

- Биз Андижон вилоятининг Балиқчи туманидан келдик, - деб ўзларини таништиришди Баҳодир ва Зулайҳо Бойхоновлар. - Наманганда "Кичкинтой" боғи ташкил қилинганлигини эшитиб, унга боришни анчадан буён мақсад қилгандик. Мана бугун фарзандларимиз билан келдик, аттракционлар, турли спорт ўйинлари ва шоулардан нафақат бизнинг, болаларимизнинг ҳам кўнгиллари тўлди.

- Тинчлик-осойишталик бор ерга байрам ярашади, - деб суҳбатга қўшилишади наманганлик Муаззам Қаландарова ва Нозима Тошпўлатовалар. - Минг шукурки, осмонимиз мусаффо, дастурхонимиз тўкин. Фарзандларимизнинг ўйнаб-кулиб юришлари, соғ-саломат, баркамол вояга етишлари давлатимизнинг доимий эътиборида. Наврўз баҳона "Кичкинтой"да ташкил этилган сайл эса нур устига аъло нур бўлди. Илоҳим Юртбошимиз доимо омон, тинчлигимиз боқий бўлсин.

Шу куни "кичкинтой"да шунингдек, болалар учун махсус тайёрланган байрам концерт дастури намойиш қилинди, расм чизиш, варрак учириш, эгизаклар шоуси ҳамда бошқа спорт мусобақалари ҳам ўтказилди.

Илҳомжон ЖУМАНАЗАРОВ,
Улуғбек РАҲИМОВ

Мавзуга оид

  1. "ШОДИЁНА"ДА ШОДИЁНА

    Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуаси қатор қутлуғ маросим ва издиҳомларга кўп гувоҳ бўлган.

    2018-10-25 08:00:57261
  1. ҚЎШИҚ БЎЛИБ ТУЮЛСИН ҲАЁТ

    Эркин Воҳидов ҳаёт бўлганида 80 ёшни ортда қолдирган бўларди.

    2017-01-31 11:00:05526
 

Календарь

2019May
SunMonTueWedThuFriSat
   1234
567891011
12131415161718
19202122232425
262728293031