ИЗЛАГАН ИМКОН ТОПАР


Давлатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллардан бошлаб ёшлар таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки, ҳаёт саҳнасига қадам қўйган янги авлод жамиятда кўп нарсаларни ўзгартиришга қодир.

Бугун Ўзбекистон ёшлари илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида жаҳонда ўзига хос ўринга эга. Университетимизда ҳам фақат талабалик лаёқати билан чекланиб қолмай, балки илмий тад­қиқотлар олиб бораётган, инновацион ғоялари билан ўқитувчи-профессорлар эътиборига тушган ёшлар талайгина. Ўқувчи ва талабалар ўртасида кузатилаётган интеллектуал ўсишни таълим тизимига берилаётган эътибор, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўтказилаётган турли танловлар самараси деб билиш даркор. Талабалар бўш вақтини спорт майдонлари, кутубхоналар, интернет тармоқларида ўтказаётгани ўринли, албатта. Демак, улар изланмоқда, ўз кучи ва билимини оширишга ҳаракат қилмоқда.

Лекин шу билан бирга институтни битириб олсам бўлди, ўқиб олим бўлармидим, деган кайфият ва лоқайдликда яшаётган ёшлар ҳам учраши ачинарли. Мен яқинда тасодифан компьютерда фақат сиртини янгилаб, электрон кутубхоналардан тайёр илмий мақолаларни олиб устозларга курс иши сифатида тақдим этаётган талабаларни учратиб қолдим. Бир қарашда бунинг ҳеч қандай зиёни йўқдай туюлади. Хўш, нима бўпти, талаба ҳар ҳолда тайёр манбаадан фойдаланиб бўлса ҳам ўз устида ишлабди-ку? Бунга ҳам вақт, маблағ, меҳнат сарфлаган. Оз-оз ўрганиб доно бўлур, дейдилар-ку. Буни қарангки, компьютерчи шунчалик уста бўлиб кетибдики, бир муддатда бир неча ёшларга тайёр курс ишларини тайёрлаб берди. Унга телефон орқали буюртма бериб, мавзуни айтиб қўйилса, бас экан. Арзимаган пул эвазига бир машмашадан қутилади. Назаримда, бу вазифаларни ўқитувчи ўқиб ҳам кўрмаса керак? Акс ҳолда бундай кўзбўямачиликка йўл қўйилмасди. Мен бу билан ёшларни ўқиб-изланишга чорламоқчиман, холос.

Ота-боболаримиз илм излаб етти иқлимни от-уловда кезганлар. Бошқа юрт, шаҳарларда йиллаб қолиб кетганлар. Улар минг машаққат билан йиққан илм махзани бугунги ёшлар ихтиёрида. Жамиятда ҳамон ечимини кутаётган муаммолар, маънавий юксалиш ёки техник тараққиётга боғлиқ бўлган масалалар камми? Нима учун янги-янги олий таълим муассасалари, сиртқи ва кечки бўлимлар ташкил этилмоқда? Нега малакали кадрлар тайёрлашга жиддий эътибор қаратиляпти? Талаба-ёшлар ўз зиммаларидаги бурчни англаган ҳолда соҳани чуқур ўрганиб, ўзларининг янгича илмий хулосаларини айтадиган, кашфиётлар яратадиган пайт келди. Бунинг учун эса кўчирмачилик эмас, балки мустақил изланиш зарур. Шундай экан, илғор, билимга чанқоқ, янгиликка ўч ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш зарур деб ўйлайман. Бу каби ёшлар эса университетда кўплаб топилади.

Саидакбар Муталов,

НамДУ Ўзбекистон ЁИ

бошланғич ташкилоти етакчиси

Мавзуга оид

  1. "ИМКОН-ШОУ"ДАН ИМКОНИЯТ

    Аслида мактаб "Имкон-шоу"сидан энг кўп манфаат топган унинг иштирокчилари ва уни томоша қилган ўқувчилар дейиш мумкин. Чунки, у қуйи синф ўқувчиларига ҳам янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш имкониятини яратди.

    2017-03-27 10:53:09353
 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031