ИҚТИДОРИМ - ИФТИХОРИМ


Вилоятда уйда якка тартибда таълим олаётган ўқувчиларнинг билим олиш ва касб-ҳунар сирларини ўрганиш борасида эришган ютуқларини таништириш мақсадида ташкил этилган семинар ана шундай номланди. Мазкур анжуманда ижтимоий ёрдамга муҳтож иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган ишларни янада кучайтириш, алоҳида эҳтиёжли ўқувчилар билан ишлашда мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва педагогик-психологик ташхис ишлари ва умумтаълим мактаблари қошидаги логопедик шахобча фаолиятини юритиш ҳақида сўз борди. Бу ҳақда республика ташхис маркази директори ўринбосари Камолиддин Жўрабоевнинг маърузаси тингланди.

Тадбирда умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган логопедия шахобчалари иш ҳужжатларини юритиш, "Дизартрия" ташхиси билан нутқ камчилиги бўлган болаларга якка тартибда коррекцион педагогик машғулот ўтиш каби мавзуларда мутахассисларнинг маърузалари эшитилди ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. Вилоятдаги тажрибали логопед ва дефектологларнинг илғор тажрибалари намойиш этилди. Шунингдек, анжуман иштирокчилари эътиборига касб тўгаракларига жалб этилган алоҳида эҳтиёжли болаларнинг қўл меҳнати намуналаридан иборат кўргазма ва концерт дастури тақдим этилди.

- Мен Чуст шаҳридаги 64-умумтаълим мактабида якка тартибда ўқийман, - деди Мафтуна Омонова. - Яхши ўқиш билан бирга дўппидўзликка жуда қизиқаман. Устозим ва онам ёрдамида бу ҳунар сирларини анча ўзлаштириб олдим. Мана, кичкинтойлар дўпписини тикишдан бошлаб, энди катталар учун тикяпман. Дўппичилик ҳунари менга жуда ёқади. Яхши чевар бўлиш орзуим.

Президентимизнинг "Болани бирон нарсага ўргатишгина эмас, унда ўз кучига ишонч орттириш, ўз ғоясини ҳимоя қилиш, мустақил равишда бирор қарорга келиш ва унда "МЕН" концепциясини шакллантириш ҳам муҳимдир", деган сўзлари бор. Дарҳақиқат, ёш авлод ана шу руҳда камолга етса, ҳақиқий юртпарвар, етук тафаккур ва идрок соҳиби бўлиб улғаяди. Бу эса биз педагоглардан ҳар бир болага улкан меҳр ва эътибор билан қарашни тақозо этади.

Маҳмуда НАЪМАТОВА,

ВХТБ методисти

 

Календарь

2018December
SunMonTueWedThuFriSat
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031