ИСҲОҚХОН ТЎРА ИБРАТГА МУНОСИБ БЎЛАЙЛИК Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулло Хайитбоевич Бозоровнинг вилоятимиз аҳли ва ёшларига М У Р О Ж А А Т И


Қадрли ҳамюртлар!

Мамлакатимизда янгича юксалишлар даври бошланди. Бу янгиланишлар  ҳар биримиздан фидойилик ва  ғайрат шижоат намунасини кўрсатишликни талаб этаётганини  барчамиз бирдек англаб, ҳис этиб турибмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Наманганда бўлиб ўтган сайловолди учрашувида сўзлаган нутқларида ҳамюртимиз - миллий уйғониш даври тонгининг ёрқин юлдузларидан бири Исҳоқхон Тўра Ибратнинг  ҳаёти ва фаолиятига батафсил тўхталиб, бу бетакрор сиймо ҳақида: "...ноёб истеъдодли бу инсон араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яҳши билган. У дунёнинг кўп мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти билан яқиндан танишган ва юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга интилган.

Улуғ аждодимиз Ибрат тахаллусини бежиз танламаган экан. Унинг Ватан ва юрт тараққиёти йўлидаги фидокорона ҳаёти нафақат ўз даврида, балки бугунги кунда ҳам барчамиз учун ҳақиқий ибрат намунаси бўлиб хизмат қилмоқда", - дея таъкидлаган эдилар.

Давлатимиз раҳбарининг улуғ юртдошимизга берган юксак баҳолари ҳар бир наманганликнинг юрагида фахру ифтихор туйғуларини уйғотди. Шунингдек Президентимиз: "Менимча, Тўрақўрғонда у кишига атаб замонавий боғ яратиб, ёдгорлик мажмуасини ташкил қилсак, буюк бобомиз олдидаги қарзимизни узган бўламиз, - десам  Сизлар нима дейсизлар?"- деб  ҳаммамизни бу масалада ҳамкорликка чорлаган эдилар.

Муҳтарам Президентимиз шу йил 7-8 июль кунлари вилоятимизга ташриф буюриб, халқ хўжалигининг барча соҳаларини таркибий ривожлантириш, янги-янги корхоналарни ишга тушириш тўғрисидаги ғоялар билан бир қаторда, вилоятимиздаги маънавий муҳит, ёш авлод таълим-тарбияси, оилаларда фарзанд тарбияси масалаларига алоҳида эътибор қаратганликларидан хабардорсизлар. +утлуғ ташриф давомида Давлатимиз раҳбари, хусусан, кўп қиррали фаолият соҳиби - Исҳоқхон тўра Ибрат меросини абадийлаштириш, унинг ҳаёт ва ижод йўлини ёш авлодга янада яхшироқ танитиш мақсадида Тўрақўрғон тумани марказида ташкил этилаётган мажмуа ва хорижий тилларга ихтисослашган марказ қурилишида ҳам бўлдилар.

Бу ноёб ҳодиса - республикамиздаги чет тилларга ихтисослашган нуфузли олий таълим муассасаларининг етук профессор-ўқитувчиларини кенг жалб этган ҳолда, вилоят ёшларининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган иштиёқини ошириш ҳамда бу эҳтиёжларни қондириш учун барпо этилаётган мажмуадаги ишлар жараёни ва ундан кўзланган олижаноб мақсадларнинг мазмун - моҳияти ҳар биримизнинг диққат-эътиборимизда бўлиши зарур.

Азиз ёшлар!

Исҳоқхон тўра Ибрат XX аср бошларида Наманган адабий ҳаракатчилиги намоёндаларидан бири сифатида нодир адабий мероси, кенг қамровли илмий, ижодий ва жамоатчилик фаолияти билан миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти ҳамда ижтимоий ҳаёт ривожида алоҳида аҳамият касб этади. Адибдан бизга катта адабий ва илмий асарлар табаррук мерос сифатида ноёб ёдгорлик бўлиб қолган. Унинг қаламига мансуб "Луғати ситта ал-сина" ("Олти тилли луғат", 1901), "Санъати Ибрат қалами Мирражаб Бандий" (1908), "Илми Ибрат" биринчи шеърий тўплами (1909), "Жомеъул-хутут" ("Ёзувлар мажмуаси", 1912), "Тарихи маданият" (1915), "Мезонул-замон" (1916), "Тарихи Фарғона" (1916) сингари катта адабий, маърифий, илмий, тарихий асарлари бебаҳо маънавий хазинамиз, - десак тўғри бўлади.

Айнан биз наманганликларнинг фахр-ифтихоримизга айланган Ибрат домла ўтган асрнинг ўнинчи йилларида сизу бизга шундай  чақириқ билан илм-фан сирларини пухта эгаллашга чорлагандилар:

Ўқингиз илми ҳикмат  сизга  бу иш катта ибратдур,

Агар  илм ўрганурсиз, барча ишда сизга нусратдур.

Агар илм ўлмаса, нодон умри барча кулфатдур,

Бу ашёйи жадиди мубаддали асли ҳикматдур...

Ёки "Мезонул-замон" асарида ёшларга қарата шундай насиҳат қилади: "Илм ўқинг - ўқитинг, ахлоқу фунун замонага даркорлик илмлар зарур.

Асримиз илму ҳунар, ҳаракат асридур, турмоқ асри эмас"

Маърифатпарвар Ибрат ўз ҳовлисида қишлоқнинг камбағал болалари учун бепул янги "усули савтия" мактабини очган, ўз ҳисобидан ўқув қуроллари олиб келиб, ўқитиш ишларини ҳафталик дарс жадвали тартибида олиб борган. Шунингдек, Фарғона водийсида биринчилардан бўлиб босмахона ташкил қилган ва уни "Матбааи Исҳоқия" номи билан ишга туширган. Босмахонада турли китоблар, савод чиқаришга оид рисолалар, дарсликлар ва бошқа қўлланмалар мунтазам нашр этиб турилган. Ибратнинг ҳуснихатга, хат- савод чиқаришга бағишланган "Санъати Ибрат" рисоласи, "Илми Ибрат" номли шеърлар тўплами, ёзувлар тарихига бағишланган "Жомеъ ул-хутут" каби маърифатпарварлик руҳи билан суғорилган рисола ва китоблари ҳам ўзи ташкил қилган нашриётда чоп этилган.

Ибрат маънавий бойликни барча нарсадан устун қўювчи маърифатпарвар сифатида ўзи еттита тилни билгани ҳолда ёшларни доимо билим олиш билан бирга, тил ўрганишга чақирган.

Маънавий ҳаётини, борлиғини, ақл-идрокини ўз халқи истиқболига бағишлаган шоир номини абадийлаштириш мақсадида вилоят босмахонаси, Наманган ва Тошкент шаҳридаги кўчалардан бирига Ибрат номи берилган. Бугунги кунда Тўрақўрғондаги Ибрат музейи қайта таъмирланмоқда. Ватанпарвар, маърифатпарвар, фидойи ҳамюртимиз Исҳоқхон Ибратнинг ҳаёти Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек, биз ёшларга ибрат ва намуна бўлади.

 

Азиз устозлар!

Исҳоқхон  тўра  Ибратнинг  келажакка  комил ишонч,  миллат руҳиятига  кўтаринкилик бахш этувчи ғоялари ҳозирги кунда ҳам ўз амалий аҳамиятини йўқотмаган. Ибрат бобомиз оламда юз бераётган интеграция жараёнини тубдан англаб, миллат бу ўзгаришларга тайёр турмаса, илм, хорижий тил ва техникани ўрганмаса дунё саҳнасида ўз ўрнини йўқотиб қўйиши мумкинлигини олдиндан кўра билган.

Ибрат орзу қилган интилувчан, ҳар соҳада билимдон, фидойи ёшлар бугунги кунда ҳам юртимизнинг порлоқ келажагини барпо қилиш йўлида сабот билан меҳнат ва ижод қилмоқдалар, ишламоқдалар, изланмоқдалар.   Ҳукуматимизнинг  хорижий   тиллар,  ахборот  технологияларини ўзлаштириш борасида қилаётган саъйи-ҳаракатлари айнан Ибрат, Фитрат, Чўлпонлар орзу қилган кунларга келганимизни, Ватаннинг буюк истиқболи учун ҳозирдан тамал тоши қўйилаётгани, айниқса, бу ислоҳотлар кенг кўламда олиб борилаётганининг яққол мисолидир.

Агар бу борада Сизлар даъваткорликни кучайтирсангиз, билим ва маҳоратингизни ёшларимизга бажонудил улашсангиз натижа биз кутганимиздан ҳам зиёда бўлмоғи шубҳасиз.

 

Ҳурматли ота-оналар!

Тарих сабоқлари инсоннинг иродасини мустаҳкамлайди, ҳушёрликка чақиради. Мустақиллигимизнинг ҳозиргача бўлган даврида тарихимиз турли қора бўёқлардан тозаланди, авлодлар ўз тарихларини бировлар китобидан эмас, ўз ота-боболарининг меросларидан ўрганмоқдалар. Эндиги мақсадимиз тарихий воқеалардан тўғри хулоса чиқариш, тарақийпарвар ғояларидан фойдаланиб, ўзимизга хос ва мос йўлимизни белгилаб олишдир.

Биз - ота  оналар бор диққат-эътиборимизни  давлатимиз  раҳбарининг ташаббусларини  қўллаб-қувватлаган ҳолда, Исҳоқхон тўра Ибрат ғояларини амалга ошириш, бугунги тез ўзгарувчан замонда давр талабларига жавоб берувчи, ҳар томонлама баркамол, билимдон авлодлар бўлиб етишишингизга қаратишимиз зарур ва шартдир. Чунки ҳозирги глобаллашаётган янги давр шароитида юз бераётган ўзгаришларга теран кўз ва соғлом ақл билан ёндошиш, бир неча хорижий тилларни мукаммал ўрганиш, техника ва турли технологияларни пухта ўзлаштириш, ўзбек илм-фанини жаҳон саҳналарида худди спорт соҳасидаги каби олдинги ўринларга олиб чиқиш учун бор имкониятларни  ишга солишда бу жуда зарур ва муҳимдир. Шу маънода оила аъзоларимиз билан жам бўлган лаҳзаларимизда, турли йиғинларда, маънавий-маърифий анжуманларда Ибрат каби жонфидо алломалар ҳақида, уларнинг бой мерослари хусусида фикр юритиб,бу каби тарихий сиймолар ҳаёти, ижоди ҳамда босиб ўтган йўлларини чуқур ўрганишга, пухта ўзлаштиришга астойдил даъват қилишимиз жоиз.

 

+адрли нуронийларимиз, тарғибот-ташвиқот соҳасининг фидойи мутасаддилари, азиз уламо-фузалоларимиз!

Наманганимиз жуда  кўп серқирра истеъдод соҳибларига, буюк алломаларга Ватан бўлган замин. Бу кўҳна юртда Маҳдуми Аъзам Косоний, Бобораҳим Машраб, Фазлий, Нодим Намангоний, Муҳаммадшариф Сўфизода сингари шоир ва маърифатпарварлар туғилиб, ижод қилганлигини, ана шундай аллома, фозил ижодкорлардан бири Исҳоқхон Тўра Ибрат эканини кенг тарғиб қилиш Тўрақўрғонда туғилиб ўсиб, араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини яхши билган, дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлиб, Шарқ ва Европа илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб келган ва амалиётга жорий қилган Ибрат домладан ибрат олишга даъват қилишимиз ҳам миллатга, унинг фидойи сиймоларига садоқатимиздир ва бу ёшларимиз учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Бинобарин, Ибрат домла "Тарихи Фарғона" асарида юртимизга шундай таъриф берадилар: "Наманган азиз-авлиёлар ва машойиҳлар, яъни ўқимишли, олим, зиёли одамлар шаҳри бўлган". Демакки, илмга, маърифатга интилиш бизда қадимдан бардавом бўлиб келган.

Президентимиз вилоятимизга ташрифлари чоғида шу боис ҳам хорижий тилларнинг аҳамияти нақадар муҳимлиги ҳақида гапириб, ҳар бир ёш ўз она тилидан ташқари камида  битта хорижий тилни ўрганишга ҳаракат қилса ҳаёти янада нурафшон бўлади, дедилар.

Бу жуда улуғ даъват, юксак ишонч. Келинг, Юртбошимизнинг юксак ишончларини оқлаш учун "Биз наманганлик ёшлар Ибрат домланинг давомчилари бўлиб, камида битта чет тилини ўрганиш бурчимизга айлансин!" ва бу наманганлик ёшларнинг шиори бўлсин! Ибрат домла каби аллома аждодоларимиз бошлаб берган хайрли анъаналар бугунги ёш авлод орзу ва интилишларида изчил давом этсин.

Юртимизнинг барча вилоятлари, шаҳарлари, туманлари ва қишлоқларида хорижий мутахассислар билан биргаликда қўшма корхоналар қурилмоқда. Халқ хўжалигининг бирор бир соҳасида ишлашга тараддуд кўраётган ўғил ёки қизимиз камида битта хорижий тилни ўрганиб олса фаолияти янада енгиллашарди ва ишида унум бўларди. Дунёқарашлари янада тиниқлашиб, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бўлардилар. Шу боисдан, биз, ёш авлод вакилларини, буюк аллома, ҳамюртимиз Ибрат домлага муносиб ворис бўлишга, тенгдошларига ўрнак бўлишга чақирайлик.

Ишончим комилки, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб иш ташкил этсак, фарзандларимиз  нафақат таълим-тарбияси, хулқу-одоби билан, балки хорижий тилларни пухта ўзлаштира олиш иқтидори билан ҳам республика ёшларига ўрнак бўладилар, юртнинг равнақига муносиб ҳиссалар қўшиб, юзимизни нурафшон қиладилар.

Президентимиз бу борада бутун мамлакатимиз ёшлари қатори наманганлик ёшларга ҳам ишонч кўзи билан қарамоқдалар. Сиз ёшларга бундай юксак ишончни оқлашдек шарафли ишда куч-қувват, илмга, тил ўрганишга бўлган улкан иштиёқ,   сабр-бардош тилайман. Яратган барчамизга оилавий хотиржамлик ва тан сиҳатликни, фарзандлар камолини кўриб юриш саодатини насиб этсин!

Мавзуга оид

  1. Наманган вилояти ҳокими бир кунда 150 дан ошиқ фуқарони қабул қилди!

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлат ҳокимияти органлари фаолиятида фуқаролар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини тезлик билан ижобий хал этиш устуворлик касб этди.

    2017-02-11 11:29:52662
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

    2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    2017-01-31 11:20:351194
  1. МУНОСИБ ИЗДОШЛАР

    Мазкур танлов ёшлар ўртасида ҳарбий соҳага қизиқиш баланд экани ҳамда Ватан ҳимоясига қодир йигитлар камол топаётганидан дарак берди.

    2018-02-17 10:38:01565
  1. ИБРАТГА ЭҲТИРОМ

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 апрелдаги "Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарори асосида ҳамюртимиз, ХХ аср Миллий уйғониш даври хорижий тиллар билимдони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон ўғли Ибрат хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тўрақўрғон тумани марказида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

    2017-06-07 12:26:00560
  1. ШОҲ ВА ШОИР ШАРАФЛАНДИ

     Амалдаги ойда шеърият мулкининг султони ҳазрат Мир Алишер Навоийнинг 576 йиллиги ва улуғ юртдошимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 534 йиллиги муносабати билан ташкил этилган адабий кечалар ва маърифий тадбирлар ана мақсадга хизмат қилди.

    2017-03-03 11:14:07751