ИККИ АСР ШОИРИ


Биз Эркин Воҳидовни 70-йиллардан таниганмиз. Унда устоз "Ёш гвардия" нашриётининг бош муҳаррири эдилар. Аҳмаджон Мелибоев уларнниг ўринбосарлари бўлиб ишлардилар.

Навоий - 30 даги маҳобатли бинонинг ўнг қанотида жойлашган нашриётга ёшларнинг ташрифи шоирнинг ҳаммага муносиб баҳо бериши сабабдир балки. Ишқилиб, доим бирга юрадиган дугонам Шарифа Салимова икковимиз "китобимиз қачон чиқади" дейиш учун қабулларига кириб, янги ғазалларини эшитиб, ўзимиз ҳам шеър ўқиб кетганларимизни эслаймиз.

Менинг иккинчи китобим "Кўклам қизи" 1993 йилда Эркин Воҳидов бошқа ишга ўтганларидан кейин чиққан. У вақтларда бир ҳафтада китоб чиқариш деган гап бўлмаган. Чиғириқдан ўтиб, китоб ҳолида босиларди. 100, 500 та китоб чиқариб, тақдимот қилиб, мукофотларга қўйиб, эрта-индинга ҳеч ким эмаслигига гуноҳкор қидирмасди.

Етмиш саккизинчи йили ёзда Қаш­қардарёнинг Мирокисида ёш ижодкорлар семинари бўлиб ўтди. Ўша йиллар адабиётга гуриллаб кирган ёш шоирлар ижоди ўрганилди. Мен одатдагидай бир папка ҳикоялар, бир папка шеърларимни топширган эдим. Эркин Воҳидов шеъриятга, Ўткир Ҳошимов насрга раҳбар эканлар. Шоира дугоналарим билан шеъриятни мўлжаллаб ўтирсам, насрингиз ҳам яхши, Москвада ўқигансиз, менга ёрдам беринг, деб қолдилар.

Ўзимни шеъриятга чоғлаб турганимга ялт этиб Эркин акага қарадим.

- Майли, - дедилар бош чайқаб, - бугунги машғулотда Ўткиржонга ёрдам беринг. Мушоирада шеър ўқийсиз.

Қўшни хонага чиқиб, носирларни ҳикояларини ўқишга тушдим. Ўткир акага ёрдамчи бўлдим. Ёзувчининг "Икки эшик ораси"дек икки хона-наср ва назмга танда қўйдим.

Тошкенда мушоираларда жуда кўп Эркин аканинг раҳматларини олганман. У кишига шеър ёқса, юзларидан нур ёғилиб, "раҳмат" дердилар. 1980 йил биринчи китобим Ғафур Ғулом нашриётида чоп этилгач, ғизиллаб "Ёш гвардия"га Эркин акага обчиқиб, "Замонамиз Навоийси Эркин акага" деб топширганман. Дуоларини олганман.

Йиллар ўтди, ҳамма шоирлар каби сал танаффус қилдим. 1983 йил Ёзувчилар уюшмасига чақиришди. Шоир Мирпўлат Мирзаев, ҳаммаҳаллам, уйга келиб айтиб, фалон соатга деб кетди. Ҳозиргидай телефонлар йўқ. Уюшмага бордим, Сарвар Азимов қабул қилдилар. Соатга қараб гаплашади, деб эшитгандим, ундай бўлмади. Уюшмага ишга таклиф қилдилар, суҳбатдан кейин. Мен қайнонам хасталикларини айтиб, узр сўрадим. Сарвар ака, тузалсалар келинг, штатни сақлаб турамиз, деб хайр­лашдилар. Бу таклифнинг бошида ҳам Эркин ака экан.

Замонлар ўтиб, Наманганга келиб қолдим. Ўн йилларча олдин Эркин Воҳидов билан учрашув, деб шаҳар ҳокимлигининг катта залига йиғилдик. Зал тўла мактаб директорлари, тил-адабиёт ўқитувчилари. Наманганда кўзга кўринган ижодкорлар. Вилоят ҳокими, беназир инсон Икромхон Нажмиддинов билан устоз кириб келдилар. Учрашув бошланди, зал тўла ҳаяжон, шеър завқи, шавқи тиллдардан тилларга тошади. Бир вақт бир чол чиқиб, шикоятни бошлади. Залга совуқ сукунат тушди. Икромхон ака, сиз чиқинг, деб менга имо қилиб, ташқарига чиқиб кетдилар. Шикоятчини гапи тугаши билан таклифсиз (умримда биринчи марта) минбарга чиқдим.

- Эркин ака, бу залдаги аёллар сизни яхши кўришади, - деб гап бошладим. - Буларни барининг ёстиғи тагида ҳалиям "Ёшлик" девонингиз бор.

Зал қарсакка тўлиб кетди. Ўшанда Эркин Воҳидовга бутун ўзбек шоиралари номидан гапирганимни ҳис қилдим. Ҳамма яхшиликларига раҳматимни айтдим, деб ўйлайман.

Шундан кейин Эркин ака яна қаҳрамон халқ шоирига айланиб, оташин шеърлари билан мухлисларни шод этгандилар.

Эркин Воҳидов 20 асрдаги Осиёдаги энг олдинги шоир, 21 асрдаям қаҳрамон шоир эдилар. Бир учрашувда айтгандилар. Сенатнинг катта бир кенгайтирилган йиғилишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов "қани ёшлар, 18 ёшлар ўрнингиздан туринг", дептилар. Шоир ҳам ёшлар билан тик туриб, мен ҳам мустақиллик билан тенг­ман, дептилар. Халқ шундай шоирини севмай, кимни севсин. Эркин ака шундай лутфи хуш, эътиборли, ўта мулоҳазали инсон эдилар.

Шоирликка даъвогарлар кўп. Ўша даъвогарлар ичида икки донишманд, икки қаҳрамон шоир дунёдан ўтди. Энди уларнинг умри асарларига айланди. Эркин Воҳидов изидан Абдулла Орипов мангулик сари йўл олдилар.

Эркин Воҳидов катта адабиёти билан йўлларда маёқ бўлади. Буюк донишманд Эркин Воҳидовнинг улуғ мактаби бардавомдир.

Дилбар БОНУ

Мавзуга оид

  1. ҲАЁТ САҲНАСИДА ЯШАМОҚ - САНЪАТ Ҳусниддин ШАРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири

    Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли - деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади.

    2017-04-11 13:35:54622
  1. БИР АРИҚНИНГ ИККИ ҚИРҒОҒИДА азалий дўст-биродарлик тантанаси

    Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган дўст-биродарлик ва яхши қўшничилик ришталари муқаррар мустаҳкамланиб, ҳар икки халқнинг орзу-мақсадларига ҳамоҳанг янгича мазмун билан сайқал топаётгани истиқболдаги ёруғликлардан, нурафшон манзиллардан нишонадир.

    2017-10-03 15:49:03556
  1. Гиёҳвандлик - аср вабоси

    Мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши кескин ва самарали кураш йўлга қўйилган. Ҳар йили гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги ўтказилиб, ёшларга бу иллат оқибатлари ҳақида кенг маълумотлар берилмоқда.

    2017-03-15 16:37:18789