ХАТАРЛИ ЭРМАК


"Кўк кит" - жаҳолатпараст гуруҳлар томонидан ёшларни тўғри йўлдан оздириш, келажакдан маҳрум этиш, тубанликка етаклаш мақсадида қўйилган тузоқ деб ўйлайман. Вертуал олам орқали дунённинг бир қанча мамлакатларида тарқалган бу бало, афсуски, Ўзбекистонга ҳам кириб келишга улгурди. Чет мамлакатлардаги айрим ўсмирлар бу тузоққа илиниб, ўз жонига қасд қилишгача етиб бормоқдалар. Бу "ўйин" шуниси билан ҳавфлики, ўлжага айланган ўсмирга кетма-кет ахлоққа зид ишларни бажаришга буйруқ берилади. Топшириқ бажарилса, қўллаб-қувватлайди, акс ҳолда турли руҳий тазйиқлар ўтказилади. Аввалига оддийдек туюлган бу вазифалар борган сари муракакаблашиб, талабга бўйсунмаганларга уларнинг оиласи, яқинларига зарар етказилиши тўғрисида таҳдид қилинади. Оқибатда ўз яқинларини йўқотишдан қўрққан бола, қутулишнинг бошқа йўлини тополмай, қадрдонлари тинчлиги учун ҳам ўзини қурбон қилиши мумкин...

Бир болани камолга етказгунча ота-она қанча машаққат, заҳмат чекади. Лекин фарзандининг иродаси, онг-шуурини дунёнинг бир чеккасида туриб бошқарса, ақл-у ҳушини ўғирлаб, ажал комига тортса, бундан даҳшатлироқ фожеа бўлиши мумкинми?

Фан-техника юксак даражада ривожланган асрда яшаяпмиз. Шов-шувли хабар ёки қизиқарли фотосурат бир лаҳзада оламга тарқалмоқда. Ҳаёт тажрибаси йўқ, дунёқараши ва иродаси шаклланмаган ёшлар интернетда нима фойда-ю нима зиён эканини фарқига бормаса, қабиҳ ниятли разил кимсалар қўғирчоғига айланиб қолса, бағримиздаги фарзандни тортиб олиб, ўзимизга қарши қайраса ёки онгини бўлмағур фикрлар билан заҳарласа, энди бунга чидаб ҳам, бу ҳолатни лоқайд кузатиб ҳам бўлмайди.

Бу хатар барчани огоҳликка чорлаши керак. Ўғил-қизларимиз нима билан банд? Бўш вақтини қандай ўтказмоқда? Бахтли ҳаётига асос бўлувчи илм-у ҳунар ўрганиш ўрнига вақтларини беҳуда сарфламаяптими? Огоҳ бўлайлик, фарзандимиз бўш вақти - душманларнинг иш вақти! Азиз болажонларимизни эътиборсизлик туфайли ғайир кимсалар ихтиёрига бериб қўймайлик! Ғафлатда яшашнинг, лоқайдлик домида қолишнинг вақти эмас!

Ёш авлод - бебаҳо бойлигимиз, халқимиз келажаги. Уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, асраш, бахтли ҳаёт сари йўналтириш бизнинг бурчимиздир.

Маҳфуза ТЎЙЧИБОЕВА,

Янгиқўрғон туманидаги 10-ДИМИнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси