Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал


Шоир Чустий мумтоз адабиётимиз билан янги давр адабиёти оралиғидаги кўприкни яратган ва арузнавислик санъати анъаналарини ривожлантирган адиблар сирасига киради. Шунга кўра у Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий каби ғазалнавис ва қўшиқчи шоирлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди. Чустий шоирнинг адабий тахаллуси бўлиб, у Наманганнинг Чуст туманида таваллуд топган. Асл исми шарифи Набихон (Набихўжа) Нуриллахўжа ўғли бўлиб, у 1904 йилнинг 20 февраль куни тўқувчи-ҳунарманд оиласида дунёга келган. 1916 йилдаги ўлкада ҳукм сурган ўзгариш ва бебошликлар туфайли ўн тўрт жонли Набихонлар оиласи Қўқонга кўчиб бориб, тўқувчилик ишлари билан шуғулланади. Бўлғуси шоир ҳам ўн икки ёшидан ота касбига меҳр қўяди, оилага ёрдамлашади. Айни пайтда у эски мактаб ва мадрасаларда таълим олади.

Чустий Октябрь тўнтаришидан кейинги қарийб 60-70 йил давомида совет хўжалик тармоқларида, маданий-маърифий марказларда, илмий-адабий ўчоқларда фаолият кўрсатади. Жумладан, 1930-1939 йилларда колхозларда, матлубот жамиятларида масъул лавозимларда ишлайди. 1940-1946 йилларда эса Муқимий номидаги мусиқали драма театрида аввал адабий эмакдош, сўнг директор лавозимида хизмат қилади. 1944-1945-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Адабиёт жамғармасида директор бўлиб ишлайди. Сўнг наш­риётларда таржимон сифатида фаолият кўрсатади. 1970-1976 йилларда у Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлайди. 1976 йилдан бошлаб унга республика аҳамиятига молик нафақа тайинланади. Ундаги шеъриятга, ижодга ҳавас анча эрта уйғонган бўлса ҳам, мустақил ижод йўлига ўн саккиз-йигирма ёшларида қадам қўяди. Бунда Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари ижодининг таъсири кучли бўлади. Чустийнинг шоир сифатида шакл­ланишида "Турабий" тахаллуси билан ғазал, мухаммас ва маснавийлар яратган отаси Нуриллахўжанинг ҳам таъсири йўқ эмас.

Чустий бутун умри давомида йигирмага яқин шеърий тўплам яратган ва нашр эттирган бўлиб, улар жанр ва услуб жиҳатдан бой ва рангго-рангдир. Унинг "Қўз­ғол" (1942), "Шамшир" (1943), "Лолазор" (1945), "Ҳаёт завқи" (1951), "Гул мавсуми" (1969), "Ғазаллар" (1978), "Ёд этинг камтарин Чустийни ҳам" (1984) каби қатор шеърий мажмуалари қаторида "Зафарнома" (1939), "Тириклайин жаннатга кирган кампир" (1939), "Кийикнома" (1940), "Гул садоси" (1949), "Уйғуробод" (1948), "Боғи эрам" (1978) каби дос­тонлари ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, шоирнинг мумтоз адабиётимиз анъаналаридан озиқланган "Ҳаётнома" (1988), "Садоқат гуллари" (1992), "Кўнгил тилаги" (1994) каби девонлари китобхонга Шарқ - мусулмон ахлоқи фалсафасини сингдиришда эстетик роль ўйнайди. Унинг сўнгги "Кўнгил тилаги" девонига кирган бир қатор ғазаллар, мухаммас ва маснавийлар бу жиҳатдан муҳим қимматга эгадир.

Чустий қўшиқчи шоир сифатида айниқса, машҳур эди. Унинг ўнлаб ғазаллари 30-йиллардаёқ граммпластинкалар-га муҳрланиб қолган. Шоирнинг "Ёримга савол", "Ноз этма", "Авора бўлма дейди", "Минг балони енгади", "Муҳтож бўлмағай", "Сурмага муҳтож эмас", "Бевафоларнинг иши", "Ошно бўлмай туриб" ва "Онанома" каби ўнлаб кўшиқлари ҳозирги кунда ҳам хонандаларимиз сози ва овозида баралла янграмоқда.

Чустий драматург ва таржимон ҳам эди. У бошқа муаллифлар билан ҳамкорликда "Даврон ота", "Қурбон Умаров" ва "Жасур оила" каби саҳна асарларини ёзган. Ҳофиз, Собир Термизий, Мирза Ғолиб, Али Сардор, Мирзо Турсунзода асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Чустий 1983 йил 13 августда вафот этади.

 

КEРМА МАНМАНЛИК

БИЛАН

Керма манманлик билан ўрнида турган қошни,

Эл севар одамда бўлган сабр ила бардошни,

Йўлда жонингдин азиз тут сенга чин йўлдошни.

Йўлга сол келса қўлингдин ақли паст бебошни.

 

Одам ўғли бўлмағайсан бўлмаса сенда вафо,

Эл аро шармандадурсан бўлмаса шарму ҳаё,

Тозадиллар кирюраклар бирла бўлмас ошно,

На қилай бундай кўнгулни бўлмаса унда вафо,

Сақламас сандиқда ҳеч ким қиммати йўқ тошни,

Керма манманлик билан ўрнида турган бошни.

 

Нокерак бўлма жаҳонда доимо даркор бўл,

Бағрида яйратган элдан шод-миннатдор бўл,

Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл,

Қўлга санчилма тикандек, балки беозор бўл,

Кекса ҳам ҳурматлагай одобли бўлган ёшни,

Керма манманлик билан ўрнида турган бошни.

 

Ҳар киши кўнгли учун аҳмоққа ҳиммат айласин,

Ҳар киши яхши кишилар бирла суҳбат айласин,

Ҳар киши майли ҳалол меҳнатда роҳат айласин,

Тўкмасин, Чустий, севинч-ла кўзга тўлган ёшни.

 

Керма манманлик билан ўрнида турган қошни,

Эл севар одамда бўлган сабр ила бардошни,

Йўлда жонингдин азиз тут сенга чин йўлдошни.

Йўлга сол келса қўлингдин ақли паст бебошни.

Эл учун қилсанг зиён тошларга ургин бошни.

 

ҚАДР

Кимки ўз қадрини билмас, билмас одам қадрини,

Одам эрмас билмаса ҳар ким бу олам қадрини.

 

Айланиб сув устида оққан сомон янглиғ киши,

Қолмагай гирдобиғамда билса бу дам қадрини.

 

Эй баҳор элчиси, боғда тутма пандингни дариғ,

Яхши билсин субҳидам гул барги шабнам қадрини.

 

Васф этиб минг бир кеча айтолмагай мингдан бирин,

Мақтаган жон булбули минг йил бу кўклам қадрини.

 

Эй қуёш, даврингнинг қадрини билмаган иблислар,

Ҳам беҳиштдан ҳайдалур, билмас жаннат қадрини.

 

Қадр билганларни қадрин сақла тан, жон бирла тенг,

Қадр билмасларга ўргат кунда кам-кам қадрини.

 

Чустий, бу олам муҳаббат офтобин олами,

Одам эрмас билмаса ҳар ким бу олам қадрини.

 

 

НАМАНГАН

ГЎЗАЛ

Табиат Наманганга боққан махал

Ўзи хам севибди деган бор масал

Кўришга қуёш чиққай айлаб жадал

Қаламкашга бериб биро лам ғазал

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Гиёҳи шифо дори тўгу қири

Юзи гул эли гулчиликнинг пири

Қуёш олмаса тўлгай ой анжири

Анори тилодек ширин хар бири

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Тарозосига палла ую қуёш

Эмас паҳтасин вазнича тўгу тош

Қилур атласин кўкда юлдуз талош

Баланд ҳимматидан тўкин нону ош

Хуш овози кўп, санаъти беадад

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Қуюқ сўзли машраблар беқиёс

Бу фикримга донстонларидан асос

Эли манидан кийди рангин либос

Олиб суратин қўлга, бағрингга бос

Соғинсенг кўрарсан уни ҳар маҳал

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Қизи сочинг ошиқи сочи хам

Етишмас сўзим ўглини мақтасам

Шифо сўзларин мисли Кавказда ҳам

Сиёҳдонга қўйдим қониб ич қалам

Топиб ёзмасанг яхши сўзлар уял

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Баҳодирлари Чусту, Косонсой, Поп

Задарёда мос қайда бор, бўлса топ

Сўзинг бормикан уйчи мадҳида боп

Керак бўлди сўз гавҳари қоп-қоп

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Етук янги қўрғонлик мардоналар

Йигиб катта меҳнатла дурдоналар

Қўшиб ҳисса норинлик фарзоналар

Заму-само мадҳ этар галма-гал

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Элининг юзида вафо барқ урар

Ширин халқу, одоб вафо нарқ урар

Билим, илму фан хам разо барқ урар

Бўлиб хусни оламбано барқ урар

Қиши, ёзу, кузу фасли хохи ҳамал

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Наманган деган сўз ширин дил навоз

Бу сўз қалбим ичра тараннумли соз

Бутун халқдан ҳам ўзим ишқибоз

Кел, эй Чустий, бир офариннома ёз

Борур сенга меҳру бирлам гўзал

Гўзалдур Наманган, Наманган гўзал

 

Мавзуга оид

  1. Наманган вилояти ҳокими бир кунда 150 дан ошиқ фуқарони қабул қилди!

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлат ҳокимияти органлари фаолиятида фуқаролар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини тезлик билан ижобий хал этиш устуворлик касб этди.

    2017-02-11 11:29:52653