ФИДОЙИЛАРДАН БИРИ


Танишинг, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Марғуба Жўраева. У Поп туманидаги ВХТБга қарашли 11-Давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатда кимё фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Умумий иш фаолияти чорак аср. Ҳамкасбларининг таърифича, билимдон ва интилувчан, тажрибали ва ўз касбининг ҳақиқий фидойиси. Дарҳақиқат, Марғуба 25 йилдан буён педагогликдек шарафли, шунинг билан бирга заҳматли касбни ардоқлаб келяпти.

Кўп йиллик иш фаолияти мобайнида ўз фанини ўқувчиларга мукаммал ўргатиш билан бирга ўзи ҳам изланишдан толмайдиган муаллима бу йил педагогик маҳорат ва салоҳият бобида бошқалардан илгарилаб кетганлигини "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" кўрик-танловининг вилоят босқичида яққол намоён қилди. Мазкур танловнинг барча шартларини қийинчиликсиз уддалаб 85 балл натижа билан нав­батдаги республика баҳсига йўлланма олди.

- Шундай ўқитувчилар борки, уларни "туғма педагог" дея таърифлашади, - деди 11-ДИМИ директории Музофот Аҳмедова. - Марғуба ана шундай устозлардан бири. Фанига алоқадор жуда мураккаб мавзуларни ўқувчиларга ўргатишнинг шундай услубларини қўллайдики, ундан сабоқ олаётган синфларда ўзлаштириш ва билим самарадорлиги ҳамиша юқори чиқади. Бунинг исботи тариқасида Марғуба тайёрлаган бир неча дарс ишланмалар ва методик тавсияларни вилоят миқёсида оммалаштирилди. Масалан, "Кимё фанини ўқитишда инновацион технологиялардан фойдаланиш", "Кимё фанидан мураккаб масалаларни ечиш усуллари" ва "Кимё фанидан 1000 саволга 1000 жавоб" каби методик қўлланмаларини келтириш мумкин. У жиҳозлаган фан кабинети ҳам намунали. Мар­ғуба "Йилнинг энг яхши фан кабинети" танловининг вилоят босқичида бежиз 1-ўринга муносиб кўрилмаган.

Устоз ишончини оқлаётган шогирдлар ҳақида сўз очилса, Марғуба Жўраевага ҳавас қиладиганлар талайгина. У 2006 йилдан буён фан олимпиадалари ва "Билимлар беллашуви"нинг юқори босқичларида фахрли ўринларни эгаллаган ўқувчиларини санайдиган бўлса, улар сони элликдан ошиб кетади. Ғолиблар сафида республика миқёсида ютуққа эришган ўндан зиёд иқтидорли ўқувчиларнинг номлари бор. Бу ўқувчилар Марғубанинг фахри, ғурури.

Фидойи муаллиманинг ибратли ишлари ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Унинг бой иш тажрибаси, услубидан фойдаланиш мақсадида тренер-ўқитувчи этиб танлангани ҳам касбдошларига катта наф беряпти. У кимё фани бўйича таянч муассаса сифатида танланган 40-мактабда тренер-ўқитувчи сифатида ёш мутахассисларнинг касбий маҳоратларини оширишга кўмаклашмоқда. Шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, фанлардан олаётган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи "Инновацион лаборатория" фаолиятини йўлга қўйган. Шу кунларда эса "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси" танловининг якуний босқичида ғолиб бўлиш учун астойдил тайёргарлик кўрмоқда.

Наврўза СОЛИЕВА,

Поп туман ХТБ методисти

Мавзуга оид

  1. ИЛҒОР ПЕДАГОГЛАРДАН БИРИ

    Шу ўринда, илм ўргатувчилар тоифаланган қуйидаги таърифни келтириш жоиз: "Ўртамиёна ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, зўр ўқитувчи кўрсатади, буюк ўқитувчи эса руҳлантиради".

    2017-04-11 13:56:59545