ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН УМР


2000-йиллар таълим соҳасида оғир давр эди. "Таълим тўғрисида қонун" ва "Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури"да белгиланган вазифаларни босқичма-босқич амалга оширишда янгича талаблар асосида ишлашга қодир фидойи, малакали ходимлар кам, аксарият ўқитувчилар иқтисодий етишмовчилик, тизимдаги қийинчиликлар туфайли мактабдан безиб кетган, кадрлар қўнимсизлиги сезиларди. Ана шундай долғали йилларда Косонсой туманидаги 22-Давлат ихтисослашган мактаб-интернатнинг ўша пайтдаги аҳволи ачинарли бўлиб, кўп йиллар яроқсиз қолгани оқибатида ҳудуд ҳувиллаб қолган, ўқув биноларидан фойдаланиш иложсиздек туюларди. Бироқ вилоят ХТБнинг ўша пайтдаги бошлиғи Дилшода Дадажонова бу жойни таълим-тарбия масканига айлантира оладиган тажрибали педагогни топди. Бу ҳозирда мазкур даргоҳни бошқараётган директор Олимхон Абдураҳимов эди.

Биз уни азим дарахт соясида ўз ўйлари билан банд ҳолда учратдик. Атрофда биноларни таъмирлаётган усталардан бошқа ҳеч ким йўқ, аммо қушлар чуғури, сарин шабода, ғарқ пишган ўрикдан таралаётган мева ҳиди бу жойга аллақандай файз, кўрк, тароват бағишлаган. Қуйироқда оқаётган сой товуши қулоққа элас-элас чалинса-да, бироқ сув бўйидан таралаётган салқин ҳаво ёз жазирамасида танга роҳат бағишлайди. Олимхон ака бизга пешвоз чиққанларида, ярим асрдан ортиқ иш тажрибаси, шундан қарийб 40 йилини таълимга бағишлаб, касбдошлар ўртасида ҳурмат ва эътибор қозонган инсонга салом беришга улгурмай, устоз таълим муассасаси тарихи ҳақида сўз бошладилар.

- Бу жойда 15 йил аввал адашиб қолардингиз, - деди у. - Мен дастлаб нимадан иш бошлашни билмай қолганман. Чунки, Косонсой шаҳридан узоқ, қатнаш учун ноқулай, ҳали танилмаган масканда ишлашга кимнинг кўзи учиб турибди, дейсиз. Лекин педаогогларни келажака ишонтира олдик, сабр ва умид билан меҳнат қилдик. Иқтидорли болаларни танлаб, қунт билан ўқитдик. Ўқитувчиларни ҳам саралаб, фидойи, ўзига талабчан бўлганларни сафимизга қўшдик. Асосийси, таълим-тарбияга куч бердик. Фан олимпиадаси ва "Билимлар беллашуви"да ўзимизни кўрсатдик. Гоҳ ҳомийлар ёрдамида, гоҳ ота-оналар кўмагида, гоҳ ўз кучимиз билан бинолар бутлигини сақладик, ўқувчиларга имкон қадар қулай шароитлар яратишга интилдик...

Кексалик - донишмандликдир. Узоқ йиллик ҳаёт тажрибасига эга инсонлар атрофдагиларга насиҳатгўй бўлади. Чунки, улар биз кўзлаган йўлни аллақачон босиб ўтган. Биз кўрмаган булоқлардан сув ичган. Бундай кишилар тонгда шамол қайси томондан эсишини яхши билиб, тадоригини кўриб қўядилар. Мен Олимхон ака суҳбатида бўлиб, нафақа ёшидаги мутахассислар жамиятга қанчалик кўп фойда келтиришини ҳис этдим. Директор тимсолида куюнчак, ёшлар тақдирига астойдил ачинаётган, мактабни қандай қилиб кучли билим масканига айлантириш ҳақида бош қотираётган инсонни кўрдим.

- Мактабни Республикада аниқ фанлардан энг кучли масканга айлантирамиз - дейди у ишонч билан. - Ўқувчимиз ҳалқаро олимпиа­дада кучли бешликдан ўрин олди. Бу минглаб мактаб, юз минглаб ёшлар сарасидан бири дегани! Биз бунга ўз кучимиз билан эришдик. Демак, имконият бор, меҳнат қадр топадиган вақт келди!

Устоз гапида жон бор. Абдувоҳид Абдуқаҳҳоров, Жаҳонгир Абдуҳомидов, Нурилло Юсуфхонов, Муслима Деҳқонова, Ҳамидулло Қосимжонов, Жаҳонгир Муҳаммадиев, Авазхон Аъзамхонов каби ўқувчилар таълимда юқори натижаларга эришдилар.

Мактаб жамоаси айни кунларда қўшимча ўқув бино, ётоқхона ва спорт зали қуриш, ихтисослик фанидан дарс бераётганлар тоифасини ошириш вазифасини ўз олдига қўйган. Истиқболдаги режалар қурилиш учун харажатлар миқдорини шакллантириш, ўқув-тарбия жараёнига инновацион ғояларни тадбиқ этиш ор­қали халқаро олимпиада, «Билимлар беллашуви» ва танловларда ўқитувчи ва ўқувчилар ғалабисини таъминлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, устоз-шогирд анъаналарини давом эттиришдир.

Эзгуликка йўғрилган умр соҳиби яхши ният билан жорий ўқув йилини якунлади. Олдинда эса устозни улкан мақсадлар ижобати кутмоқда.

А. БОТИРОВ.

Мавзуга оид

  1. МЕҲРГА ЙЎҒРИЛГАН АЙЁМ

    "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она" деган шиор доимий кун тартибида туриши лозим.

    2017-03-15 16:36:16587