Эзгулик тимсоли


Зулфияхоним ўзида ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган аёл. Ўзбекистон халқ шоирасининг номи эзгу ишлари туфайли тарих зарвароқларига абадий муҳрланди.

Зулфия номидаги давлат мукофоти қизларни ижодга, ҳаётга, эзгуликка илҳомлантирмоқда. Қувонарлиси, унинг издошлари йил сайин кўпаймоқда.

Мен устоз сифатида синфимдаги ўқувчи-қизларнинг адабиёт, саънат, фан, маъданият ва таълим сохасида замонамиз Зулфиялари бўлишини истайман. Бунинг учун улар гўзал фазилатлар соҳибаси, иродали, келажакка интилувчан бўлишлари зарурлигини уқтираман.

Фасллар келинчаги баҳор Зулфияхонимни бошлаб келгандек гўё. Пок ҳисларни тараннум этган, табиат ва тонг куйчиси Зулфияхоним аёллар қалбини қуёш нури, тоғлар бардоши, ҳаётбахш кўклам чечакларига қиёслаган.

Аёл қалби меҳрга тўлса, оилани нурафшон этади. Оилаларда аёл қалби ёғдуси порлайверсин!

Марғуба ЖАЛОЛОВА,

Наманган шаҳридаги 5-мактаб ўқитувчиси

 

 

Маънавият гулшани

Барча мактабларда бўлгани каби Наманган шаҳридаги 13-умумий ўрта таълим мактабида ҳам Зулфияхоним таваллудига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Синфларда маънавият соатлари, шоира ҳаёти ва ижодига бағишлаб деворий газеталар, кўргазмалар ташкил этилди. 6-синфларда диктант, 8-9-синф ўқувчилари ўртасида "Зулфия ижодининг шайдосиман", "Зулфия-садоқат тимсоли" мавзуларида иншолар танлови ўтказилди. Натижаларга кўра ғолиб деб топилган ўқувчилар рағбатлантирилди. Айниқса, Матлуба Мамасодиқова раҳбарлигидаги 3-"Б" синф, Зулайҳо Рустамованинг "Ёш адабиётчи" тўгараги аъзолари, она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Гулноза Нормирзаева, Моҳидил Абдужабборова тайёрлаган адабий кечалар маънавий-маърифий тадбир сифатида алоҳида эътироф этилди. Ўқувчилар шоира ҳаётини акс эттирувчи саҳна кўринишларини ижро этиб, ғазаллари асосида яратилган қўшиқларни ижро этдилар. Шунингдек, давра сухбатлари, танлов ва учрашувларда адабий асарларнинг маънавиятни юксалтиришдаги ўрни, миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Диллола Қўзибоева,

директор ўринбосари

 

 

Зулфияхоним

издошлари

Мактабимизда "Зулфияхоним издошлари" мавзусида адабий кеча ўтказилди. Тадбирда шоиранинг адабий мероси ва ибратли умр йўлини ёритувчи шеър ва қўшиқлар куйланди. Шу куни "Ораста қизлар" тўгараги сардорлари ўртасида танлов ҳам бўлиб ўтди. Танлов таништирув. ифодали ўқиш. тезкор савол-жавоб, спорт беллашуви, пазандачилик, эркин мавзу каби шартларни қамраб олди. Танловда ўқувчилардан Маҳбуба Худойбердиева, Қизлархон Турсунова, Муҳайё Нажмиддинова, Маҳлиё Маннонова, Маҳлиё Тошпўлатовалар иштирок этишди. Улар Зулфия ижоди, ҳаёти, ўзбек хотин- қизларига ибрат бўлиб қолган фазилатлари, мамлакатимиз ёшларига берилаётган эътибор ва ғамхўрликлар тўғрисида балимларини намойиш этдилар. 8-"А" синф ўқувчиси Маҳлиё Маннонова "Энг ораста қиз" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритди. Танловнинг барча иштирокчилари мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ ва эсталик совғалари билан тақдирланди.

Моҳпора БОЛТАБОЕВА,

Уйчи туманидаги 2-умумтаълим мактаби

тарих фани ўқитувчиси

 

Булбулзабон

шоира

Шеър тинглаб, шеър тузиб, шеърларда қолдим.... дея ўтли сатрлар битган оташзабон ижодкор, Ўзбекистон халқ шоираси, таниқли жамоат ва давлат арбоби Зулфияхоним Исроилова таваллудига 102 йил тўлди. Ўз шеърлари орқали ўзбек аёлининг юксак маънавий қиёфасини намоён этган, вафо ва садоқат тимсолига айланган Зулфияхоним халқимизнинг атоқли ва ардоқли фарзанди, эди. У бетакрор ижоди, миллий адабиётимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистон халқ шоираси унвони, "Нилуфар", "Жавохарлаъл Неру" номидаги халқаро мукофотларга сазовор бўлганди.

Зулфияхоним тавалллудининг 102 йиллиги муносабати билан мактабимизнинг Асқарова Муқаддасхон раҳбарлик қилаётган 3-"Б" синфида "Булбулзабон шоира" деб номланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда ўқувчилар Зулфияхоним ижодига мурожаат этиб, унинг она, баҳор, Ватан, муҳаббат ҳақидаги шеърларини мароқ билан ёд ўқидилар. Шоиранинг ибратли ҳаёт йўли, таниқли жамоат арбоби сифатида амалга оширган ишлари тўғрисида сўзлаб бердилар. Тадбирда ижро этилган дилрабо қўшиқ ва рақс­лар, саҳна кўринишлари ҳам барчага манзур бўлди.

Мамлакат МУТАЛЛИЕВА,

Наманган туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўкитувчиси

 

Хушхабар

Зулфия номидаги Давлат мукофотининг бу йилги совриндорлари сафида вилоятимиз вакиласи Севинч Муҳаммаджонова ҳам бор.

Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилиб ўсган Севинч Муҳаммаджонова 20-умумтаълим мактабининг бошланғич синфида ўқиб юрган кезлариданоқ спортнинг таэквондо тури билан қизиқиб келарди.

Севинч таэквондо сир-асрорларини Жаҳонгир Жаъфаровдан ўрганди. Кейинчалик Наманган Таэквондо федерацияси олий спорт маҳорат мактаби бош мураббийи Маъмуржон Нозимовдан сабоқ олди.

Тўрт карра Ўзбекистон чемпиони, деган юксак номга сазовор бўлган Севинч 2015 йилда Кореяда ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни қўлга киритганди.

Айни кунларда Чуст спорт коллежининг биринчи босқичида таҳсил олаётган Севинч устози Жавоҳир Сирматов билан янада юксак марраларни кўзлашмокда.

- Байрам арафасида, юксак мукофот билан тақдирланганим ва бу мукофотни шахсан Президентимизнинг қўлларидан олишим ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади, - дейди у. - Юртбошимиз мукофотни топширар эканлар, бундан кейинги халқаро мусобақаларда ҳам Ўзбекистон номини шарафли ҳимоя қилишимга катта ишонч билдирдилар.

Мен бу ишончни албатта оқлайман!

Шоҳида ДАМИНОВА

 

Туйғулар жилоси

Зулфия - барчага суюкли, эл ардоғидаги вафо тимсоли бўлиш бахтига муяссар бўлган шоира. У ўз асарларида ўзбек аёлларига хос ибо, садокат ва меҳр, мунис калб сирлари-ю, оташин вафосини куйлаган. Унинг умри, ҳаёт синовлари, ҳижрон азоби аёл қалбининг зоҳирий ва ботиний кечинмалари, гўзаллик, вафо ва садоқат тимсоли сифатида шеърларида адабий муҳрланди. Бу бетакрор туйғулар дилларга ҳаяжон солади:

Кўз очгани куймайди алам,

Бошим қўйсам куйдирар болиш.

Юпатолмас китоб ва қалам,

Мисраларим кўтарар нолиш.

Зулфия ижод бўстонида ўзига хос, ибратли, асрларга татийдиган шеър ва ҳикматлар жуда кўп. Таржималари, очерклар, ҳаяжон ва ҳарорат билан битилган асарларда камтарин, камсуқум аёл сиймосини кўрамиз.

Ҳижронинг қалбимда, созинг қўлимда,

Ҳаётни куйлайман, чекинар алам.

Тунлар тушимдасан, кундуз ёдимда,

Мен ҳаёт эканман, ҳаётсан сен ҳам.

Халқимиз тарихида Бибихоним, Увайсий ва Нодирабегим каби ўчмас из қолдирган Зулфия туйғуларида Ватанга, халққа бўлган юксак эҳтиромни ҳис этамиз.

Озода РАҲИМЖОНОВА,

Янгиқўрғон туманидаги 1-мактаб ўқитувчиси

 

 

Китобга меҳр қўйиб

Норин туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларнинг адабий билимларини бойитишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши доимий йўлга қўйилган. Жумладан, ўзбек адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутган Зулфия таваллудига бағишлаб ўтказилган адабий кеча ўқувчиларнинг адабиёт фанидан олган билимини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Зулфия ижодида Ватан, баҳор, меҳр ва садоқат мавзулари етакчи ўринни эгаллайди. "Баҳор келди сени сўроқлаб" мавзусида тайёрланган саҳна кўриниши шоиранинг маънавий олами, гўзал фазилатлари ўз ифодасини топди.

Ўқувчилар унинг шеърларидан ёд айтиб, вафо ва садоқат тимсолига айланган ўзбек аёлининг машаққатли ҳаёт йўли ҳақида сўзлаб бердилар. Ўзбек халқининг Навоий, Бобур, Эркин Воҳидов сингари улуғ сўз санъаткорлари қаторидан жой олган Зулфия ҳаёти ва ижодига бағишланган адабий кеча ўқувчилар фаоллигини ошириш, адабиёт тўгараклари фаолиятини кенгайтириш, ёш истеъдодларни кашф этишда, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зулфия ДАДАБОЕВА,

рус тили фани ўқитувчиси

 

Мавзуга оид

  1. КИТОБ - ЭЗГУЛИК ЭЛЧИСИ

    Бирор санъат турини, радио ва телевидение, замонавий компьютер имконияти ва афзалликларини инкор қилмаган ҳолда айтиш мумкинки, буларнинг ҳеч бири китоб ўрнини боса олмайди. Чунки, мутолаа жараёнида инсон тафаккури, онг-у шуури, тасаввурида юз берадиган ўзгаришлар кўламини бошқа бирор машғулот таъминлаб беролмайди. Китоб - ёлғиз қолганда ҳамроҳ, сафарда йўл кўрсатувчи маёқ, бўш вақтга мазмун бахш этадиган дўст.

    2017-06-07 12:07:21566