ДАВОМАТ - МАКТАБНИНГ ЮЗИ


Тўрақўрғон туманидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида 457 нафар ўқувчи таълим-тарбия оляпти. Ўқувчилар сонига кўра давоматга назар ташлайдиган бўлсак, таълим муассасаси бўйича бу кўрсаткич 98-99 фоизни ташкил этмоқда. Албатта, бу яхши натижа. Бироқ, бундан бир мунча вақт олдин шоҳидонлик ўқитувчиларнинг ўқувчилар давоматидан кўнгиллари тўлмаётган эди...

Давомат - мактабнинг юзи. Унинг яхши ёки ёмонлиги мактабда педагогларнинг ўз бурчларига муносабати , таълим сифати ва мазмуни даражаси, шунингдек, билим даргоҳида ўқувчиларни ўқишга қизиқтириш учун уюштирилаётган тадбирлар ва кўрилаётган чоралар қандай самара бераётганини ҳам намоён этиб туради. Шоҳидонлик муаллим ва муаллималар бундан уч ой олдин айнан шу муаммони нав­батдаги педагоглар кенгашида муҳокама қилдилар. Таклиф-мулоҳазалар айтилди, улар обдон ўрганилди. Давоматни таъминлашнинг барча усуллари кўриб чиқилди.

Очиғи, бу юмушни бирдан уддалаш осон эмас. Мактаб педагогик жамоаси агар ҳамжиҳатликда киришмас экан, муддао амалга ошмай қолиши турган гап эди. Ўқитувчилар ишни энг кўп дарс қолдирадиган ўқувчиларни аниқлаш ва уларнинг оила муҳитини ўрганиш, дарс қолдиришга мажбур этувчи сабабларни таҳлиллашдан бошладилар. Иккинчи вазифа эса ота-оналар ва жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтиришдан иборат бўлди. Учинчиси эса...

- Ўқитувчилар зиммасига жиддий талаб қўйилди, - дейди мактаб директори Ижобат Ҳақназарова. - Ҳар бир дарс мазмуни ва сифатини яхшилаш аввало педагогнинг маҳорати ва тажрибаси, қўллайдиган усулларига боғлиқ. Дарсларни қизиқарли ва ўқувчиларни ўзига жалб қиладиган даражага келтириш учун у замонавий педтехнологияларга асосланган, АКТ ёрдамида ташкил этилиши керак. Қолаверса, ўқувчиларнинг иқтидорлари ва қизиқишларига тўла жавоб бера оладиган 26 фан тўгараги ва 4 та спорт секцияси фаолиятини кучайтириш, машғулотларини ранг-баранг, мазмунан бойитишга эътибор қаратилди.

Шу тариқа пировард мақсад - ўқувчилар давоматини яхшилашга эришилди. Ҳозир мавжуд 18 нафар синф раҳбари ўртасида ўзига хос беллашув кетмоқда. Кимнинг синфи ой ва чорак мобайнида мазкур кўрсаткич бўйича энг яхши натижага эришса, самараси моддий ва маънавий рағбатлантириш билан тугайди. Шу кунларда Марғуба Хожиева раҳбарлигидаги 2-"Б", Хуршида Қутбиддинова етакчилигидаги 7-"А", Икромжон Маннопов раҳбарлигидаги 7-"Б" синф­да юқори натижа қайд этилмоқда.

Сизга ҳавола этилган шарҳлару-иддаоларни ўқиб, "бу жуда осонку, буни биз ҳам биламиз", дейдиган мактаб раҳбарлари орангиздан чиқиши аниқ. Аммо, ниятимиз бу гаплар ва усулларни кўр-кўрона билишда эмас, билганларингизни амалда қўллашда эканлигини ёдингизга солиб қўйишдан иборат эди. Биз бу имкондан фойдаландик, энди навбат сизларга, азиз устозлар.

Ғанишер АКБАРОВ