БИР МАКТАБ ҲАЁТИДАН


ХОНОБОДНИНГ ОБОД ЗИЁХОНАСИ

Хонобод қишлоғидаги 19-умумий ўрта таълим мактаби Попнинг йирик таълим муассасаларидан. Зиёхонада 1350 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Таъбир жоиз бўлса, туманнинг энг обод илм маскани, дея таърифлашга лойиқ мазкур мактаб педагогларининг ўқув-тарбия, маънавий-маърифий, спорт бобида олиб бораётган ишлари ҳам намунали дейишга асос етарли. Мазкур саҳифада ана шу ҳақда сўз юритилади.

ЭЗГУ МАҚСАД ЙЎЛИДА

Мустақилликнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёш авлод калбига, юртга муҳаббат, истиқлолга садоқат туй­ғуларини чуқур сингдириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида"ги қарори бўйича ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида тарғибот ва ташвиқот олиб борилмоқда. Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва жиноятчиликни олдини олиш, носоғлом оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, "Оммавий маданият" таъсирига тушиб қолмасликлари учун мувофиқлаштирувчи кенгашнинг тадбирлар режаси асосида иш ташкил этилмоқда.

Жумладан, халқаро майдонда мафкуравий кураш кучайиб бораётган мураккаб ва таҳликали даврда ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида ўқувчилар ва ота-оналар, педагогик жамоа, ИИБ ходимлари, маҳалла ва оила ҳамкорлигида учрашув, давра суҳбатлари ўтказиляпти. Мисол учун, январь ойида "Ватанпарварликни чинакам эътиқодга айлантирайлик" мавзусида давра суҳбатлари ўтказилиб, ўқувчилар давомати таҳлил қилинди ҳамда фан ва спорт тўгаракларига тўлиқ жалб этилди.

1 март Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни муносабати билан "Гиёҳвандликнинг зарарли оқибатлари" мавзусида тасвирий санъат ўқитувчиси А.Асраева бошчилигида расмлар танлови ўтказилиб, 5-10 синф ўқувчилари бу иллатнинг зарарли оқибатларини тасвирлаб чизган расмларни намойиш этишди. 9- Б синф ўқувчиси Баҳром Саидакбаров ҳамда Хайрулло Ҳайдаровлар туманда ғолиб бўлиб, вилоят босқичида муносиб иштирок этдилар.

Ўқувчиларнинг давлат рамзлари ҳамда мустақиллик одимлари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, маънавий дунёқарашини бойитишга алоҳида эътибор берилмокда.

Бундан ташқари ўқувчиларнинг таътил кунларини мазмунли ташкил этиш мақсадида вилоятнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар уюштириш одатга айланган. Волейбол, баскетбол, футбол, стол тенниси, кураш каби оммавий спорт турларидан мусобақалар ташкил этилиб, ғолибларга мактаб, маҳалла, ИИБ ҳамда ҳомий ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари берилиши ҳам ўқувчилар ўртасида соғлом муҳитни яратишга хизмат қилмоқда.

Ўқувчиларнинг маънавий-маърифий билимини ошириш мақсадида 2-синф раҳбари Шоҳида Исмоилова "Ватан келажаги бизнинг қўлимизда", 3"в" синф раҳбари Муҳиддин Санжаровнинг "Бўлай десанг соғлом, бақувват - спорт билан шуғуллан ҳар вақт", 4 "д" синф раҳбари Нафиса Бўриеванинг "Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция", 9 "Г" синф раҳбари Асрорбек Саматовнинг "Огоҳлик - давр талаби" мавзуларидаги тарбиявий дарслари кенг оммалаштирилди.

Мактабга қарилик гаштини сураётган меҳнат фахрийлари таклиф этилиб ўқувчиларга тарбиявий соатлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний вазиятни барқарорлаштириш мақсадида "Диний экстремизм ва терроризм- тараққиёт душмани " шиори остида вилоят давлат хавфсизлик хизмати томонидан тақдим этилган "Ватанфурушлар қисмати", "Кунида синган кўза", "Ўқиган-у уқмаган", "Ўзбошимча чаламуллалар" номли видеофильмлар ота-оналар иштирокида намойиш этилгани ёшларни бундай иллатлардан асрашда муҳим аҳамият касб этди.

Хулоса қилиб айтганда, мактабимизда ўқувчиларни жисмоний соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашни муқаддас бурч деб билган ўқитувчи ва мураббийлар эзгу мақсад йўлида бор куч ва билимларидан самарали фойдаланмоқдалар.

Умаржон НОРБЎТАЕВ

маънавий-маърифий ишлар

бўйича директор ўринбосари

 

ИЛМ ЎРГАНИШ УЧУН РУҲИЙ ЕТУКЛИК ЗАРУР

Аввало ўзим ҳақимда.2003 йили Қўқон Давлат педагогика институтини битириб, мактабда психолог сифатида ишлай бошлаганман. Олий маълумот олгунча ҳам лаборант, бошланғич таълим ўқитувчиси сифатида меҳнат қилганман. Бу давр мактаб ҳаётини яқиндан ўрганиш, ўқувчилар ва ҳамкасб­лар билан тил топишиш, улар орасида ўз ўрнимни кашф қилишимда ғоят муҳим йиллар бўлган. Энди мактаб психологининг ишига келсак, мен уни таълим даргоҳида илм ўргатиш ва ўрганиш учун қулай муҳит ва кайфият яратувчига қиёслаган бўлардим. Агар уларда руҳий хотиржамлик, етуклик бўлмаса, яхши натижа, ижобий самара хусусида сўз бўлиши мумкин эмас.

Кунларнинг бирида ёш ўқитувчилардан бири (ишга янги келган ёш мутахассис) синфидаги ўқувчиларни "эгиб олиш" учун педагогикага зид усулларниям қўллаётганидан хабар топдим. Унинг керагидан ортиқ қаттиққўллик қилаётгани, ўқувчиларни менсимаслиги, болаларга нисбатан шахсиятига тегувчи, камситувчи сўзларни ишлатаётгани гувоҳи бўлдим. Аммо,  бу тахлит муносабати у кутган натижани бермаётгани, ўқувчилар ўртасида хурматини бой бераётганини ўзи сезмаётганди. Ёш ҳамкасбимни дарсдан сўнг суҳбатга чорладим. Фойдаланаётган методининг зарарли оқибатлари, қилган хатоларини тузатиш йўлларини кўрсатдим. Амалиётда психологик омиллардан фойдаланиб кўришни тавсия қилдим. Бироз вақт ўтгач у ўзи раҳбарлик қилаётган синфда ҳақиқий дўст, сирдош, маслаҳатчи ва кўмакчига айланди.

Иккинчи воқеа-синф раҳбарларидан бири юқори синфдаги ўғил бола ўқувчилардан бири кўп дарс қолдираётгани, ўзлаштириши пастлиги, дарс пайтида шўхлик қилиши, ҳатто синфдошлари билан тўпалон уюштираётганини айтиб қолди. Биргаликда уни кузатдик. Аслида у яхши оиланинг фарзанди, аммо куч-ғайратини сиғдира олмаётганлигидан бебошлик қилаётган эди. Унда етакчиликка интилиш борлигини, феълида "мен" тушунчаси устиворлигини сезиб, мактабда ўтказиладиган турли тадбирларда синфга бош қилиб тайинлайдиган, гўё бошқа тенгдошлари уддалай олмайдигандек кўринадиган вазифаларни унга топширадиган бўлдик. Қулоқсиз ўқувчи энди ўртоқларини яхши ишлар сари бошлайдиган етакчи ўқувчига айланди. Дарс қолдириши барҳам топиб, баҳолари яхшиланди.

Мактаб психологи бу каби воқеаларга ҳар куни дуч келиши мумкин. Аммо, у ўз ишини яхши билса қийналмайди. Мен ўқувчиларимизнинг кайфияти, қизиқишлари ва орзуларини билиш мақсадида улар ўртасида сўровномалар ўтказаман. Турли психологик тестлар ёрдамида руҳий ҳолати, ўй-хаёлидан хабардор бўлиб бораман. Шунингдек, қай ўқувчининг нимага мойиллиги, оилавий шароити, ўқишга муносабатини доимий назорат қилиб бораман. Бирон ўзгариш сезган заҳотим у билан ишлашга киришаман. Балки шу сабабдир, ҳозиргача мактабимизда бирон нохуш воқеа юз бермаган.

Дилфуза СОАТАЛИЕВА,

мактаб психологи

 

ЭЪЗОЗ ТОПАЁТГАН УСТОЗ

Муҳайё Норбоева жамоанинг тажрибали чет тили фани ўқитувчиларидан бири. 1996 йили Тошкент Давлат чет тиллар институтини битириб, педагоглик фаолиятини бошлаган ёш муаллима ўзи ёшлигидан кўнгил қўйган касбда самарали ишлаб келяпти.  У инглиз тили ўқитувчиси сифатида 1-6 синфлар ўқувчиларига тил ўргатиш билан баробар пухта тарбия беришга интилади.

- Агар ўқувчилар муаллимини жуда хурмат қилишса, унга ўхшашга интилсалар ва у каби ўқитувчи бўлишни орзу қилсалар, билингки, ана шу ўқитувчи дунёдаги энг бахтли инсон, эъзозга сазовор устоз, - дейди она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Қаҳрамон Қуролов. - Менимча, Гулбаҳор ҳам шундай педагоглар тоифасидан. Ўқувчилари қалбини ром қилган. Уларни яхши тушунади, илм ўргатиш жараёнида ҳар бир ўқувчи билан индивидиуал ишлашга, ўзлаштиришдан ортда қолаётган ўқувчини ҳам тенгдошларига тенглашишга ундайди. Керак бўлса кунда у билан шуғулланишга вақт топиб, билим ва кўникмасини мус­таҳкамлашга алоҳида эътибор қаратади.

Ўқитувчининг ўз касбига қай муносабатда эканлигини билдириб турадиган омиллар жуда кўп. Ҳатто, ўзига бириктирилган синф билан ишлаши, фан кабинети қандай жиҳозлангани, ўқувчиларининг унга нисбатан муомаласи, жамоада тутган мавқеи... Шу жиҳатдан Гулбаҳорга баҳо бериладиган бўлса, у бахтли устоз.

- Ўқувчиларимга қараб ўз ёшлигим, ўқувчилик даврим ёдга тушади, - дейди М. Норбоева. - Ҳамма нарсага қизиқувчан, билишга иштиёқманд, айниқса, тил ўрганишга астойдил интилаётган ўқувчини кўрсам, ғайратим жўшади. Ана шундай қобилиятли ўқувчиларни 1-синфдан илғаб олишга ҳаракат қиламан. Иқтидорини шакллантириш, ривожлантиришга киришаман. Айтишадику "истеъдод эътиборга муҳтож бўлади," деб. Мактабда "Биз инглиз тилини ўрганамиз" номли тўгарак ташкил қилганман. 30га яқин аъзо бор. Имкон қадар уларнинг фандан олаётган билимларини мукаммаллаштириш, тўлдириш пайидан бўляпман.

2012 йил 10 декабрда мамлакатимизда илк бор "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 1875-сонли қарор қабул қилинди. Мазкур қарор таълим тизимида хорижий тилларни ўргатиш, ўрганиш тизимида бутунлай янги даврни бошлаб берди, десак муболаға эмас. Шу қарорга биноан чет тилларни ўргатиш бўйича ДТС ишлаб чиқилди. Унга кўра умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф битирувчилари  Умумевропа халқаро стандарти даражаси (А1)да билимга эга бўлишлари шарт Бунда ўқувчи кундалик ҳаётга оид мавзулар-ўзи ҳақида ва оиласи тўғрисида маълумот бера олиши, ижтимоий ҳаётга оид-атроф-муҳит билан ижтимоий алоқаларга оид билимга эга бўлиши талаб этилади.

Муҳайё билим бериш жараёнида ана шуларга жиддий эътибор қаратади ва ўқувчиларда зарур компетенцияларни ривожлантириш, гапириш, ўқиш ва ёзиш кўникмаларини шакллантиришга интилади.

- Дарс пайтида олган билимларни тўгарак машғулотлари ёрдамида мус­таҳкамлаш ижобий самара бериши тажрибадан ўтган, - дейди Муҳайё. - Шу боис мен тўгарак машғулотларини режада белгиланган тартибда ўтишга интиламан.

Ҳар қандай меҳнат ва саъй-ҳаракат ижобий самара бермаса, у ҳавога учди, деяверинг. Бироқ, М. Норбоева сарфлаётган заҳматли меҳнат ўқувчилар билими самарадорлигининг ортишида ўзини оқламоқда. Демак, фидойи муаллиманинг умри, ўқитувчиликдек шарафли, шунинг билан масъулиятли касбга бор билим ва маҳорати, тажрибасини сарфлаётгани зое кетмаяпти.

Муҳаммад ҒАНИ

 

 

ҲУСНИХАТ УСТАСИ

19-умумтаълим мактаби Хонобод қишлоғининг Ўрта маҳалласида жойлашган. Таълим муассасасида 1350 нафар ўқувчи бор. Юз нафарга яқин педагоглар уларга бош-қош, устоз. Ўқитувчилар орасида тажрибали муаллималар кўпчиликни ташкил этади. Ана шундай таълим фидойиларидан бири - 26 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига таълим бераётган Феруза Эшбоевадир.

- Чуст педагогика коллежининг бошланғич таълим йўналишини битиргач, у пайтда мутахассислар кам эканми, менга ишонч билдириб, шу мактабга ишга қабул қилишди. Бир неча йил меҳнат қилгач, билдимки, бу соҳа айнан менга мос. Табиатимда болалар билан ишлаш истаги кучли. Қўқон давлат педагогика институтини сиртдан тамомлагандан сўнг, мана орада ўн йилдан ортиқ вақт ўтибдики, бутун меҳримни шу қишлоқ ёшларига бериб келяпман.

Феруза Эшбоева фақат ўз ишининг устаси бўлмай, балки бор имкониятини болаларга пухта билим беришга сарфлаётган соҳа фидойисидир. Биргина мисол, таълим тизимида инновацион ғоялар ҳамда АКТ дан самарали фойдаланиш талаб этилаётган бугунги кунда муаллима давр руҳини ҳис этиб, мактабда биринчилардан бўлиб замонавий технологияларни қўллади. Ташаббус кўрсатиб ўз ҳисобидан ноутбук, ҳомийлик ёрдамида эса телевизор сотиб олиб, синф­га ўрнатди.

- Бугунги болаларга технологиясиз дарс ўтиш кутган натижани бериши қийин. - дейди у. - Қишлоғимизда мактабгача таълим муассасаси йўқ, бу бизга бироз қийинчилик туғдиради. Шунинг учун 1-синф ўқувчиларини тайёрлов гуруҳларида ўқитамиз. Ўқувчиларга мультимедиа иловаларига асосан дарс ўтилса, улар мавзуни тез илғаб оладилар. Мен биронта дарсни АКТсиз ўтмайман. Бугунги болалар жуда зукко ва билимдон, уларнинг интеллектуал салоҳиятига мос дарс ўтиш бизнинг бурчимиздир.

Феруза Эшбоева ҳақида ҳамкасбларининг фикрлари билан қизиқар эканмиз, улар бу аёл ҳақида тўлқинланиб сўзлаганларига гувоҳ бўлдик.

- Мактабда ўз ўрнига эга бўлган бошланғич синф ўқитувчиларидан бири шу опа, - дейди директор ўринбосари Раҳимжон Нишонов. - Унинг дарсларини кўп кузатганман. Ўқувчиларга пухта билим беради. Ота-оналар билан ҳамкорликда ишлайди. Ёшларга устоз, тажриба ва маҳоратини ўргатади. Шогирди Садоқат Норбўтаева унга ҳавас қилиб, шу соҳани танлади ва ҳозирда яхши ўқитувчи бўлиб етишди. Барча ўқувчиларининг ҳуснихати бир хил. Бу унинг маҳорати ва меҳнати самарасидир.

Феруза Эшбоеванинг кўплаб шогирдлари таълим соҳасида меҳнат қилмоқда. Иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган ёшлар ҳам талайгина. Унинг илғор тажрибаси, дарс ишланмалари оммалаштирилган. Таълимга оид семинарларда номи устозлар қаторида ҳурмат билан тилга олинади.

- Менинг бир армоним бор, - дейди у. - Синф­даги ҳар бир партада компьютер бўлса, дарс тўла АКТ асосида ўтилса, таълим сифати ва самарадорлигига бундан ҳам ошиши аниқ.

Феруза Эшбоеванинг орзулари бисёр ва уларнинг бари таълим-тарбия билан боғлиқ. Умрини, меҳнатини, орзуларини ёшлар таълим-тарбияси билан боғлаган муаллимадан сабоқ олаётган ёшлар унинг эзгу тилакларини амалга оширади.

Абдусаттор БОТИРОВ

 

МАЪНАВИЯТ ГУЛШАНИ

Китоб-маънавият гулшани. Бадиий асарлар эса инсон тафаккури гавҳари, қалбда гўзал туйғулар яратувчи буюк омилдир. Шунинг учун мактабларда сақланаётган китоблар фонди ёшларнинг таълим-тарбиясида жуда муҳим аҳамият касб этади. Агар мактабимизда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, таълим муассасасида 1350 нафар ўқувчи бўлгани ҳолда, бадиий китоблар сони 780 тани ташкил этади.

Лекин бу китобларнинг аксарияти лотин ёзувида эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, бу йил Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташаббуси билан ўқувчилар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва ривожлантириш мақсадида пойтахтдан юборилган китоблар карвони бизнинг мактабгача етиб келиб, 36 дона ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналари билан кутубхонамиз фонди бойитилгани бизни беҳад қувонтирди. Бу китоблар орасида Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар", Абдулла Қаҳҳорнинг "Анор", Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб", Стендалнинг "Қизил ва қора", Ҳинд халқ эпоси "Калила ва Димна" каби ўнлаб жаҳонга машҳур асарлар борлиги ўқувчилар учун бебаҳо тухфадир.

Бундан ташқари "Фарзандимга китоб сов­ға қиламан" акциясини ўтказиш орқали ҳам кутубхона фондини бойитишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мактабимизда китобхонлик маданияти яхши йўлга қўйилгани боис ўқувчилар орасидан ижодкорлар етишиб чиқмоқда. Жумладан, 9-синф ўқувчиси Малика Шерматова ўзининг илк шеърлар китобини нашр этишга улгурди. Унинг "Ғунча ифори" номли тўпламидаги кўплаб шеърларда гўзалик туйғуси, Ўзбекистонга, меҳрибон халқимизга, ота-она ва устозларга меҳри ифодаланган. Ёш шоира "Ёш китобхонлар" кўрик-танловида фаол иштирок этиб, Республика босқичида 3-даражали диплом билан тақдирланди. 10-синф ўқувчиларидан Машҳура Йўлдошева, Сайдулло Эгамбердиев, 7-синф ўқувчиси Малика Норматова каби ўнлаб зукко китобхон ўқувчиларимиз борки, улар ижодда ҳам, турли кўрик-танловларда ҳам тенгдошларига ўрнак бўлишмоқда. Мактабимиз ўқувчилари "Китобларда яшар келажак", "Бешикдан қабргача илм изла", "Энг фаол китобхон". "Мен, ота-онам, бобом ва бувим-китобхон оиламиз" каби танловларда фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани ёшларнинг китобга бўлган муҳаббати самарасидир. Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимиз ёшлари ўртасида кенг қулоч ёзган китобхонлик маданияти бизнинг мактабда ҳам йил сайин ўсиб бормоқда.

Феруза ПАРПИЕВА,

мактаб кутубхоначиси

 

"МОҲИР ҚЎЛЛАР" МАҲОРАТИ

Инсоннинг қўли гул. Агар унга имкон яратилса, мўъжизалар яратади. Бу фикрлар, айниқса, ёшларга тегишли бўлиб, уларнинг қизиқишлари қўллаб-қувватланса, истеъдоди намоён бўлади. Мисол учун, мен мактабда технология фанидан дарс бериш билан бирга ўқувчиларнинг қизиқишларини ҳисобга олиб "Моҳир қўллар" тўгарагини ташкил этганман.

Бу тўгарак ўқувчиларнинг дарс машғулотларида олган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, халқимизнинг миллий ҳунармандчилик сирларини ўзида мужассам этган зардўзлик, тўқувчилик каби хотин-қизларга хос қўл меҳнати намуналарини ёшларга ўргатиш орқали, бу анъаналар бардавомлигини таъминлаш, келажакка муносиб ворислар яратишга хизмат қилмоқда. Ҳозир тўгаракка 17 нафар моҳир қўллар эгаси бўлган қизларни жалб этганман. Уларнинг аксарияти ёш бўлишига қарамай, дугоналари орасида, маҳаллада танилиб қолган қизлардир. Бу ёшлардан бири 6-синф ўқувчиси Клара Исоқова бўлиб, у ҳозирда миллий ва европа пазандачилик сирларини қунт билан ўрганмоқда. Жумладан, кўкатлардан салат, мева ва сабзавотлардан гулли газаклар тайёрлаш сирларини ўрганиб олди. Бундан ташқари у тўқувчиликка ҳам қизиқади, у тўқиган пайпоқ, нимчалар бежиримлиги билан эътиборни тортади. Демак, ўқувчиларга болаликдан миллий ҳунармандчилик сирлари ўргатилса, улар келажакда бундан турмушда ҳам фойдаланишлари мумкин.

Шу ўринда мактабимизда технология фанини замон талаблари асосида ўтиш учун соҳага оид замонавий технологиялардан, масалан, компьютер, тикув машиналари етишмаслигига қарамай олиб борилаётган машғулотларга ҳам ўқувчилар катта қизиқиш билан қарамоқдалар. Умидимиз бор, яқин йилларда таълим тизимида олиб борилаётган туб ислоҳот ва ўзгаришлар натижасида чекка мактабларда ҳам замонавий жиҳозланган устахоналар пайдо бўлса, ўқувчиларни соҳанинг барча ютуқлари ва технологияларидан баҳраманд этиш имкони яратилса, ўйлаймизки, бу борада олиб бораётган ишларимиз янада самарали бўлади.

Одина ФОЗИЛОВА,

технология фани ўқитувчиси

 

 

САЁҲАТ САБОҚЛАРИ

Мактабимиз ўқувчиларида она юртимиз тарихи, улуғ алломаларимиз ва буюк ўтмишдошларимиз қолдирган бой адабий-маданий меросни ўрганишга қизиқиш кучли. Шу сабаб тез-тез ўлкамизнинг тарихий ва хушманзара гўшаларига сайру саёҳатлар ташкил этилади. Ана шундай саёҳатлардан бири яқинда Андижон шаҳри ва вилоятимиз марказига уюштирилди. 6-синфлар ўқувчилари устозлар ҳамроҳлигида юртимиз тарихи, улуғ аждодларимиз ҳаёти ва оламшумул ишлари билан танишиш, Истиқлол туфайли йилдан йилга яшнаб бораётган шаҳару қишлоқларимиз қиёфасини кўриш, мактабда ўлкашунослик бўйича олаётган билимларини мустаҳкамлашдек қутлуғ ниятни дилга тугиб, сафарга отланишган эди. Мақсадга эришилганини саёҳат якунида олган таассуротлар, порлаган кўзлар, ҳис-ҳаёжон ила сўзларга кўчаётган таърифлар яққол исботлаб берди.

Агар озод ва обод диёримизни тўрт томонини кезиб чиқсангиз ҳам Наманган, Андижон ва Фарғона янглиғ жаннатмонанд гўшаларни топишингиз амримаҳол. Ҳар қадамида фаровонлик, ободончилик ва покизалик уфуриб турадиган уч шаҳарнинг жозибаси ҳатто ёшларни ҳам ром этди. Юртимизнинг бой ва шарафли тарихи, Бобораҳим Машраб, Ибрат, Бобур каби буюк сиймолар қадами теккан  муқаддас замин ҳақидаги ҳикоялар келажагимиз эгаларида ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди. Айниқса, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур излари теккан шаҳар ва қишлоқлар бўйлаб саёҳат ўқувчиларнинг буюк аждодларимиз ҳақида билим ва тассаввурларини бойитишга хизмат қилди.

Ўқувчилар шу кунларда саёҳат чоғида олган таассуротлари асосида ижодий ишга киришганлар. Ёзилажак иншолар ва баёнларда ўқувчиларимизнинг қалбида ниш урган эзгулик ва яхшилик уруғлари, унутилмас хотиралар ўз аксини топади.

Фозилжон ЭРГАШЕВ,

тарих фани ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. ИСТЕЪДОДЛАР ТОБЛАНАЁТГАН МАСКАН

    Чуст туманидаги 52-Давлат ихтисослашган умумий ўрта таълим мактаби чин маънода ўта иқтидорли ўқувчилар таълим олаётган намунали таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Амалдаги ўқув йилида бу ерда 243 нафар ўқувчи фан сирларини ўрганмоқда. Келажагимиз эгаларининг пухта билим ва мукаммал тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Мактаб ҳар йили ўнлаб халқаро ва республика фан олимпиадалари, "Билимлар беллашуви" ғолибларини тарбияламоқда. Эътиборингизга ҳавола этилаётган саҳифа шу ҳақда.

    2019-05-14 15:37:01191
  1. «ХАЙР МАКТАБ, САЛОМ КОЛЛЕЖ!»

    Наманган вилоят ХТБ тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 9-синфларини  2016-2017 ўқув йилида  38917 нафар ўқувчи, жумладан, 19954 нафар ўғил, 18963 нафар қиз битириб, таълимнинг кейинги босқичига йўл олмоқда.

    2017-05-31 17:06:04705
  1. Наманган вилояти ҳокими бир кунда 150 дан ошиқ фуқарони қабул қилди!

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлат ҳокимияти органлари фаолиятида фуқаролар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини тезлик билан ижобий хал этиш устуворлик касб этди.

    2017-02-11 11:29:52662