БИР МАКТАБ ҲАЁТИ


Наманган шаҳридаги 18-умумтаълим мактаби вилоятдаги таълим-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган муассасалардан бири. Педагоглар жамоаси ўқув-тарбия ишларини давр талабларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этиб, сифатли билим бериш, ўқувчилар маънавиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Ушбу саҳифа ана шу ҳақда.

ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА

Наманган шаҳридаги 18-умумтаълим мактаби жамоаси таълим сифатини ошириш, мустақил фикрли, кенг қамровли дунёқарашга эга баркамол авлодни тарбиялаш борасида самарали меҳнат қилмоқда.

Мактаб жамоаси Наманган вилояти педагог кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда НамДУ билан бошланғич таълим, мусиқа маданияти, жисмоний маданият ва спорт, қизлар спорти каби йўналишларда яқин ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ўқувчилари фан олимпиадаси,"Билимлар беллашуви"нинг шаҳар ва вилоят босқичларида муносиб иштирок этиб, Наманган шаҳрида кучли ўнталик, Республикадаги ўн мингга яқин таълим муассасалари ўртасида 624 ўринни эгаллаб келмоқда.

"Қувноқ стартлар" мусобақаси, "Умид ниҳоллари", "Алпомиш ва Барчиной" каби спорт ўйинларида ўқувчилар кўплаб медаллар шодасини қўлга киритган. Жумладан, мактаб қошида очилган "Файз" қўл жанги тўгараги аъзолари Ўзбекистон, Осиё ва халқаро мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб, чемпионлар сафидан ўрин олмоқдалар.

Педагог кадрлар билими ва маҳоратини ошириш, давлат таълим стандартларига жавоб берадиган мураббийлар сафини кенгайтириш мақсадида ўтказилаётган "Йил ўқитувчиси" кўрик-танловида С.Турғунов, И.Турғунов, М.Маллабоевалар вилоят босқичида қатнашиб, педагог ходимлар маҳоратини янги методлар асосида тарғиб қилишга эришдилар.

Бу каби қаламга олишга арзийдиган ютуқларни қўлга киритишда директор Умида Тўхтабоеванинг ўзига хос хизматлари бор. У мазкур таълим муассасасида ўн йиллик раҳбарлик даврида жамоа ҳурмати ва ишончини қозонди. Тўғрисўз ва ишбилармонлиги, вазиятни чуқур таҳлил этиш орқали пухта қарор қабул қилиши, яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишга интилиши унга омад келтирмоқда.

- Бугунги раҳбар, у қайси соҳада ишламасин, ишбилармонлик фазилатига ҳам эга бўлиши зарур, - дейди директор. - Ишбилармон деганда фақат иқтисодий муносабатларни тушуниш нотўғри, бу ишни оқилона, режали, самарали ташкил этиш деганидир. Бор имкониятдан тўлиқ фойдаланиш ҳам аслида тадбиркорликдан далолатдир. Чунки, пухта тадбир ишлаб чиқмай, мактаб-ку мактаб, бошқа соҳаларда ҳам ютуққа эришиб бўлмайди.

- Фарзандини мактабимизда ўқитиш истагида бўлган ота-оналар сони йил са- йин ортмоқда, - дейди директор. - Бу устозларга ишонч ортаётгани, таълим сифати ўсиб бораётганидан далолат. Лекин биз кўзлаган юксак марралар ҳали олдинда. Мақсадга эришиш учун имконият етарли, энди фақат ўқитувчилардан самарали меҳнат қилиш қолди. Биз бу вазифани уддалай оламиз.

Ўқув йили якунламоқда, бироқ натижалар ҳали олдинда. Йил давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлар кутилган самарани беради, албатта.

Абдусаттор БОТИРОВ

 

 

ЭЪТИБОРНИ ТОРТДИ

Бугун мактабда камол топаётган ўқувчилар эртага юрт номи ва шаъни, довруғини дунёга танитади. Зотан, улар орасида мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр каби санъат турлари билан шуғулланаётганлар бисёр. Келажак эгалари камол топаётган илм масканларида бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўқувчи-қизларга илм-фан сирларини ўргатиш баробарида ўзлари қизиққан касб-ҳунар йўналишлари бўйи­ча билим ва кўникмага эга бўлиш, маҳоратларини оширишлари учун яратилаётган имкониятларда намоён бўлади.

Жумладан, 1 "А" синф ўқувчилари ўртасида "Сабзавот ва меваларнинг уруғларидан апплекация усулида нақш ясаш" мавзусида очиқ дарс ташкил этилди. Очиқ дарсдан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг билим савиясини янада ошириш, уларни меҳнатга бўлган қизиқишини уйғотиш, ижодкорлик қобилиятини ривожлантириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир.

Очиқ дарсда фаол иштирок этган ўқувчилардан Абубакир Турғунов, Акбаршоҳ Солижонов, Диёра Фозилова, Зилола Акмалова, Суҳроббек Анваржонов, Малика Ортиқовалар ўзлари ясаган кўргазмалари билан ўқувчи ва ўқитувчилар эътиборини тортди. Дарс сўнгида ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Гулбаҳор Қирғизова ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, очиқ дарсни ташкил этган ва машғулотда фаол иштирок этган ўқувчиларга миннатдорлик билдирди.

Феруза ХАЛИЛОВА,

бошланғич синф ўқитувчиси

 

 

ОРЗУНИНГ РЎЁБИ - МЕҲНАТДА

Илгари мақсадга эришишни ният қилган машаққатидан чўчимаслиги керак, дейишса ҳайрон бўлардим. Ахир "тоққа чиқмаса дўлона қайда... деган гап борку. Аммо, кўнглимга бир ниятни туггач, унга эришгунча анча заҳмат чекишга тўғри келди...

Педагоглик фаолиятимни 2005 йилда бошлаганман. НамДУда ўқиб юрган кезларим ўқиш бошқа-ю ўқитиш бошқа эканлиги, ўртада катта тафовут борлигини устозларим кўп таъкидлашган. Яхши ўқитиш учун аввало, ўқитувчининг ўзи билимдон, айниқса, ўз фанини чуқур билиши шартлигидан хабардор эдим. Шу сабаб олий ўқув юртида "аъло" баҳо олишга астойдил интилганман. 21-мактабда илк меҳнат фаолиятим бошланган йили мен ўқувчиларимни фан олимпиадалари ва "Билимлар беллашуви"да фахрли ўринларни забт этишларини жуда истардим. Билимдон ўқувчиларни тарбиялаган ҳамкасбларимга ҳавас билан боқардим. Қачон мен ўқитаётган ўқувчилар орасидан ғолиб чиқаркан, деган ўй тинчлик бермасди.

Ниҳоят, шаҳримиздаги 18-мактабга ўтган йилларим бу орзу рўёбга чиқди. Даст­лаб ўқувчиларим олимпиада ва "ББ"нинг шаҳар босқичларида фахрли ўринларни эгаллай бошлагач, менда ўзимга ишонч пайдо бўлди. Интилганга толе ёр бўлиши амалда исботланди. Илк ютуқ янги марралар сари илҳомлантирар экан-да. Энди каттароқ маррани кўзладик. Яъни, фан олимпиадасида иштирок этадиган ўқувчим билан вилоят босқичини забт этишга тайёргарлик кўра бошладик. Директоримиз Умида Тўхтабоевага раҳмат. Қандай шарт-шароит зарур бўлса, яратиб бердилар. 11-"А" синф ўқувчиси Ҳумоюн Жалилов билан деярли ҳар куни дарс, машғулот, қўшимча сабоқ билан машғул бўлдим. Уни вилоят миқёсидаги катта синовда бу сафар қўли баланд келишига шубҳа қилмадим. Чунки, биз ғолиблик учун курашга киришгандик. Ва ниҳоят... Ҳумоюннинг билими фан олимпиадасининг вилоят бос­қичида 1-ўринга муносиб кўрилди.

Хушхабарни эшитганларнинг қувончи бир олам... менинг эса кўз олдимдан бу орзуга етгунча чеккан машаққатларим келди. Сўз билан ифодалай олмайман. Бирдан заҳматлар унутилаётгани, гўё елкамдан улкан тоғ тушгандек сездим ўзимни. Очиғи, бу муваффақиятнинг замирида ўқувчининг қобилияти, имконияти ва фанга бўлган кучли қизиқиши бор. Чунки шогирдим юксак марра сари мен билан баробар интилмаганида ният ушалмасди. Демак, биргина менинг ҳоҳишимнинг ўзи камлик қилади. Ўқувчи ҳам буни ҳоҳлаши керак экан. Мен бу йўлда шогирдимга кўприк бўлдим, холос. Фан ва муваффақият ўртасидаги кўприк. Бироқ, бу рамзий "кўприк"ка кўп нарса боғлиқлигини ҳамиша ҳам ёдда тутавермаймиз.

Наргиза УСМОНОВА,

география-иқтисодий билим асослари фанлари ўқитувчиси

 

 

УНИНГ КАСБИ ЗИЁКОР

У 45 йилки, болалар билан бирга. 45 йилки, мактаб деган улуғ ва буюк иморат бағрида зиё - илм улашади, савоб олади. 45 йилки, ўқитувчиликдек суюмли касбини ардоқлаб келяпти. У 45 йилки, устозлар ишончини оқлаб, ёшларга тўғри йўл кўрсатиб, шогирдлари ютуқларидан қувониб юрибди. У Санобар Сулаймонова, ҳамма танийдиган, ҳамкасблари жуда ҳурмат қиладиган, юксак салоҳиятли ва тажрибали муаллима - она тили ва адабиётимиз билимдони... Наманган шаҳридаги 18-умумтаълим мактабида у каби фидойи педагоглар кўп бўлсада, Санобар Сулаймонованинг касбдошлари орасида ўз ўрни ва мавқеи бор!

- Шаҳримиздаги 17-мактабни тамомлаган йилим дабдурустдан институтда ўқийман, деб айтолмаганман, - дейди ёшлик хотираларини ёдга олиб Санобар ая. - Дастлаб 2-мактабда котиба бўлиб ишлай бошладим. Аммо, устозларим раҳматли Собиржон Турғунов, Мўътабар Маллабоева каби ўқитувчи бўлишга жудаям қизиқардим. Буни сезган директоримиз бошланғич синфдан дарс ажратиб бердилар. Шу баҳона олий ўқув юртига ҳужжат топширдим ва талаба бўлдим. Кўп йил бошланғич таълим муаллимаси сифатида болажонларга дарс бердим. Олий тоифали ўқитувчи даражасини олдим. Филологияга меҳрим ўзгача эди. Кейинчалик она тили ва адабиёт фани бўйича қайта тайёрлов курсида таҳсил олдим. Ҳозиргача 10 та синф чиқарибман.

Санобар Сулаймонова дарсидамиз. У ҳақиқий устозларга хос шиддат ва иштиёқ билан машғулотни бошлади. Ая аввало, ўқувчиларнинг ўтган дарсдан олган билимлари ва уй вазифаларини текшириб олди. Сўнгра, "Қўшма гап" талқини, унинг турлари ва намуналари ҳақида ўқувчиларга батафсил тушунча берилди. Янги мавзуни ўқувчилар томонидан ўзлаштириш жараёнида фаоллик етишмаётганини сезган ўқитувчи энди дарсни ноанъанавий усулга кўчирди. Ўқувчилардан "Ақлий ҳужум" орқали янги мавзу бўйича олган билимлар синалгач, уни мустаҳкамлашга киришди. Тезкор савол-жавоб синфдаги аксарият ўқувчиларни қамраб олди. Синфда жонланиш пайдо бўлди... Агар машғулотлар якунланишидан огоҳлантирувчи қўнғироқ чалинмаганида "устоз сеҳри" домига тушган ўғил-қизлар фан оламининг ҳали қадамлари етмаган чўққилари сари юқорилаётган бўлардилар.

- Санобар аянинг ҳар бир дарсини ёзилмаган асарга менгзаш мумкин. Унинг педагоглик маҳорати шундаки, ўқувчиларни ром эта билиш қобилияти бор. Бироз сеҳрли овоз, синфда ўзини тутиши, ўқувчининг иқтидори ва имкониятидан келиб чиқиб ёндашиш, кайфияти ва қизиқиши, руҳий ҳолатини англаб муомала қилишни Санобар опадан ўрганиш керак, - деди мактаб директори Умида Тўхтабоева. - Бундай устозлар бизнинг фахримиз.

Наманганнинг исталган мактабидан Санобар аянинг шогирдларини топиш мумкинлигини айтишганида ҳайрон бўлмадик. Ахир шогирдларида ўз касбига қизиқиш ва ҳавас уйғота олмаган устоз устозми?! Дарвоқе, у ҳаётда ўз ўрнини топган, ютуқлари билан эл назарига тушаётган шогирдлари билан жуда ғурурланади. Бундай бахтга сазовор бўлиш учун эса Санобар Сулаймонова сингари меҳнат қилиш, касбини ардоқлаш ва у каби садоқатли бўлиш талаб этилади.

Ғанишер АКБАРОВ

 

 

ХОТИРА КУНИГА БАҒИШЛАНДИ

Мактабимизда фан ойлиги доирасида турли тадбир ва очиқ дарсларни ўтказиш анъанага айланди. Ойликни мазмунли ва самарали ташкил этиш ўқитувчиларнинг изланиш ва маҳоратига ҳам боғлиқ. Мен 9 май - Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда кенг нишонланишини ҳисобга олиб, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Ленинград қамалида ҳамшира бўлиб хизмат қилган, шунингдек, таълим муассасамизда узоқ йиллар ўқувчиларга инглиз тилидан сабоқ берган Лидия Филатова хонадонига йўқлов уюштиришга қарор қилдим.

Лидия опа ташрифимиздан жуда хурсанд бўлдилар ва чет тилини ўқитиш бўйича мактабимизда олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар. Учрашув ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Аҳамиятлиси, қаҳрамонимиз ўша суронли йилларда ҳам тил билгани қўл келганини сўзлаб бердилар.

Бошланғич синфда ўтган очиқ дарсимни эса кўргазали қуроллар, мультимедиа воситалари, АКТлардан кенг фойдаланган ҳолда ўтдим. Ўқувчилар нутқини ривожлантириш мақсадида йўқловдан олган таассуротлари асосида савол-жавоблар ўтказдим. Мавзуни биргаликда такрорлаш, қизиқарли усулларни қўллаш яхши самара берди.

Гулсанам Ғофуржонова, Осиё Ҳакимова, Бобуржон Муслимов, Ойдина Носиржоновалар инглиз тилида мевалар ҳақида ёзилган шеърлардан ёд айтиб, бошқалардан фаоллиги билан ажралиб турдилар.

Умуман олганда, мактабимизда фан ойлигида ўқувчиларга чет тилларни ўқитиш самарадорлигини оширишга бағишланган илмий методик тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда.

Баҳромжон ҚОЗОҚБОЕВ,

инглиз тил фани ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. БИР МАКТАБ ҲАЁТИ

    Поромоннинг 847 нафар ўғил-қизи таълим-тарбия олаётган 49-мактаб, унинг фидойи ва билимдон педагоглари амалга ошириаётган ишлари тўғрисида эшитмагансиз ҳойна-ҳой!? Келинг, сизларга шу ҳақда батафсил ҳикоя қилиб берсак.

    2019-06-17 15:04:250
  1. «ХАЙР МАКТАБ, САЛОМ КОЛЛЕЖ!»

    Наманган вилоят ХТБ тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 9-синфларини  2016-2017 ўқув йилида  38917 нафар ўқувчи, жумладан, 19954 нафар ўғил, 18963 нафар қиз битириб, таълимнинг кейинги босқичига йўл олмоқда.

    2017-05-31 17:06:04695
  1. Наманган вилояти ҳокими бир кунда 150 дан ошиқ фуқарони қабул қилди!

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлат ҳокимияти органлари фаолиятида фуқаролар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини тезлик билан ижобий хал этиш устуворлик касб этди.

    2017-02-11 11:29:52653