БИР АРИҚНИНГ ИККИ ҚИРҒОҒИДА азалий дўст-биродарлик тантанаси


Ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида асрлар давомида шаклланган дўст-биродарлик ва яхши қўшничилик ришталари муқаррар мустаҳкамланиб, ҳар икки халқнинг орзу-мақсадларига ҳамоҳанг янгича мазмун билан сайқал топаётгани истиқболдаги ёруғликлардан, нурафшон манзиллардан нишонадир. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Қирғизистон Республикаси Президенти жаноб Алмазбек Атамбоев билан учрашув мулоқоти, ундаги дўстона келишувлар халқимиз томонидан нақадар қувонч ва шукрона билан қўллаб-қувватланаётганини сўз билан таърифлашнинг иложи йўқдай.

Бир ариқнинг икки соҳилида жойлашган бу икки мустақил давлатларнинг қондошу жондош фуқаролари, сиёсат ва сиёсий бошқарув қандай куйни чалмасин, бир-бирига ҳамон меҳр-муҳаббат билан талпинади. Ариқнинг икки соҳилида ўсган ўт-ўланлар сув оқими узра узалиб, бир-бирига чирмашиб, барг ёзиб гулламоқда. Мевали дарахтларнинг шохлари ларзон ташлаб, ҳар икки халқнинг узилмас меҳр ришталарини тавозе билан кўрсатмоқда. Бу табиий манзаралар бизга илоҳий дўст-биродарлик сабоғи эмасми?

Тарихни, айнан ўзбек ва қирғизнинг тарихий дўст-биродарлик анъаналари ҳақидаги битикларни варақласак, ўзаро биродарлигу чин дўстлик, севги-муҳаббат туйғулари садоқат ва вафодан зийнатланиб не-не хатарлардан омон чиққанига қайта-қайта дуч келамиз.

Қачон содир бўлди йироқлашиш, қачондан бошлаб бу икки қондошу жондошнинг ўртасига нифоқ тушди? Манас ботирнинг Алпомиш феълидаги мардона фазилатлари бир онанинг фарзандларидай ўхшашлиги аслий-азалий қондошликни тасдиқлаб турибди-ку!

Кўзимиз билан кўриб, оғир изтиробларни бошимиздан бевосита кечирган ҳолатларга барҳам берувчи одил сиёсат тантанаси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғоялари, жасоратли қадамлари билан бошланган эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки даврларидаги Фарғона ва Наманган воқеалари, қирғиз биродарларимиз бошидан кечирган Ўш воқеалари, Жалолободдаги хунрезликлар билан уйқаш бир вақтда содир бўлгани, улар кимларнинг ўйини экани бугун кўпчилигимизга аён ҳақиқат.

Бугунги авлод идрок этиб, англаб турибдики, ҳар икки миллат ўзаро меҳр-муҳаббатимизни мустаҳкамлаш билангина орзу- мақсадларимизга тўла-тўкис эриша оламиз.

Бугун биргина Наманган вилоятида йигирма ярим мингдан зиёд қирғиз миллатига мансуб фуқаро истиқомат қилмоқда. Учқўрғон, Уйчи, Чортоқ, Янгиқўрғон, Косонсой туманлари +ирғизистон ерлари билан чегарадош, даламиз даламизга туташ, сувимиз сувимизга, боламиз боламизга, дилимиз дилимизга чамбарчас чирмашиб кетган.

Давлатларимиз раҳбарларининг учрашуви, мулоқот жараёнларидаги соҳир лаҳзалар халқимиз томонидан байрамона кўтаринкилик кай­фиятида қўллаб-қуватланди.

Янгиқўрғондаги Нанай, Нов, Чортоқдаги Ҳазратишоҳ, Косонсойдаги Чиндовул, Ободон қишлоқ ва маҳаллаларида бошланган байрамлар ҳануз давом этмоқда.

Жалолободдан Каравон орқали кенжа ўғлини уйлантираётган синглисининг хонадонидаги тўйга остона хатлаб киролмаган инига "чегара тартиби"га кўра ариқнинг у томонига тўй оши узатилса, қутлов сўзини зору гирён йиғлаб айта, ноилож қайтаётган инининг аҳволи кимни оғритмайди?

Чортоққа 30 йил олдин келин бўлиб тушган Гулсум Парпиевани отасининг маъракасига бор-йўғи уч километрлик масофа қолиб, 200 километрдан ортиқ йўл босиб боришига мажбур қилиниши инсонийликнинг қайси мезонига тўғри келади?

Қон-қонимизга сингиб кетган қадимий меҳр-муҳаббат туйғулари томир суриб, икки миллат кишиси бир оила бўлиб яшасалар-да, никоҳ гувоҳномасига эга эмасликлари сабаб уларнинг фарзанди фуқаролик паспортига эга бўлолмаса. Бунинг сўроғи раҳбарнинг, депутатнинг ёқасидан тутиб турса, ким жавобгар?

Йўқ, бу каби ҳолатларни ўтмишга маломат ўрнида эмас, ёруғ ният ва қутлуғ истиқбол қувончи билангина тилга олмоқдамиз.

Соғинч ва айрилиқ изтиробларини бошидан кечириб, дардимни аритувчи ким, дея йиғлаган неча-неча қирғизу ўзбек ҳамюртларимнинг чеҳрасида чарақлаган табассумни, шукрона ва бахтиёрлик балқиган нигоҳларидаги севинчни кўрмоқ, бир-биримизни қутламоқ кунларига етганимизга шукур.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев +ирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевга севимли ёзувчимиз, қирғиз халқининг буюк фарзанди Чингиз Айтматов асарлари жамланган китобни топширар экан, кўз ўнгимда Истиқлолимиз меъмори Ислом Каримовнинг пурвиқор сиймоси гавдаланди.

Давлатларимиз раҳбарларининг дўстона бағирлашуви асрий силсилалар оралаб ҳар икки халқни чексиз бахтиёр этдики, туркона, айтганда, арвоҳлар ҳам шод бўлди. Арвоҳ сийлаб, замину замонга тасвирлаб бўлмайдиган бир нур таралди. Бу икки халқ дўстлигининг тантанаси, меҳр-муҳаббат тантанасидир.

Қирғиз миллий маданий маркази вилоят бўлимининг раҳбари Маҳфиратхон Истамқуловага табрик йўлладим.

- Раҳмат Сизга, депутут, деб айтди у. - Биз қирғизлар учун қувонаётган ўзбек халқидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромоновичдан, +ирғизистон раҳбариятидан чексиз миннатдормиз!

Зулайҳо МАҲКАМОВА,

вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси раҳбари

 

Мавзуга оид

  1. ИККИ АСР ШОИРИ

    Биз Эркин Воҳидовни 70-йиллардан таниганмиз. Унда устоз "Ёш гвардия" нашриётининг бош муҳаррири эдилар.

    2017-01-31 11:07:17680
  1. ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ

    Китоб инсонни камолотга етакловчи, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариб, дунёқарашини шакллантирувчи энг яқин дўст ва суҳбатдошдир.

    2019-07-02 16:39:24247
  1. Наманган вилояти ҳокими бир кунда 150 дан ошиқ фуқарони қабул қилди!

    “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да давлат ҳокимияти органлари фаолиятида фуқаролар билан мулоқот, уларнинг дардини тинглаш, муаммоларини тезлик билан ижобий хал этиш устуворлик касб этди.

    2017-02-11 11:29:52709
  1. АЗАЛИЙ ВА НАВҚИРОН ҚАДРИЯТ

    Табиат уйғониши билан кўклам нафаси дилларга ажиб туйғуларни солмоқда. Ҳаёт нашидаси, умр сурури инсонга завқ бағишлайди. Наврўзи олам халқимизнинг азалий ва навқирон байрами сифатида минг йиллардан буён ардоқланмоқда.

    2017-03-27 11:18:34575