БЕШ ТАШАББУС - БЕШ ҚАНОТ


2018-2019 ўқув йили якунланаётган шу кунларда барча таълим муассасаларида бўлгани каби бизнинг мактабда ҳам ўтган давр мобайнида эришилган ютуқлар ва кўрсаткичлар сарҳисоб қилинмоқда. 1867 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган 77-умумтаълим мактабимиз Наманган шаҳридаги йирик илм даргоҳларидан бири саналади.

Кўп йиллик тарих ва ўзига хос анъаналарга эга жамоамиз ўқитувчи-мураббийлари ниҳояланаётган ўқув йилида ёш авлодга замон талабларига мос сифатли билим, мукаммал тарбия бериш учун бор тажриба ва маҳоратларини сарфладилар. Провардида ўнлаб ўқувчилариларимиз фан олимпиадаси ва "Билимлар беллашуви" каби синовларнинг шаҳар ва вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, устозлар ишончини оқладилар. Жумладан, 10-"Ф" синф ўқувчиси Ориф Абдулҳамидов устози Шоҳсанам Дўнанова раҳбарлигида математика фанини яхши ўзлаштираётганини фан олимпиадасининг вилоят бос­қичида олган фахрли ўрин билан исботлади. 8-"Э" синф ўқувчиси Осиё Ҳамидова, 6-"Б" синф ўқувчиси Абдулазиз Садриддинов "Билимлар беллашуви"нинг барча босқичларида муваффақиятли қатнашиб, якунда 2-3 ўринларни қўлга киритдилар. Бу, албатта таълим сифати ва мазмунини бойитишга берилган эътибор, устоз-мураббийларнинг салмоқли меҳнати маҳсули.

Агар сарҳисоб маъносида сўз юритсак, таҳлиллар математика, она тили ва адабиёт, чет тили, информатика ва жисмоний маданият фанлари бўйича билим самарадорлиги ўқув йили якунида 4-6 фоизга ошганлиги маълум бўляпти. Бунинг ўзига хос омиллари бор. Аввало, мактабимизда ўқитувчилар маҳорати ва касбий салоҳиятини ошириш, "Устоз-шогирд", "Маҳорат мактаби", "Дарс-муқаддас" каби методик тавсиялар ва усуллар, янги педтехнологиялардан унумли фойдаланишга жиддий эътибор қаратилгани туфайлидир. Айнан шу йўналишда кўплаб тадбирлар ва семинарлар ташкил этилди. Вилоятда тўпланган илғор тажрибалар татбиқ этилди.

Ўқувчиларга мустаҳкам билим бериш билан бирга уларнинг маънавий билимларини бойитиш, мустақил фикрлаш кўникмасини шакллантириш, жисмоний камолот сари етаклаш ҳам педагогларимизнинг диққат-марказида турганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф этилган беш муҳим ташаббус устозлар учун қанот бўлгани шубҳасиз. Билим масканимизда таълим-тарбия олаётган кўплаб истеъдодли ўқувчиларнинг иқтидорларини ривожлантириш, уларнинг қизиқиш ва имкониятлари асосида фан, касб-ҳунар ва спорт тўгаракларини жалб этиш, ижодий қобилиятларини тарбиялаш, айниқса, ўқувчи-қизлар билан ишлашда муҳим омил бўлганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Бу борада мактабимизда кўплаб чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга ошириляпти. Жумладан, ўқувчи-ёшларнинг ижодий қобилиятларини аниқлаш ва уларнинг иқтидорларига қараб тўгаракларга жалб этиш мақсадида мусиқа, тасвирий санъат ва адабиёт, актёрлик ва сухандонлик сингари 8 та тўгарак ташкил этилди ва уларга 250 нафар ўқувчи аъзо бўлди. Асила Мамасолиева ана шундай истеъдодли ўқувчилардан. У болалигидан рақс санъатига қизиқади. Айни пайтда устози, мусиқа фани ўқитувчиси Одилжон Умаров мураббийлигида миллий ва жаҳон рақс намуналарини қунт ва катта иштиёқ билан ўрганмоқда.

Мактаб вилоят марказининг чегара ҳудудида жойлашганига қарамай ҳар томонлама қулай ва шинам спорт зали, волейбол, қўл тўпи, баскетбол ва футбол майдончаларига эга. Бу таъкидни келтиришдан мақсад, ўқувчиларимиз орасида спортсевар, соғлом турмуш тарзи ва жисмоний камолот сари интиладиган ўқувчи-ёшлар кўпчилик эканлигини билдиришдир. Уларнинг қизиқиши ва таклифлари асосида ташкил этилган гимнастика, енгил атлетика, волейбол каби 10 та спорт секциясида 500дан зиёд ўқувчи мунтазам шуғулланмоқда. Яқинда улар сафига мактаб жойлашган "Ирвадон" маҳалла ҳудудида яшовчи 20дан ошиқ собиқ битирувчилар ҳам қўшилди. Улар бўш вақтларида мактабдаги устозлар кўмагида спорт билан шуғулланишмоқда. Режада эса маҳаллада истиқомат қилаётган аёллар ва қизлар учун "Саломатлик мактаби" очиш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш билан бирга спорт оммавийлигини таъминлаш кўзда тутилган. Ҳозирда эса қарийб 85 нафар ўқувчи-қизни жамлаган каштадўзлик, тикувчилик, зардўзлик, қўл меҳнати тўгараклари ишлаб турибди.

Якунланган ўқув йилининг 3-чорагидан фаолияти янада кенгайган яна бир тўгарак ўқувчилар билан жуда гавжум. Ахборот-коммуникация технологиялари билан таништириш, ўқувчиларнинг информатика фанидан олаётган билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда жуда қўл келаётган "Ёш информатиклар" тўгараги аъзолари сафи жуда тез кенгайиб боряпти. Дастлаб 108 нафар ўқувчи билан очилган бу тўгарак аъзолари сони ҳозирда 200 нафардан ошди. Бунда ҳар бир машғулотни қизиқарли ва ранг-баранг маълумотлар, янгиликлар билан бойитишнинг уддасидан чиқаётган ўқитувчилар Дилфуза Пўлатова, Олимжон Мамажонов ва Сардор Исмоиловнинг алоҳида хизмати бор.

Шу ўринда мактабимизда янги ўқув йилига тайёргарлик билан боғлик чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталмоқчиман. Мавжуд ўқув ва қўшимча хоналар, ички йўлаклар, кутубхона, ошхона ва спорт зали тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бунинг учун ҳомийлар ҳисобидан 65 миллион сўм маблағ сарфланди. Мактаб илгари марказлашган иссиқлик тармоғига уланган эди. Бу яхши самара бермаётгани боис ҳар бир ўқув биноси учун мустақил иситиш қозонлари ўрнатилди. 10 та синф хонаси учун ўқув мебеллари ва синф жиҳозлари олинди. Бир сўз билан айтганда янги ўқув йилини муаммоларсиз ўтказиш учун пухта тараддуд кўрилди.

Муқаддас РАҲИМОВА,

Наманган шаҳридаги 77-умумий ўрта таълим

мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси

Мавзуга оид

  1. ТАШАББУС БЎЛСА

    Ўқувчиларга билим бериш жарёнида ўқитувчининг янги инновацион ғоялардан самарали фойдаланиши таълим сифати ва самардорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.

    2019-05-14 15:32:24117
  1. Тараққиётимизнинг беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлари белгилаб берилди

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

    2017-02-09 11:22:34484