ҲАЁТ САҲНАСИДА ЯШАМОҚ - САНЪАТ Ҳусниддин ШАРИПОВ, Ўзбекистон халқ шоири


Ўзбекистон халқ шоири Ҳусниддин Шарипов 1933 йил 10 февраль куни Поп шаҳрида туғилди, вилоят маркази Наманганда ўсиб-ул­ғайди. Отаси Султон Назиров - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, онаси Турғуной Хўжаева ҳам муаллима. Ўзи эса иккинчи отаси Шарифжон Парпибоев қўли остида тарбия топди. Унинг "Навоий" деган дастлабки шеъри 1948 йил - қишлоқ хўжалик техникумида ўқиб юрганида босилди. "Ниҳол" номли биринчи шеърлар китоби эса 1956 йил - у қишлоқ хўжалик институтини битириб, ўрмон хўжалик идорасининг инженери бўлиб ишлаётганида нашр этилди. Ўша йили вилоят "Наманган ҳақиқати" газетасига таклиф этилиб, адабий ходим, сўнг масъул котиб бўлиб ишлади. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг нашри "Ўзбекистон маданияти" газетасида адабий котиблик қила бошлагач, 1960 йилда Тошкентга кўчиб келди. 1962 йилдан бошлаб, узоқ муддат "Шарқ юлдузи" журнали шеърият бўлимига мудирлик қилди, таҳририят аъзоси бўлди. Бир неча йил уйда ижод билан шуғулланди. 1984 йилдан бошлаб, адабий маслаҳатчи сифатида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг таржима ва драматургия бўйича ишларини юритиб турди.

Ҳусниддин Шарипов адабиётга ўз мавзуи билан кириб келган шоир. Дастлабки шеърлариданоқ у меҳнат аҳли - деҳқонлар, боғбонлар, ўрмончиларнинг орзу-ўйларини, она табиатни улуғлади. Олтмишинчи йилларда чиққан китобларини соддагина "Кўнгил буюргани" (1961), "Қуёшга ошиқман" (1963), "Тупроққа қасида", "Ёрнинг қалби" (1965), "Мен сизга айтсам" (1968) деб атагани бежиз эмас, албатта. У ҳатто замонавий илм-фан ва саноат тараққиёти чўққисида туғилган космонавтика ютуқлари, фазокор парвозида ҳам пахтакоримиз қалб ҳарорати борлиги билан фахрланади.

Шоир ўзбек замонавий достончилиги ривожига жиддий ҳисса қўшди. Унинг ўн саккиз достонидан энг йириги бўлмиш "Бир савол" (1972) номли шеърий роман қаҳрамони Аброр йигирманчи йилларда ғирром кишиларнинг қутқусига учиб гуноҳ қилган, Сибирга бадарға бўлган эсада, мамлакат бошига хатар қўнганида, унинг ҳимоясига барча тўсиқлардан ошиб етиб борган ҳалол инсондир. Жанг майдонларидан қайтгач, у ягона ўғлини излаб, чўлларни обод қилаётган деҳқонлар сафига киради. Афсус, ёши бир ерга борганида, фарзанд қабри устидан чиқади, холос. Аброр етмаган кунларга етиб, меҳнатда бахт насиб этган бригадир Сотволди эса ("Сотволдидан салом", 1968) қувлиги ва чапдастлиги билан жаҳонда ўз ҳалол номини эҳтиёт қилиб келаётган ўзбек деҳқонларининг тимсоли дейиш мумкин. Ҳ. Шарипов яратувчилик мавзуини "Боғ кўча болалари" (1963), "Тановар" (1965), "Шоир ҳақида" (1967), "Қилмиш-қидирмиш" (1976), "Инсоф диёри" (1979), "Соҳиллар" (1986) каби достонларида изчиллик билан таҳлил эта боради.

Ҳусниддин Шарипов фаол ижодкор. Унинг етмишинчи йилларда чиққан "Лирика", "Достонлар" сингари шеърий тўпламлари қаторига саксонинчи йилларда "Ҳаяжонли дақиқалар", "Оҳ, гўзал", "Хирмон", "Яна висол" каби асарлари қўшилди, ўз эллик ёшини икки жилдлик "Сайланма" билан кутиб олди.

Шоир драматургия соҳасида ҳам мунтазам қалам тебратади: "Сени севаман" (1958), "Ота ўгли" (1964), "Афсона" (1975), "Чоллар ва кампирлар" (1979), "Ёр истаб" (1993) каби пьесалари пойтахт ва вилоят театрларида саҳналаштирилди. У фарзанд ва неваралари олдида ҳам "Укажонларимга" (1963), "Бу ёғи нима бўлади" (1973), "Чавандоз" (1974) сингари болаларбоп китоблари билан қарзини узиб қўйган.

Мустақиллик йиллари Ҳ. Шарипов учун ғоят маҳсулдор бўлди. "Минг иккинчи кеча" (1992), "Қалтис юриш" (1999) достонлари, "Ёр истаб" (1993) шеърий китоби нашр этилди. "Онанинг кўнгли болада ёҳуд Тошкентча қўйди-чиқди" драмаси "Узбектеатр" эълон қилган танлов ғолиби бўлди. Худди ўша йили Мустақилликнинг 10 йиллигига бағишланган "Дўстим Тожиддин" номли ҳужжатли қиссаси босилиб чиқди. Ўзбекистон Миллий академик театри эълон қилган танлов муносабати билан "Инсофнома" шеърий драмасини яратди.

Ҳусниддин Шарипов карийб ярим асрки, қўшиқ санъати билан ошно. Унинг қўшиқ ва шеърлари Наврўз ва Мустақиллик байрами тантаналарида мунтазам янграб туради. Шоир ҳарбий қўшиқлар (1996) ва "Ватан ҳимоясида" (2002) танловларининг ғолиби, Ҳусниддин Шарипов Ж. Лафонтен, И. Тургенев, У. Уитмен, В. Маяковский, Б. Брехт, П. Неруда, Р. Рождественский шеърларини ўзбекчага ўгирган бўлса, унинг "Всё тот-же я" ("Ўша-ўша", 1970), "Привет от Сатвалды" ("Сотволдидан салом", 1977), "Самое дорогое" ("Энг азиз", 1980) каби китоблари Москва ва Тошкент нашриётларида рус тилида босилди, шеърлари урду, поляк, турк ва, қолаверса, барча қўшни қардошларимиз тилларига таржима қилинди. Ўзбекистоннинг кўпгина театрлари Р. Ҳамзатовнинг "Тоғ қизи", Б. Васильевнинг "Рўйхатларда йўқ" ва "Сокин тонглар", Ш. Раҳматуллиннинг "Ажал қувлаганда", Е. Юрандотнинг "Тўққизинчи покиза", В. Еськин ва К. Крикоряннинг "Кавказлик келин" пьесаларини Ҳ. Шарипов таржимасида саҳналаштирганлар.

Адабиётшунослар Ҳусниддин Шарипов ижодида ғазал ва оқ шеър, лирика ва ҳикоят, достон ва миниатюра, фалсафа ва лутф, қўшиқ ва чақириқ ёнма-ён яшаши ҳақида, қаҳрамонларининг халқона содда ва тагдор тили тўғрисида кўп ёзишган. Бу сифатлар Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1989 йили босиб чиқарган "Адабий портретлар" китобидаги профессор Озод Шарафиддиновнинг "Ҳусниддин Шарипов" сарлавҳали монографиясида айниқса тўла ва синчковлик билан таҳлил этилади.

Ҳ. Шарипов "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими" унвони, "Мустақиллик" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари билан мукофотланган.

2012 йил "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига сазовор бўлган.

Ҳусниддин Шарипов 2015 йил вафот этган.

 

АЁЛЛАР

Камгапми, сергапми -

аёл яхшидир,

Беғамми, сергакми -

аёл яхшидир,

Бўштобми, пишиқми -

аёл яхшидир,

Аччиқми, чучукми -

аёл яхшидир.

Бўгилманг "ошириб юборди, деб сал"

Мақтовнинг озидан кўпроғи афзал.

 

Саҳрога ўхшагай

аёлсиз дунё,

Қуригай қақшагай

аёлсиз дунё,

Туюлгай ғалати

аёлсиз дунё,

Чунки жиим қолади

аёлсиз дунё,

Эрлар кўтаролмас сукунат юкин,

Эсидан адашиб қолиши мумкин.

 

Қувончлар шимириб

яшасин аёл.

Тиниқиб, семириб

яшасин аёл.

Офтобдай юксакда

яшасин аёл.

Биз қурбон бўлсак-да:

"Яшасин Аёл!"

Эҳтимол сўрарсиз: "Эркак чи, эркак?"

Бу ҳақда аёллар ўйлаши керак.

 

ПОКИЗА НОМ

Ватан кўп асрлар, курашлар ҳамда

Номаълум деҳқонлар ижоди эрур.

Уни юксалтирмиш ёруғ оламда

Ҳазрат Навоийлар бахш этган ғурур.

 

Аланга тилидай беқарор ҳислар

Шеърга айлангандек ногоҳ илҳомдан,

Ватан бошланади сиз билан бизлар

Авайлаб асраган покиза номдан.

 

БЕҒУБОРЛИК ҲАҚИДА

Кўксингдан жой берсанг зарра риёга,

Киришинг мушкулдир янги дунёга.

Шунинг-чун, эҳтимол,

Заминни офтоб

Айлантириб кўрар,

тутиб зиёга.

 

КАМТАРОНА...

Ҳаёт деҳқонга ер этибди ато,

Темирчига - босқон, чумолига - хас.

Мен юрмоғим учун яйраб эл аро

Қалам кўтаргудек қувват берса бас.

 

НАМАНГОН ЙЎЛИДА

Намангон йўлида энг тоза осмон,

Осмон гардишида арчалар посбон,

Ҳар кимки сафарга чиқса бел боғлаб,

Ўзинг мушкулини айлагил осон.

 

Намангон йўлида дарёлар, кўллар,

Оташ қалб барибир соғинчдан чўллар,

Талпинар қуш бўлиб қўлларга қўллар,

Дилга интилар дил, жонни излар жон.

 

Намангон йўлида жилғалар, сойлар,

Қизлар сой бўйида кимларни пойлар,

Ким учун очилаган гулдек чиройлар,

Кимни деб юраклар бўлмоқда ларзон?!

 

Намангон йўлида Чуст билан Поплар,

Бордир ҳар ойюзга бағри офтоблар,

Бунда висол бўлгай, бўлмас сароблар,

Тотлидир бу элда ҳаттоки армон.

 

Намангон йўлида қирлар-адирлар,

Ҳижронда синалур меҳру қадрлар,

Сизу биз терилсак худди сатрлар,

Ширин умримиздан туғилгай достон.

 

Намангон йўлида тош ва харсанглар,

Имиллаб қолдик биз қари-қартанглар,

Бизлардан дуо денг олдин борсанглар,

Карвон келмоқда денг, келмоқда карвон!

 

Намангон йўлида толлар, чинорлар,

Бормикин бу юртга биздай хуморлар,

Ана ҳусну дониш, ана виқорлар,

Бир боқсин бизга ўшал Намангон,

гўзал Намангон...

 

 

БАРДОШ

Уят ё айб эмас эгилса киши,

Ота фарзанд учун қуллуқ қилар гоҳ.

Пешонанг тупроққа теккани яхши

Онани заминга қўяётган чоғ.

Сабаб бағоят кўп бош эгмоқ учун,

Ҳеч гапмас ўтмоғи умринг букилиб.

Таажжуб қилишмас,

Бир кунмас-бир кун

Умуртқа поғонанг тушса тўкилиб.

Ўзинг-чи?

Бўлсанг гар сифат нозири,

Умрингга босардинг не деган тамға?

Эсла ўтмишингни,

Ўйла ҳозирни:

Нимага бош эгдинг?

Қандай одамга?

Битта қуллуғингга арзирмиди у?

Битта армонингта бўлдими шерик?

Инсон ёлғиз экан, ичади оғу,

Инсон ҳамдардларнинг тафти-ла тирик.

Сен, ахир, ичингга ютсанг-да ёшинг,

Барибир,

дардингдан этгали огоҳ,

Қоп-қора соч ила эгилган бошинг -

Қайта тиклангунча бўлади оппоқ.

 

СЕНИНГ НОМИНГ

Ҳикмат кўпдир мавж уриб оққан

Ишқ аталмиш нозик илмда.

Эриб кетар, гўёки оқ қанд,

Сенинг номинг менинг тилимда.

 

Офтоб сендек бўлолмас оташ,

Ой ҳам сендек бўлолмас тўлин.

Узоқ тунлар изларман яккаш

Тушларингга кирмоқнинг йўлин.

 

Қўнсин энди бошингга Ҳумой,

Кел, бахтингдан менга ҳам юқтир.

Қўлгинангдан ичолмасам чой

Бу ҳаётнинг қизиғи йўқдир.

 

Соқчинг бўлиб асрайин, эй ёр,

Сен яшаган сўлим жаҳонни.

Ҳар томирим - севги чертган тор,

Қалбим - ишқнинг қўшиқ жавони.

 

Бегонанинг тинглама розин,

Чарх урмасин ўнгу чапингдан.

Капалакдай қўниб, дам олсин

Менинг исмим сенинг лабингда.

 

ДАҲОЛАР КЕЛГАЙ

Ҳаёт ишқи ёнар жонимда,

Босиб ҳоврим, саболар келгай.

Умр мағзин чақар онимда

Улуғлардан нидолар келгай:

"Иймонингни авайлаб, Инсон,

Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,

Насибангдир ҳалол, тотли нон

Ва ҳаққингга дуолар келгай!"

 

Бу сўз олтин баробар, дўстлар,

Кўнгил қушдай ҳаволар, дўстлар,

Алам-дардим даволар дўстлар,

Нигоҳимга зиёлар келгай.

Шукрларким, баланддир бошим,

Олисдан ҳам ярақлар тожим,

Бутун олам бўлиб қардошим,

Қаторимга даҳолар келгай.

 

Кулаб тоғлар, ғанимлар ғойиб,

Бу йўлдан ҳам ўтармиз ғолиб,

Агар юрсанг ҳаётдан нолиб,

Самоватдан садолар келгай:

"Иймонингни авайлаб, Инсон,

Этар бўлсанг муҳаббат эҳсон,

Насибангдир ҳалол, тотли нон

Ва ҳаққингга дуолар келгай!"

Мавзуга оид

  1. ҚЎШИҚ БЎЛИБ ТУЮЛСИН ҲАЁТ

    Эркин Воҳидов ҳаёт бўлганида 80 ёшни ортда қолдирган бўларди.

    2017-01-31 11:00:05724
  1. ИККИ АСР ШОИРИ

    Биз Эркин Воҳидовни 70-йиллардан таниганмиз. Унда устоз "Ёш гвардия" нашриётининг бош муҳаррири эдилар.

    2017-01-31 11:07:17680
  1. Шавкат Мирзиёев: Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

    2017-02-10 08:55:55705
  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

    2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

    2017-01-31 11:20:351358
  1. Санъат сеҳри

    Ёш авлодни баркамол вояга етказишда бошқа омиллар қаторида мусиқа санъатининг ўрни алоҳида. Жумладан, куй - инсон туйғуларига жон бағишлайди.

    2017-01-31 10:56:45748