АЁЛ, ОНА, МУАЛЛИМА...


Мўътабар оналаримиз, гўзаллик ва нафосат тимсоли бўлган опа-сингилларимиз орасида аёл деган улуғ зот шарафини эъзозлаб келаётганлар кўп. Учқўрғон туманидаги 36-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳарой Ўрозова ҳам ана шундай эътирофга лойиқ устозлардан бири.

Гавҳарой Ўрозова 1986 йилда қадр­дон мактабида фаолият бошлади. Тинимсиз изланиш, ўз устида ишлаш унинг доимий одатига айланди. Дарсни шунчаки ўтмайди, балки, ҳар бир машғулотга ўзига хос ноанъанавий усул ва ил­ғор педагогик технологиялар асосида ёндошади. Ўқувчилар билан шундай мулоқотга киришадики, натижада ўқувчиларнинг фаоллиги ортади.

Бу изланишлар унга муваффақият эшикларини очмоқда. Айниқса, 2015-2016 ўқув йили ютуқларга бой бўлди. Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишонига сазовор бўлди. Бундан ташқари хотин-қизлар кўмитасининг "Энг намунали бошланғич ташкилот" кўрик-танлови республика босқичида 1-даражали диплом билан тақдирланди.

- Танловда иштирок этиб шуни англадимки, ўқитувчи ҳамиша катта тайёргарлик ва билимга эга бўлиши керак экан.-Деди Гавҳарой Ўрозова.- Танлов бир-биридан масъулиятли жараёнларни қамраб олган эди. Шартларни бажарар эканман, янада тобландим, қайта-қайта ўқиб, фурсатни бой бермай тинимсиз изландим. Энг муҳими, ҳамкасбларим, мактаб жамоаси, туман, вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси раҳбариятининг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашини ҳис этиб турдим ва бу эътибор менга ишонч, куч бағишлади.

Гавҳаройнинг ўқувчилари эришаётган ютуқлар ҳам эътирофга сазовор. "Иқтидорли ўқувчилар", "Солиқ билими болаларга", "Ҳаракатли кўргазмали қуроллар", "Онам алла айт­ганда", " Ораста қизлар" кўрик-танловларида туман вилоят босқичларида фахрли 1-2 ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Дарс самарадорлигини ошириш орқали ўқувчиларнинг билимини ошириш устида илмий, услубий изланишлар олиб бормоқда.           "Одобнома" фанидан "Ватан меҳри", мавзусидаги дарс ишланмаси "Зиёнет" порталига жойлаштирилган. Мустақиллик дарси учун "Энг улуғ, энг азиз айём" мавзусида ёзган методик тавсияси ҳам порталдан жой олди.        Бундан ташқари "Оила ва жамият", "Наманган ҳақиқати", "Мураббий", "Ёрқин ҳаёт" газеталарида фикр-мушоҳадага чорловчи мақолалари мунтазам ёритилмоқда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси "Ёшлар" телерадиоканалининг "Давр", Наманган вилоят теларадиокомпаниясининг "Диёр янгиликлари" ахборот дастури ва мавзули кўрсатувларида унинг таълим самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, соҳадаги ислоҳот ва ўзгаришлар самараси ҳақидаги фикрлари эфирга узатилган.

Мактабда "Бувижонлар мактаби" клуби ва "Ораста қизлар" тўгарагини ташкил этишда жонбозлик кўрсатиб, қизларга бувижонлар ўгитларини етказмоқда. У устоз-шогирд анъанасини давом эттириб, ёш ўқитувчиларга очиқ дарслар ташкил этиб, уларга иш тажрибасини ўргатмоқда.

Кўп йиллик самарали меҳнати туфайли жамоада устоз, маҳаллада фаол, тизимда таълим фидоийси сифатида ҳурмат қозонган, ёшларнинг жонкуяр устозига айланган Гавҳарой Ўрозованинг бундан кейинги фаолиятида ҳам улкан ютуқлар ҳамиша ёр бўлсин.

Мўътабар ЭРЙИГИТОВА,

Учқўрғон туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлим услубчиси

Мавзуга оид

  1. ЗИЁКОР АЁЛ

    Китобга ошнолик Муножот Қодированинг бир умрлик севимли машғулоти, ҳаёт мазмуни бўлиб келмоқда.

    2017-01-31 11:33:59750