ҲАМ МАРОҚЛИ, ҲАМ МАЗМУНЛИ ёзги ҳордиқ палласи ўқувчилар учун ана шундай ўтади


Айни кунларда аксарият оромгоҳларда болаларнинг яйраб дам олишлари ва саломатликларини тиклаш учун керакли шарт-шароитлар яратилди, жиҳозлар билан таъминланди. Вилоят халқ таълими бош­қармаси, туманлар(шаҳар) ҳокимликлари ва вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан амалга оширилган таъмирлаш-бутлаш юмушлари якунланиб, 8 та стационар оромгоҳ ўқувчиларни ўз бағрига олиш учун шай ҳолатга келтирилган. Стационар оромгоҳлардан ташқари 95 та таълим муассасасида ташкил этиладиган кундузги оромгоҳларда ҳам 11850 нафар ўқувчи соғломлаштирилади.

- Асосий эътибор ўқувчиларнинг ёзги дам олишларини намунали ташкил этиш, бўш вақтларини мазмунли ҳамда кўнгилли машғулотлар билан ўтказишларига кўмаклашишга қаратилмоқда,-дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайрулла Абдураҳмонов.- Халқ таълими тизимининг барча ҳудудий бўлимлари ва бевосита таълим муассасаларида "Ёз-2017" концепцияси бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.  Мавсум мобайнида 1 та интеллектуал ривожлантириш, 3 та ўлкашунослик, 2 та экологик-биологик, 2 та ўлкашунослик, 1 та техник-ижодиёт, 1 та ижтимоий мослашув ва 1 та бадиий ижодиёт оромгоҳлари фаолият юритади.

8 та стационар оромгоҳга 114 нафар тарбиячи-педагог ва 16 нафар тиббиёт, 8 нафар ички ишлар ва 8 нафар ФВБ ходими бириктирилган. Шунингдек, ҳар бир оромгоҳга давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари мавсумни хавф-хатарсиз ўтказиш учун жалб этилган.

Маълумки, мактаб ва коллежлар қошида ташкил этилаётган кундузги оромгоҳларнинг ўқувчиларнинг ёзги таътил кунларини мазмунли ўтказишларидаги ўрни беқиёс. Масъул педагоглар раҳбарлигида кундузги оромгоҳларда уюштириладиган турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтишига ҳамда янги билим ва тушунчаларни ўзлаштиришларига ёрдамлашади. Ёш авлод камолида муҳим аҳамият касб этадиган ана шу омилдан Поп туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчилари ҳар йили самарали фойдаланадилар.

- Ўқувчиларнинг таътил кунларини мазмунли ташкиллашда ёрдамлашиш, бўш вақтларини кўнгилли ўтказишлари учун   амалга ошириладиган барча чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва айни кунларда шу асосда кундузги оромгоҳ фаолияти ташкил этилмоқда, -дейди мактаб директори Феруза Бобохўжаева.- Ҳудудимиздаги 7, 8, 32- ва 36-мактабларнинг ҳар биридан 50 нафардан ўқувчи жалб этилган. Болаларнинг мароқли ҳордиқ олишлари, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, тиббий хизмат кўрсатиш ва саломатликларини назорат қилиб боришга жиддий эътибор беряпмиз. Спорт залидаги шароит, мактаб қошидаги АРМ имкониятлари ўқувчиларга жуда манзур бўлмоқда. 1 июндан то 10 июнгача давом этадиган кундузги оромгоҳ фаолияти ўқувчиларга энг унутилмас кунларни бахш этиши учун ҳаракат қиляпмиз.

Ёзги ҳордиқни кундузги оромгоҳларда ўтказишга аҳд қилган ўқувчилар иштирокида ташкил этилаётган таниқли ижодкорлар ва санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли танловлар ва беллашувлар  ҳам уларда унутилмас таассурот қолдирмоқда.

- Мен уч йилдан буён таэквондо билан шуғулланаман, - дейди 2-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Феруза Мирзаҳмедова.- Таътил пайтида машқларим тўхтаб қолса-я, деган ҳадикда эдим. Аксинча, оромгоҳда шу тур бў­йича спорт тўгараги бор экан, маш­ғулотларни изчил давом эттиряпман. Бу ер баҳаво, сал­қин. Энг муҳими, қўшни мактаблардан келган тенгдошларим билан танишдим, янги дўстлар орттиряпман.

Чустнинг хушманзара Оғасарой қишлоғида жойлашган "Баркамол авлод" оромгоҳида ҳар йили 4 босқичда 160 нафардан зиёд ўғил-қиз ёзги дам олиш кунларини ўтказади. Эрта-индин болаларнинг қувноқ овозларига тўлиб кетадиган оромгоҳ ҳам ташкилотчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан сифатли таъмирланди ва безалди. Кўркам қиёфали 5 та ётоқхона, ошхона, тиббий хизмат ва маънавият хоналари зарур мебель ва бошқа жиҳозлар билан тўлдирилди.

- Чустдан ташқари Поп ва Минг­булоқ туманларидан ҳам ўқувчиларни қабул қиламиз, - дея таъкидлайди оромгоҳ директори Мунира Абдуллаева. - Мавсум олдидан катта ҳажмдаги тайёргарлик ишлари бажарилди. Электр, ичимлик суви етказиб бериш узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўрилди. Заҳира мақсадида дизель ёнилғисида ишлайдиган генератор ўрнатилди.

Ўқувчиларнинг ёзги дам олишларини мароқли ўтиши учун бошланган тараддуд барча оромгоҳларда  якунланди. Энди улар таътилнинг энг қувноқ ва завқли кунларини оромгоҳлар қўйнида ўтказишни кўнгилга туккан болажонларни кутишмоқда. Дам олиш масканлари 5 июндан бошлаб уларни бағрига чорлай бошлайди

Ғанишер АКБАРОВ

Мавзуга оид

  1. ҲАМ КЎРКАМ, ҲАМ ҚУЛАЙ

    Тўрақўрғон туманидаги ВХТБга қарашли 44-Давлат махсус таълим муассасасида ўтган ўқув йилидан бошлаб катта ҳажмдаги бунёдкорлик юмушлари олиб борилмоқда. Инвестиция дастурига биноан давлат бюджетидан ажратилган 3,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига бу ерда босқичма-босқич мукаммал қайта қуриш ишлари бажарилиши режалаштирилган.

     
    2017-03-03 11:05:06665
  1. Шавкат Мирзиёев: Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

    2017-02-10 08:55:55762
  1. СОҒЛОМ ҲАЁТ УЧУН

    Ўқувчилар гиёҳвандликнинг оғир оқибатларини акс эттирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар.Бундан таш­қари мактабимизда 6-7-8-синф ўқувчилари ўртасида "Биз гиёҳвандликка қаршимиз"мавзусида иншолар ва расмлар танлови ўтказилиб, энг яхши ижодий ишлар соҳиблари мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилди.

    2018-03-12 07:22:12678
  1. ОЛТИН ЁЗ - ЎТАДИ СОЗ

    Косонсой тумани вилоятимизнинг сўлим ва баҳаво гўшаларидан бири. Унинг табиати ва шарқироқ сойлари дилларга қувонч, танга роҳат бахш этади.

    2017-07-07 09:39:31751
  1. ТАЪТИЛ МАРОҚЛИ ЎТДИ

    Наманган туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби энг йирик тъаълим муассасаларидан. Илм даргоҳида 1343 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади.

    2017-01-31 11:14:23663