АЛ-БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ХАЛҚАРО МАКТАБ ОЧИЛДИ


"Наманган Ёшлар маркази"да Ал-Беруний номидаги халқаро қизлар мактаби тақдимотига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси, Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги, халқ таълими соҳалари мутасаддилари, устоз-муаллимлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тақдимот жараёнида Ал-Беруний мактабида таълимни ташкил этиш жараёнлари, хорижий тажриба ва амалиёт билан боғлиқ жиҳатлар, халқаро ҳамкорлик, хусусан, нуфузли халқаро ташкилотлар билан биргаликда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар самараси ҳақида онлайн тақдимот, слайд, маъруза ва чиқишлар шаклида батафсил маълумот берилди.

Пойтахтдан кейин Наманганда ташкил этилаётган Ал-Беруний номидаги халқаро қизлар мактабида дарсларни хорижий давлатларда таълим олган, малака ва тажриба ўрганган салоҳиятли ўқитувчилар олиб борадилар. Қизлар замонавий фанларни мукаммал эгаллаши учун жаҳоннинг ривожланган давлатларидаги каби қулайликлар яратилган.

Бундан ташқари, китобхонлик маърифат даргоҳи фаолиятида муҳим ўринга эга бўлиб, бебаҳо хазина бўлган китоб ҳар бир ўқувчининг ёнида юрадиган доимий дўстига айланади. Дарсдан ташқари машғулотларда хореография, санъат, маданият, нотиқлик маҳорати каби ўнлаб йўналишларнинг қамраб олингани эса ёшларнинг илму иқтидорини юзага чиқаришга қанот бағишлайди.

Ал-Беруний номидаги халқаро қизлар мактабига жорий ўқув йилида 1-синфдан 11-синфгача жами 220 нафар қизларни қабул қилиш кўзда тутилган бўлиб, айни пайтда қабул жараёнлари қизғин давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид

  1. «ХАЙР МАКТАБ, САЛОМ КОЛЛЕЖ!»

    Наманган вилоят ХТБ тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг 9-синфларини  2016-2017 ўқув йилида  38917 нафар ўқувчи, жумладан, 19954 нафар ўғил, 18963 нафар қиз битириб, таълимнинг кейинги босқичига йўл олмоқда.

    2017-05-31 17:06:04872